Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг
Қарори
Ижро йиғимини қайтариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 29 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2952]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги ПФ-5059-сон «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Бош прокуратураси қарор қилади:
1. Ижро йиғимини қайтариш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Адлия вазирлигининг 2010 йил 7 сентябрдаги 75, 14-сон «Ижро йиғимини қайтариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2142, 2010 йил 21 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлар тўплами, 2010 й., 38-сон, 336-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга қиради.
Молия вазири Б. ХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 23 ноябрь,
168-сон
Бош прокурор И. АБДУЛЛАЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 23 ноябрь,
36-сон
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Бош прокуратурасининг 2017 йил 23 ноябрдаги 168, 36-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ижро йиғимини қайтариш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги ПФ-5059-сон «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ давлат ижрочилари томонидан ижро ҳужжати бўйича ундирилган ижро йиғимини қонунчиликда белгиланган ҳолатларда қайтариш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат ижрочиси томонидан ундирилган ижро йиғимини қайтаришда қўлланилади.
2. Ижро йиғимининг қайтарилиши лозим бўлган суммасига фоизлар ҳисобланмайди.
2-боб. Ижро йиғимини қайтариш
3. Ижро йиғимини қайтаришга мажбурий ижро ҳаракатини амалга оширган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси марказий аппаратининг ёки тегишли ҳудудий бўлинмасининг (кейинги ўринларда Бюро деб аталади) ижро йиғимини қайтариш тўғрисидаги қарори асос бўлиб ҳисобланади.
4. Ижро йиғимини қайтариш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилади:
а) ижро йиғимини қайтаришга қуйидаги асослар:
қарздорнинг аризасига асосан, асос сифатида ижро ҳужжати берилган суд қарори ёки бошқа орган қарорининг ёхуд қонун бўйича ижро ҳужжати ҳисобланадиган бошқа ҳужжатнинг бекор қилиниши;
қарздор ёки ундирувчининг аризасига асосан, асос сифатида ижро ҳужжати берилган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатларининг ўзгартирилиши, агар ушбу ўзгартириш натижасида тўланган ижро йиғими миқдорини қайтадан кўриб чиқиш лозим бўлса;
қарздор ёки ижро йиғими ундирилган бошқа шахснинг аризасига ёхуд суд ижрочисининг ташаббусига асосан, ижро йиғими миқдорини нотўғри ёки ортиқча ўтказилганлиги;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Кейинги таҳрирга қаранг.
б) Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси (бундан кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ва Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан қопланадиган улушини алоҳида кўрсатган ҳолда, қайтарилиши лозим бўлган жами маблағлар суммаси;
в) ижро йиғимини тўлаган ва ушбу кўрсатилган маблағлар қайтарилаётган шахснинг банк реквизитлари.
Ижро йиғимини қайтариш ҳақидаги ариза ушбу бандда кўрсатилган ҳолатлар юзага келганидан кейин уч йилдан кечиктирмасдан берилади.
5. Ундирилган ижро йиғими суммаларини Ўзбекистон Республикасининг тегишли тижорат банкида очилган махсус транзит ҳисоб рақамига ва мазкур ҳисоб рақамдан Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети даромадига ва Жамғармага ўтказилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар нусхаларини илова қилган ҳолда, ижро йиғимини қайтариш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб икки кун муддатдан кечиктирилмаган ҳолда ижро йиғимини тўлаган шахсга қайтариш учун Жамғармага юборилади.
6. Ижро йиғимининг қайтарилиши Жамғарма томонидан ижро йиғимини қайтариш тўғрисидаги қарор олинган кундан бошлаб беш банк иш куни мобайнида Жамғарма маблағлари ҳисобидан, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан қайтарилиши лозим бўлган ижро йиғими улушини Жамғармага қоплаб берилиши билан амалга оширилади.
Ижро йиғимининг Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан қайтарилиши лозим бўлган тегишли улушини Жамғарманинг ҳисоб рақамига қоплаб бериш учун, Жамғарма жами қайтарилиши лозим бўлган ижро йиғими суммасини қайтаргандан сўнг мажбурий ижро ҳаракатларини амалга оширган Бюронинг ҳудудий бўлинмалари жойлашган жойдаги тегишли туман (шаҳар) давлат солиқ хизмати органига (бундан кейинги ўринларда давлат солиқ хизмати органи деб юритилади) ижро йиғимини қайтариш тўғрисидаги қарор нусхасига Жамғарманинг банк реквизитлари тўғрисидаги маълумотларни ва қуйидагиларни:
Ўзбекистон Республикасининг тегишли тижорат банкида очилган махсус транзит ҳисоб рақамига ундирилган ва мазкур ҳисоб рақамдан Ўзбекистон Республикаси республика бюджети даромадига ижро йиғими ўтказилганлиги;
ижро йиғимини тўлаган шахсга ундирилган маблағнинг қайтарилганлиги фактини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларнинг нусхаларини илова қилган ҳолда юборади.
7. Давлат солиқ хизмати органи Жамғармадан ижро йиғимини қайтариш тўғрисидаги қарор нусхасини иловалари билан олган кундан бошлаб беш банк иш куни мобайнида тегишли молия органига ундирилган ижро йиғимининг тегишли улуши Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига келиб тушганлигини тасдиқловчи хулосани, келиб тушиши, ҳақиқатда келиб тушган ва қайтарилиши лозим бўлган маблағларни кўрсатган ҳолда ва Жамғармадан олинган ҳужжатларнинг нусхаларини илова қилган ҳолда юборади, бунда хулосанинг нусхаси Жамғармага юборилади. Агарда ундирилган ижро йиғимининг тегишли улуши Ўзбекистон Республикаси республика бюджети даромадига ҳақиқатда келиб тушганлиги тасдиқланмаган ҳолатда, давлат солиқ хизмати органининг тегишли хулосаси Жамғармага юборилади.
8. Тегишли молия органи давлат солиқ хизмати органининг ундирилган ижро йиғими улушининг Ўзбекистон Республикаси республика бюджети даромадига ҳақиқатда тушганлигини тасдиқловчи хулосасига асосан, хулоса олингандан сўнг икки банк иш кунидан кечикмаган ҳолда ўрнатилган тартибда тегишли маблағларни Жамғарманинг ҳисоб рақамига қоплаб беради.
Маблағларни қоплаб бериш, Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ва маҳаллий бюджетларга ажратмалар амалга оширилгунга қадар даромадларнинг тегишли турлари бўйича тегишли шартли ҳисоб рақамлар (ШҲР) билан 23402-сон баланс ҳисобварағидан бюджетга жорий ҳар кунлик тушумлар ҳисобидан амалга оширилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
9. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ
2017 йил 23 ноябрь
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.11.2017 й., 10/17/2952/0336-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)