Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 июлдаги 497-сонли «Фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 февралдаги ПФ-4944-сон Фармонини бажариш юзасидан, шунингдек жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтиришда фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси ролини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 7 октябрь,
805-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 октябрдаги 805-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 8-бандга қуйидаги мазмундаги олтинчи ва еттинчи хатбошилар қўшилсин:
«муқаддам судланган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштиришда кўмаклашиш;
жисмоний шахсларнинг ҳуқуқбузарликдан жабрланувчига айланиши хавфини камайтиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш».
2. 19-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«19. Ўз вазифасини бажармаган, фаолияти салбий баҳоланган, қонунга зид хатти-ҳаракатлар қилган шахсларни Жамоатчилик тузилмаси аъзолари сафидан чиқариш фуқаролар йиғини раиси ҳамда ҳудудий ички ишлар органининг профилактика инспектори тавсиясига асосан фуқаролар йиғини кенгашининг қарори билан амалга оширилади».
3. 21-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«21. Жамоатчилик тузилмаси раҳбари лавозимига фуқаролар йиғини раиси ва ҳудудий ички ишлар органининг профилактика инспектори тавсияномаси асосида 3 нафардан кам бўлмаган номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгаши ва ҳудудий ички ишлар органи раҳбари билан келишиш учун тақдим этилади. Келишилган номзодлар орасидан фуқаролар йиғини кенгаши томонидан Жамоатчилик тузилмаси раҳбари танланади ва кенгаш қарорига асосан лавозимга тайинланади».
4. Низом қуйидаги мазмундаги VII1 боб билан тўлдирилсин:
«VII1. Жамоатчилик тузилмаси раҳбарларини ички ишлар органлари кадрлар захирасига киритиш
321. Жамоатчилик тузилмаси раҳбари фуқаролар йиғини раиси ва ҳудудий ички ишлар органининг профилактика инспектори тавсияномасига асосан ички ишлар органлари томонидан кадрлар захирасига киритилади.
322. Ички ишлар органлари кадрлар захирасига:
Жамоатчилик тузилмаси сафида камида бир йил мобайнида раҳбарлик қилган;
30 ёшдан ошмаган;
соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ички ишлар органи ходимининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ёхуд олий таълим муассасаларида ҳарбий тайёргарликни ўтаган Жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари лавозимида фаолият олиб бораётган шахслар киритилади».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.10.2017 й., 09/17/805/0073)