Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт Давлат қўмитасининг
Қарори
Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш, уларни спорт турлари реестрига киритиш ҳамда ушбу реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 мартдаги 148-сон «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш, уларни спорт турлари реестрига киритиш ҳамда ушбу реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Р. КУРБАНОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 7 август,
5-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг 2017 йил 7 августдаги 5-мҳ-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш, уларни спорт турлари реестрига киритиш ҳамда ушбу реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 369-сон «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳакида»ги қарорига мувофиқ спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш, уларни спорт турлари реестрига киритиш ҳамда ушбу реестрни юритиш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирининг 2018 йил 29 ноябрдаги 27-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2923-1, 18.12.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.12.2018 й., 10/18/2923-1/2342-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
спорт тури — жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолият тури бўлиб, у инсоннинг спорт мусобақаларига ўзига хос тарзда тайёргарлик кўриши билан ажралиб туради, спорт мусобақаларини ўтказиш ва уларда иштирок этишга доир талаблар, тартиб ва шартлар белгиланадиган қоидаларга, низомга (регламентга) эга бўлади;
спорт турининг тармоғи (дисциплинаси) — фарқловчи белгиларга эга бўлган ҳамда битта ёки бир нечта спорт мусобақалари дастурлари турларини ўз ичига оладиган спорт турининг қисми.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш, уларни спорт турлари реестрига киритиш ҳамда ушбу реестрни юритиш Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирининг 2018 йил 29 ноябрдаги 27-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2923-1, 18.12.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.12.2018 й., 10/18/2923-1/2342-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Спорт тури ёки спорт турининг тармоғини эътироф этиш учун у спорт турига мос белгига, аниқ мусобақа қоидаларига, машғулот ўтказишнинг ўзига хос хусусиятларига, фойдаланиладиган спорт анжомлари ва ускуналарига эга бўлиши, спортчиларнинг қатнашиши, одамнинг жисмоний ва ақлий ривожланиш қобилияти ҳамда ҳаракат фаоллигини такомиллаштиришга, шунингдек соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилиши лозим.
2-боб. Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш
4. Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш республика спорт федерациялари (уюшмалари), жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари тақдимномалари асосида ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
5. Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш учун ваколатли органга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
а) спорт тури ёки спорт тури тармоғининг аниқ номи кўрсатилган тақдимнома;
б) спорт тури ёки спорт турининг тармоғи бўйича мусобақа ўтказишнинг ягона қоидалари;
в) спорт федерациясининг (уюшмасининг) ёки жисмоний тарбия-спорт ташкилоти раҳбарларининг рўйхати (Ф.И.О. ва лавозими кўрсатилган ҳолда);
г) Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида спорт тури ёки спорт турининг тармоғи ривожланаётганлиги тўғрисида спорт федерацияси (уюшмаси) ёки жисмоний тарбия-спорт ташкилоти томонидан тасдиқланган маълумотнома.
6. Спорт турлари ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш ушбу спорт тури ёки унинг тармоғи маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар) камида тўрттасида ривожланган бўлиши керак, қишки, ўқ отиш ва гольф спорт турлари бундан мустасно.
7. Спорт турлари ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш тўғрисидаги тақдимнома ваколатли органнинг навбатдаги ҳайъат йиғилишида муҳокама қилинади. Ҳайъат йиғилишида спорт турлари ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш ёки эътироф этишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Қабул қилинган қарордан кўчирма ҳайъат йиғилишидан сўнг уч кун ичида спорт федерацияси (уюшмаси) ёки жисмоний тарбия-спорт ташкилотига юборилади.
8. Спорт турлари ва спорт турининг тармоқлари мазкур Низомнинг 3 ва 6-бандларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган ёки мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, эътироф этилмайди. Спорт федерацияси (уюшмаси) ёки жисмоний тарбия-спорт ташкилоти ҳайъат қарорида кўрсатилган камчиликларни бартараф этган ҳолда такроран мурожаат қилишга ҳақли.
Ваколатли орган томонидан эътироф этилган спорт турлари ва спорт турининг тармоқлари спорт турларининг реестрига киритилади.
3-боб. Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини Спорт турларининг реестрига киритиш
9. Спорт турларининг реестри (бундан буён матнда Реестр деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шуғулланиладиган ва ваколатли орган томонидан эътироф этилган спорт турларининг тизимлаштирилган рўйхатидан иборат.
Реестр Ўзбекистон Республикасида ривожланаётган спорт турлари ва спорт турининг тармоқлари бўйича ягона базани яратиш мақсадида тузилади.
10. Реестрга киритилган спорт турига ўнта белгидан иборат тартиб рақами (код) берилади. Ҳар бир сон қуйидагиларни аниқлайди:
а) биринчи, иккинчи ва учинчи сонлар — спорт турининг базали тартиб рақами 001 дан 999 гача;
б) тўртинчи ва бешинчи сонлар — спорт тури тармоқларининг базали тартиб рақами 01 дан 99 гача, спорт тури тармоқлар бўлмаса — 00;
в) олтинчи сон — спорт билан шуғулланиш мавсумини ҳамда ўйинли ва ўйинли эмас спорт турини аниқлайди:
0 — мавсумли эмас, ўйинли эмас;
1 — ёзги, ўйинли эмас;
2 — қишки, ўйинли эмас;
3 — мавсумли эмас, ўйинли;
4 — ёзги, ўйинли;
5 — қишки, ўйинли;
г) еттинчи сон — спорт турининг ривожланиш даражасини аниқлайди:
1 — миллий спорт турлари;
2 — фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ривожланган;
3 — халқаро спорт ташкилоти мавжуд бўлган спорт тури;
4 — халқаро спорт ташкилоти мавжуд бўлган спорт тури ва у Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олинган;
5 — халқаро спорт ташкилоти мавжуд бўлган спорт тури ва у Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олинган ҳамда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган;
д) саккизинчи сон — спорт турининг идоравий мансублигини билдиради:
0 — ҳеч қандай ташкилотга мансуб эмас;
1 — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига;
2 — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига;
3 — Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгашига;
Олдинги таҳрирга қаранг.
4 — Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига.
(10-банднинг «д» кичик банди олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирининг 2018 йил 29 ноябрдаги 27-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2923-1, 18.12.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.12.2018 й., 10/18/2923-1/2342-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
е) тўққизинчи сон — махсус белги:
0 — спорт тури билан шуғулланиш чекланмаган;
9 — фақат махсус давлат тизимларида ривожлантириш мумкин;
ж) ўнинчи сон — спорт тури билан шуғулланувчиларнинг жинсини билдиради:
1 — эркаклар ва аёллар;
2 — эркаклар;
3 — аёллар.
11. Реестрга киритилган спорт тури ва спорт турининг тармоқлари бўйича қуйидагиларга рухсат этилади:
олий ва ўрта махсус таълим муассасалари мутахассисларини тайёрлаш;
спорт мактаблари ва уларнинг бўлимларини очиш;
турли ҳудудий, республика ва халқаро мусобақаларни ўтказиш;
тренерларга, спорт ҳакамларига тоифа, спортчиларга унвон ва разрядлар бериш;
Ўзбекистон Республикаси номидан турли халқаро мусобақаларда иштирок этиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа мақсадларда фаолият олиб бориш.
(11-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
12. Реестрга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шу жумладан спорт турини ёки спорт турининг тармоғини Реестрдан чиқариш республика спорт федерациялари (уюшмалари), жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари тақдимномалари асосида ваколатли органнинг ҳайъат қарори билан амалга оширилади.
4-боб. Реестрни юритиш
13. Реестр ваколатли орган томонидан мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклда электрон ҳужжат кўринишида юритилади.
Спорт турлари ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш, Реестрга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шу жумладан спорт турини ёки спорт турининг тармоғини Реестрдан чиқариш тўғрисида ваколатли органнинг ҳайъат қарори қабул қилингандан кейин уч кун ичида ваколатли органнинг тегишли масалани ҳайъат муҳокамасига тақдим этган бошқармаси бу ҳақда реестрга тегишли ёзув киритади.
14. Реестрнинг нусхаси ваколатли органнинг Интернетдаги расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва унга киритилган ёзувлар асосида мунтазам янгилаб борилади.
5-боб. Якуний қоидалар
15. Мазкур Низом кучга киргунга қадар Ўзбекистон Республикаси спорт турлари бўйича давлат реестрига киритилган спорт турлари ва спортнинг таркибий қисмлари такроран эътироф этилиши ва Реестрга киритилиши талаб этилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
17. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгаши билан келишилган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири И. МАДЖИДОВ
2017 йил 7 август
Мудофаа вазири Қ. БЕРДИЕВ
2017 йил 7 август
Ички ишлар вазири А. АЗИЗОВ
2017 йил 7 август
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Қ. РАФИКОВ
2017 йил 7 август
Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгаши раиси Р. НИЯЗОВ
2017 йил 7 август
Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш, уларни спорт турлари реестрига киритиш ҳамда ушбу реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Спорт турларининг
РЕЕСТРИ
|
Спорт турлари ва спорт турининг тармоқлари номи |
Спорт турлари ва спорт турининг тармоқлари тартиб рақами (коди) | |
|
1 |
2 |
3 |
|
|
||
|
|
||
|
|
||
|
|
Кейинги таҳрирга қаранг.