Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИНИНГ «КАМОЛОТ» ИЖТИМОИЙ ҲАРАКАТИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШГА КЎМАКЛАШИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистонда ёшлар ҳаракатини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракати Маслаҳат кенгашининг:
Ҳаракатга зарур ёрдам кўрсатиш ва унинг самарали ишлаши учун шарт-шароитлар яратиш;
Ҳаракатнинг дастурий мақсадлари ва уставда кўрсатилган вазифалари доирасида амалга ошириладиган ҳаракатнинг фаолиятини маблағ билан таъминлаш учун Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор тузилмалар билан келишилган Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низом киритилсин.
2. Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ва Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатасининг ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисида тегишли шартномалар тузиш асосида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш вазифалари ёшлар ижтимоий ҳаракатига ва унинг жойлардаги бўлимларига ихтиёрий юклатилиши тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисида тузиладиган шартномалар асосида ягона солиқ ҳисобланган миқдорининг 10 фоизи кичик бизнес корхоналари (савдо корхоналаридан ташқари) томонидан Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармасига ўтказилиши тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ягона солиқ ҳисобланган миқдорининг 10 фоизини Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ маъқуллансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилансинки:
Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракати дастурий вазифаларини амалга ошириш учун ҳомийлик бадаллари тарзида унга ўтказиладиган маблағлар даромад (фойда) солиғини ҳисоблашда солиқ солинадиган базадан чиқариб ташланади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги шартномалар асосида кичик бизнес корхоналари (савдо корхоналаридан ташқари) томонидан ягона солиқ ҳисобланган миқдорининг 10 фоизини ҳаракатни ривожлантириш жамғармасига ўтказиш бюджетга мажбурий тўловларга тенглаштирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ёшларининг «Камолот» жамғармасини қўллаб-қувватлаш тўғрисида» 1996 йил 31 майдаги 207-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М. Султонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 30 май,
240-сон
Ягона солиқ ҳисобланган миқдорининг 10 фоизини Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармасига ўтказиш тартиби тўғрисида
Кейинги таҳрирга қаранг.
низом
1. Ушбу Низом кичик бизнес корхоналари (савдо корхоналаридан ташқари) томонидан ягона солиқ ҳисобланган миқдорининг 10 фоизини ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги шартномаларга мувофиқ Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади)га ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ягона солиқ тўловчиси ҳисобланадиган ва Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси маҳаллий бўлимлари билан ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисида шартномалар тузган кичик бизнес корхоналари (савдо корхоналаридан ташқари) ягона солиқ ҳисобланган миқдорининг 10 фоизини Жамғармага ўтказадилар.
Кичик бизнес корхоналари (савдо корхоналаридан ташқари) томонидан ягона солиқ ҳисобланган миқдорининг 10 фоизини ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги шартномалар асосида Жамғармага ўтказиш давлат бюджетига мажбурий тўловларга тенглаштирилади.
3. Кичик бизнес корхоналари маблағларни Жамғармага ягона солиқни тўлаш учун белгиланган тартибда ва муддатларда ўтказадилар. Жамғармага ўтказилиши керак бўлган 10 фоиз миқдоридаги маблағлар солиқ органларига тақдим этиладиган ягона солиқ бўйича ҳисоб-китобларда алоҳида сатрда акс эттирилади.
4. Ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисида шартномалар тузишган кичик бизнес корхоналари ягона солиқни тўлаётганда иккита тўлов топшириқномасини расмийлаштирадилар:
бюджетга — ягона солиқ ҳисобланган миқдорининг 90 фоизи миқдорида;
Жамғармага — ягона солиқ ҳисобланган миқдорининг 10 фоизи миқдорида.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Кичик бизнес корхоналари топшириқномаларига биноан маблағларнинг ҳам бюджетга, ҳам Жамғармага ўз вақтида ўтказилиши учун тижорат банклари муассасалари раҳбарлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
6. Кичик бизнес корхоналари томонидан ягона солиқ ҳисобланган миқдорининг 10 фоизини ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги шартномалар асосида ажратиш бухгалтерия ҳисобида қуйидаги қайднома билан акс эттирилади:
«Бюджет билан ҳисоб-китоблар» 68-ҳисоб рақами дебети;
«Бюджетдан ташқари жамғармалар билан ҳисоб-китоблар» 67-ҳисоб рақами кредити.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Маблағларни Жамғармага ўтказишда қуйидаги бухгалтерия қайдномаси тузилади:
«Бюджетдан ташқари жамғармалар билан ҳисоб-китоблар» 67-ҳисоб рақами дебети;
«ҳисоб-китоб рақами» 51-ҳисоб рақами кредити.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Кичик бизнес корхоналари ягона солиқ миқдоридан маблағлар ўтказишни амалга оширганда ўзлари ҳисобда турган жойдаги солиқ органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
«Камолот» ҳаракати ижро этувчи органи билан ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги шартнома нусхаси;
ҳисобот даврида ҳисобланган ва тўланган ягона солиқ миқдори ҳисоб-китоби.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Кичик бизнес корхоналаридан маблағларнинг бюджетга ва Жамғармага тўғри ва ўз вақтида тушиши устидан назоратни таъминлаш мақсадида солиқ органлари ҳамда «Камолот» ҳаракатининг тегишли бўлимлари бюджетга ва Жамғармага ўтказилиши керак бўлган ва амалда ўтказилган маблағларни бир йилда икки марта — 1 январдаги ва 1 июлдаги ҳолати бўйича солиштирадилар.
10. Ягона солиқнинг ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги шартномалар асосида Жамғармага тегишли бўлган қисмини ўтказиш муддатлари кичик бизнес субъектлари томонидан бузилган тақдирда улардан қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат бюджетига ўтказиладиган пеня ундирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 10-сон, 62-модда; 2004 й., 52-сон, 523-модда; 2005 й., 32-33-сон, 253-модда; 2007 й., 4-6-сон, 42-модда; 2009 й., 25-сон, 288-модда; 2012 й., 52-сон, 587-модда)