Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Қарори
«Ўзкарт» банклараро чакана тўлов тизими фаолияти тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 11 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2369-2]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 25 январдаги 2/6-сонли ««Ўзкарт» банклараро чакана тўлов тизими фаолияти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 2369-3, 05.02.2020 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Электрон тўловлар тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2012 йил 21 апрелдаги 12/2-сон қарори (рўйхат рақами 2369, 2012 йил 30 май) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 22-сон, 255-модда) билан тасдиқланган «Ўзкарт» банклараро чакана тўлов тизими фаолияти тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 24 июнь,
14/8-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2017 йил 24 июндаги 14/8-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Ўзкарт» банклараро чакана тўлов тизими фаолияти тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-бандда:
а) қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«эмиссия — БПКни чиқариш ва фойдаланишга тақдим этиш бўйича фаолият;»;
б) еттинчи — ўн олтинчи хатбошилар тегишлича саккизинчи — ўн еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
2. Қуйидаги мазмундаги 51-банд билан тўлдирилсин:
«51.Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банклараро чакана тўлов тизими инфратузилмасида «Ўзкарт» ва бошқа чакана тўлов тизимлари БПКларининг ўзаро хизмат кўрсатишини таъминлайди.
«Ўзкарт» тўлов тизими инфратузилмасида (терминалларда, банкоматларда, инфокиоскаларда ва бошқа махсус ускуналарда) бошқа тўлов тизимларининг БПКларига хизмат кўрсатилишининг рад этилиши тақиқланади.».
3. 29-банднинг тўртинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
4. 58-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзкарт» тўлов тизимида қайта ишланадиган конфиденциал турдаги маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 16 октябрдаги 295-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ахборотлаштириш объектларида конфиденциал маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш ва ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.».
5. Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон банклари ассоциацияси билан келишилган.
Банклар ассоциацияси Бош директори С. АБДУЛЛАЕВ
2017 йил 23 июнь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 28-сон, 668-модда)