Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида
Россия Федерацияси билан савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм ва экология, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотаётган бошқа йўналишларда ҳудудлараро икки томонлама манфаатдор ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликка кўмаклашиш тўғрисидаги 2017 йил 5 апрель куни Москва шаҳрида имзоланган Битим тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан мазкур халқаро шартнома кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилгани тўғрисида Россия томонига тегишли билдиришнома йўлласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилиши устидан назоратни таъминласинлар.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 7 июнь,
ПҚ-3045-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 23-сон, 461-модда)