Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 февралдаги 109-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 29 ноябрдаги ПФ-5264-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 30 ноябрдаги ПҚ-3416-сон қарори)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 17 февралдаги ПҚ-2789-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) Ижро этувчи дирекцияси ташкил этилсин.
3. Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси Ижро этувчи дирекциясининг тузилмаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Жамғарма Ижро этувчи дирекциясини сақлаб туриш Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметаси асосида Жамғарма маблағлари ҳисобига амалга оширилади;
Жамғарманинг Ижро этувчи директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
5. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академияси билан биргаликда:
илмий-техник лойиҳаларни режалаштириш, молиялаштириш ва харажатларни ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишлар давлат илмий-техник дастурлари доирасида грантлар бўйича амалга ошириладиган илмий-техник лойиҳаларнинг натижадорлигини баҳолаш методикасини ва индикаторларини уч ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришда Агентликни сақлаб туришга зарур маблағларни назарда тутсин;
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигига 3 та автотранспорт воситасига, шу жумладан 2 та бириктирилган ва 1 та хизмат автотранспорт воситасига лимит ажратсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Агентлик билан биргаликда Агентликни ва Жамғарманинг Ижро этувчи дирекциясини жойлаштириш юзасидан бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Агентлик манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг бош директори М.Р. Болтабоев зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва илм-фан масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 19 май,
302-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 майдаги 302-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссиясининг (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) фаолиятини ташкил этишни, вазифалари, функциялари ва ҳуқуқларини белгилайди.
2. Давлат комиссияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги коллегиал орган ҳисобланади.
3. Давлат комиссияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
4. Давлат комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
2-боб. Давлат комиссиясининг асосий вазифалари
5. Қуйидагилар Давлат комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
илмий-техник фаолият соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
давлат илмий-техника сиёсати ва инновацион сиёсатининг устувор йўналишларини ва ушбу соҳаларда давлат сиёсатини амалга оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни белгилаш;
фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг грант асосидаги давлат илмий-техника дастурларини тасдиқлаш;
бажарилаётган лойиҳалар ва уларни жорий этиш тадбирларининг амалга оширилиши юзасидан давлат органлари раҳбарлари ва мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш ва шахсий жавобгарлиги масалаларини кўриб чиқиш.
3-боб. Давлат комиссиясининг функциялари
6. Давлат комиссияси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) илмий-техник фаолият соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида:
мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишга йўналтирилган ягона давлат илмий-техника сиёсатини амалга оширади;
жамият ва давлатнинг тараққиётини таъминлайдиган илмий тадқиқотлар ва илғор технологияларнинг устувор ва истиқболли йўналишларини ривожлантириш стратегиясини белгилайди;
илмий-техник салоҳиятни оқилона жойлаштиришга ва ундан самарали фойдаланишга, давлатнинг иқтисодиёти ривожланишига фан ва технологиялар улушини кўпайтиришга йўналтирилган фанни янада ривожлантириш соҳасидаги давлат дастурлари амалга оширилишини таъминлайди;
фаннинг ютуқларидан кенг фойдаланиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни шакллантиради, мамлакат иқтисодиёти учун муҳим илмий-техник янгиликларни оммалаштириш ва жорий этишга кўмаклашади;
мамлакат ривожланишининг инновацион йўлини таъминлаш, маҳаллий илмий тадқиқотлар натижаларининг рақобатбардошлигини ошириш, улардан иқтисодиётни ривожлантириш манфаатлари йўлида фойдаланишни жадаллаштириш тадбирларини тасдиқлайди;
б) давлат илмий-техника ва инновацион сиёсатнинг устувор йўналишларини ва ушбу соҳаларда давлат сиёсатини амалга оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни белгилаш борасида:
Ўзбекистон Республикаси фани ва технологияларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини тасдиқлайди;
илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга оширишга давлат топшириқларини тасдиқлайди;
фан ва технологиялар ривожланишининг жаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда жадал ривожланиш соҳаларида илмий тадқиқотлар ва экспериментал ишланмаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширади;
фан соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда академик ва тармоқ фани ҳамда олий таълим муассасаларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида академик ва тармоқ фанининг олий таълим муассасалари билан интеграцияси ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш масалалари бўйича тадбирларни тасдиқлайди;
в) фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг грант асосидаги давлат илмий-техника дастурларини тасдиқлаш борасида;
фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг давлат илмий-техника дастурларини шакллантириш жараёнига раҳбарлик қилади;
фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг грант асосидаги давлат илмий-техника дастурларини, уларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштиришнинг тегишли ҳажмларини тасдиқлайди;
буюртмачилар — вазирликлар, идоралар, ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда молиялаштириладиган амалий ва инновацион тадқиқотларнинг мақсадли давлат илмий-техника дастурларини тасдиқлайди;
Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг прогноз параметрларини, Жамғармага маблағлар тушиши ва улардан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлайди, шунингдек, зарурат бўлганда, уларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;
г) бажарилаётган лойиҳалар ва уларни жорий этиш тадбирларининг амалга оширилиши юзасидан давлат органлари раҳбарлари ва мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш ва шахсий жавобгарлиги масалаларини кўриб чиқиш борасида:
давлат органлари раҳбарлари ва мансабдор шахсларининг, мақсадли давлат илмий-техника дастурлари раҳбарларининг тасдиқланган тадбирлар бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади;
зарурат бўлганда, тегишли давлат илмий-техника дастурларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;
давлат органларининг раҳбарлари, мансабдор шахсларининг, шунингдек етакчи олимларнинг фан, таълим, ишлаб чиқариш интеграцияси жараёнларини янада ривожлантириш ва ўзаро фойдали тармоқлараро илмий ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича тавсиялари ва таклифларини эшитади.
4-боб. Давлат комиссиясининг ҳуқуқлари
7. Давлат комиссияси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, идоравий мансуб илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларига эга бўлган бошқа вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;
Давлат комиссияси аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг Давлат комиссиясига юкланган вазифалар бажарилиши юзасидан шахсий ҳисоботларини эшитиш;
ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур материаллар ва ҳужжатларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
давлат илмий техника ва инновацион сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритиш;
илмий ва илмий-техник сиёсат масалаларини ўрганиш ва улар бўйича таклифларни ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳлар ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги, илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасаларининг давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни (патентларни) чет элда рўйхатдан ўтказиш масалалари бўйича ишини назорат қилиш;
етакчи электрон илмий маълумотлар базасидан республиканинг илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари эркин фойдаланишини таъминлаш учун уларнинг рўйхатини тасдиқлаш;
ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий тажриба орттиришга юбориш, шу жумладан илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун харид қилинадиган юқори технологик асбоб-ускуналарда ишлаш методикасини ўзлаштириш учун юбориш учун уларни танлов орқали танлаш тартибини белгилаш;
Давлат комиссияси томонидан қабул қилинадиган қарорлар изчил амалга оширилишини назорат қилиш.
5-боб. Давлат комиссияси ишини ташкил этиш
8. Давлат комиссиясига раис бошчилик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:
Давлат комиссиясининг самарали ишлашини таъминлаш;
юкланган вазифалар бажарилиши бўйича Давлат комиссияси аъзоларининг ишини мувофиқлаштириш;
Давлат комиссияси иши регламентини тасдиқлаш;
Давлат комиссияси мажлислари кун тартибини белгилаш ва уларни чақириш;
Давлат комиссияси томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилиши назорат қилинишини ташкил этиш.
Давлат комиссияси раиси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
9. Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги Давлат комиссиясининг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) ҳисобланади.
10. Ишчи орган:
Давлат комиссияси мажлисларига зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини ташкил этади;
Давлат комиссияси қарорлари бажарилишини назорат қилишни ва улар мониторинги олиб борилишини ташкил этади ва уларнинг натижаларини кўриб чиқиш учун Давлат комиссиясига тақдим этади;
Давлат комиссияси баённомаларини расмийлаштиради ва Давлат комиссияси аъзоларига тегишли қисми юзасидан тасдиқланган баённомаларни тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва бошқа ташкилотларга юборади;
ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборот ва материалларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан белгиланган тартибда олади;
Давлат комиссиясида иш юритилишини таъминлайди;
Давлат комиссиясининг қарорларига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.
11.Давлат комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади ва ўз мажлисларини заруриятга кўра, бироқ йил чорагида камида бир марта ўтказади.
Давлат комиссияси мажлисини раис, у бўлмаганда — Давлат комиссияси раисининг ўринбосари олиб боради.
12. Давлат комиссияси йиғилишларининг кун тартиби ишчи орган томонидан тузилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.
13. Давлат комиссияси навбатдаги йиғилишининг кун тартиби ва материаллари ишчи орган томонидан йиғилиш бошланишидан камида 3 календарь кун олдин бўлажак йиғилиш тўғрисидаги билдиришнома билан биргаликда Давлат комиссияси аъзоларига юборилади.
14. Давлат комиссиясининг қарорлари унинг аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда раиснинг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
15. Истисно ҳолларда қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида раис айрим масалалар бўйича Давлат комиссиясининг қарорларини сўров йўли билан тасдиқлашга ҳақлидир.
16. Давлат комиссиясининг қарорлари баённома билан расмийлаштирилади ва раис томонидан тасдиқланади. Давлат комиссияси аъзолари баённомани имзолашда ўзларининг алоҳида фикрини билдиришга ҳақлидир.
Давлат комиссияси баённомасининг асл нусхаси ва унга материаллар ишчи органда сақланади.
6-боб. Якунловчи қоида
17. Давлат комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг унинг фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилингунига қадар ўз фаолиятини амалга оширади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 майдаги 302-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 17 февралдаги ПҚ-2789-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.
2. Агентлик илмий-техник фаолият соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайдиган давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссиясига (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) ҳисобот беради.
3. Агентлик ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
4. Агентлик ўз фаолиятини бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади, шунингдек фан ва технологиялар соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотларда Ўзбекистон Республикасини ифодалайди.
5. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган думалоқ муҳрга, бошқа зарур муҳрлар ва штампларга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ғазна шахсий ҳисоб рақамларига эгадир.
6. Агентлик:
республиканинг илмий-тадқиқот, таълим ташкилотлари ва бошқа ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган давлат илмий-техник дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси;
Давлат комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.
2-боб. Агентликнинг асосий вазифалари ва функциялари
7. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
мамлакатни социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантириш вазифаларини ва замонавий илм-фан ютуқларини инобатга олган ҳолда фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш тадбирларини амалга ошириш;
давлат илмий-техника дастурларини шакллантириш, амалга ошириш ва улар ижросининг ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илмий-тадқиқот ишлари натижаларидан фойдаланишнинг тизимли мониторингини олиб бориш;
муҳим тармоқлараро илмий-техник дастурлар ижросини таъминлаш;
иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни бажариши бўйича илмий-техник хизматлар кўрсатишда давлат топшириқларини шакллантириш;
ҳар йилги Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси ўтказилишини ташкил этиш ҳамда унинг доирасида имзоланган шартномаларнинг бажарилиши бўйича мониторинг олиб бориш;
фан ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш, хорижий ҳамкорлар билан қўшма илмий лойиҳалар ва инновацион ишланмалар бажарилишини ташкил этиш;
олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш фаолиятини режалаштириш ва мувофиқлаштириш.
8. Агентлик юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) мамлакатни социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантириш вазифаларини ва замонавий илм-фан ютуқларини инобатга олган ҳолда фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш тадбирларини амалга ошириш борасида:
мамлакатни ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантириш вазифаларини ва замонавий фан ютуқларини ҳисобга олган ҳолда фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
жамият ва давлатнинг тараққиётини таъминлайдиган илмий тадқиқотлар ва илғор технологияларнинг устувор ва истиқболли йўналишларини ривожлантириш стратегиясини аниқлаш бўйича Давлат комиссиясига таклифлар киритади;
илмий тадқиқотлар ва илмий-инновацион фаолиятни молиялаштириш механизмлари самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
илмий-техник салоҳиятни оқилона жойлаштиришга ва ундан самарали фойдаланишга, фан ва технологияларнинг давлат иқтисодиётини ривожлантиришга улушини кўпайтиришга йўналтирилган фанни янада ривожлантириш соҳасида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган дастурлар амалга оширилишини таъминлайди;
илмий-техник, инновацион фаолият ва интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилишида қатнашади;
б) давлат илмий-техника дастурларини шакллантириш, амалга ошириш ва улар ижросининг ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илмий-тадқиқот ишлари натижаларидан фойдаланишнинг тизимли мониторингини олиб бориш борасида:
илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга оширишга Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган давлат топшириқлари асосида фундаментал амалий ва инновацион тадқиқотларнинг давлат илмий-техник дастурлари лойиҳаларини шакллантиради;
фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг давлат илмий-техник дастурлари доирасида илмий-техник лойиҳаларни амалга оширишга илмий-тадқиқот, таълим муассасалари ва республиканинг бошқа муассасалари билан шартномалар тузади;
давлат илмий-техника дастурлари амалга оширилишининг тизимли мониторингини олиб боради;
давлат илмий-техник дастурлари мониторинги натижаларини таҳлил қилиш асосида Давлат комиссиясига бўшаб қолган маблағларни энг натижали ва долзарб илмий-техник лойиҳаларга қайта йўналтирилган ҳолда самарасиз, долзарблигини йўқотган илмий-техник лойиҳаларнинг давлат илмий-техника дастурларидан чиқариш бўйича таклифлар киритади;
интеллектуал мулк объектлари ва илмий ишланмалар натижаларидан фойдаланиш ва уларни тижоратлаштириш механизмлари самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
в) муҳим тармоқлараро илмий-техник дастурлар ижросини таъминлаш борасида:
илмий-техник фаолият соҳасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради;
фан соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида академик ва тармоқ фанининг олий таълим муассасалари билан интеграцияси ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш масалалари бўйича тадбирларни амалга оширади;
технологиялар трансфери учун фан, таълим ва ишлаб чиқариш секторининг интеграциясига кўмаклашувчи комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;
г) иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни бажариши бўйича илмий-техник хизматлар кўрсатишда давлат топшириқларини шакллантириш борасида:
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотларнинг таклифлари асосида илмий-тадқиқот, конструкторлик-технологик ва инновацион ишланмаларга Давлат буюртмаси лойиҳасини шакллантиради;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотларнинг таклифларини таҳлил қилиш ва экспертизадан ўтказишни ташкил этиш учун идоралараро илмий-техник кенгашлар ташкил этади;
иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни бажариш юзасидан илмий-техник хизматлар кўрсатишга давлат топшириқларини тасдиқлаш бўйича Давлат комиссиясига асосланган таклифлар киритади;
д) ҳар йилги Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси ўтказилишини ташкил этиш ҳамда унинг доирасида имзоланган шартномаларнинг бажарилиши бўйича мониторинг олиб бориш борасида:
Фанлар академияси, идоравий мансуб олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот муассасаларига, илмий ва инновацион марказларга эга бўлган вазирликлар ва идораларнинг, алоҳида олимлар ва ихтирочиларнинг Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида иштирок этиш учун таклифларини танлайди;
Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида иштирок этиш учун тавсия этилган инновацион ишланмалар ва лойиҳаларнинг минтақавий ва тармоқ тақдимотларини ташкил этади;
ҳар йилги Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш тадбирларини амалга оширади;
давлат илмий-техник дастурлари натижаларини жорий этиш, шунингдек уларнинг трансфери ва тижоратлашуви тадбирларини амалга оширади;
Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркалари доирасида тузилган шартномалар бажарилишининг тизимли мониторингини олиб боради;
Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркалари доирасида тузилган шартномалар бажарилиши мониторинги якунлари тўғрисидаги ахборотни, шунингдек маҳаллий илмий ишланмалар натижаларининг рақобатбардошлигини ошириш ва улардан иқтисодиётни ривожлантириш манфаатлари йўлида фойдаланишни жадаллаштириш бўйича таклифларни Давлат комиссиясига киритади;
е) фан ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш, хорижий ҳамкорлар билан қўшма илмий лойиҳалар ва инновацион ишланмалар бажарилишини ташкил этиш борасида:
қўшма илмий тадқиқотлар олиб боришга хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш мақсадида хорижий мамлакатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий жамғармалар вакиллари билан музокаралар олиб боради;
хорижий ҳамкорлар билан қўшма илмий-техник лойиҳаларни ва инновацион ишларни бажариш учун халқаро илмий-техник ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича белгиланган тартибда шартномалар тузади;
ж) олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш фаолиятини режалаштириш ва мувофиқлаштириш борасида:
олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш бўйича республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради;
олий таълимдан кейинги таълим институтларига ўқишга қабул қилишнинг ҳар йилги режасини тузади ва тасдиқлайди;
олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш соҳасида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан мониторинг олиб боради ва тадбирларни амалга оширади.
3-боб. Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
9. Агентлик унга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, Давлат комиссияси қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан сўраш ва олиш;
илмий-техник лойиҳаларни ташкил этиш ва уларни экспертизадан ўтказиш учун фан ва технологияларни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари бўйича етакчи олимлардан ва Фанлар академияси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг юқори малакали мутахассисларидан иборат идоралараро илмий-техник кенгашлар, шунингдек эксперт гуруҳлари ташкил этиш;
хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг вакиллари билан музокаралар олиб бориш, халқаро илмий-техник ҳамкорлик масалалари бўйича белгиланган тартибда шартномалар тузиш;
ўз ваколатлари доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотлар учун мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиш.
Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Агентлик унга юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши учун жавоб беради.
4-боб. Агентлик фаолиятини ташкил этиш
11. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бош директор бошчилик қилади.
Бош директор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бир нафар биринчи ўринбосар ва ўринбосарга эга бўлади.
Бош директор моддий, маиший, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шартлари бўйича вазирнинг биринчи ўринбосарига, бош директорнинг ўринбосари эса — вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади.
12. Бош директор:
Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва Агентликка юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Агентликнинг штат жадвалини ва харажатлар сметасини тасдиқлайди, умумий белгиланган ходимлар доирасида Агентлик тузилмасига ўзгартиришлар киритади;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни, шунингдек Агентлик ходимларининг лавозим мажбуриятларини тасдиқлайди;
Агентлик ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;
ўз ваколатлари доирасида Агентликнинг ходимлари ижро этиши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради, кўрсатмалар беради.
Бош директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
13. Қуйидагилар Агентлик фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шакллантириладиган бюджетдан ташқари маблағлар, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5-боб. Якунловчи қоида
14. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 майдаги 302-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш, бошқариш ва фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма давлат илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий-техник фаолиятини қўллаб-қувватлашга ҳамда ривожлантиришга йўналтирилган маблағларни жамлайди.
3. Жамғарма юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ғазна ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида талаб қилиб олинадиган хорижий валютадаги депозит ҳисоб рақамларига (ғазначилик ижроси билан қамраб олингандан сўнг — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига), шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи Давлат тилида ёзилган муҳрга эга.
2-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари
4. Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа вазирликлар ва идораларнинг илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида мамлакатда илм-фан ва технологияларнинг жадал ривожланишини таъминлашга, рақобатбардош илмий-ҳажмдор маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга йўналтирилган илғор илмий тадқиқотлар ва изланиш ишларини олиб бориш учун танлов асосидаги, мутлақо янги типдаги ва замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораториялар ташкил этиш бўйича тадбирларни молиялаштириш;
давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк объектларини чет элда рўйхатдан ўтказиш (патентлаш) харажатларини қоплаш;
давлат илмий-техника дастурларини амалга оширишда иштирок этувчи илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий лабораториялари учун қўшимча замонавий илмий асбоб-ускуналар, зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан узлуксиз таъминлаш учун маблағлар ажратиш;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа вазирликлар ва идоралар тасарруфидаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг етакчи илмий электрон маълумотлар базасидан эркин фойдаланишлари учун талаб этиладиган харажатларни қоплаш;
ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий марказларда, шу жумладан илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган замонавий илмий ва технологик асбоб-ускуналарда ишлашни ўрганишлари учун ташкил этиладиган қисқа муддатли илмий тажриба стажировкаларини молиялаштириш.
5. Мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилмаган илмий-тадқиқот ҳамда олий таълим муассасаларининг илмий-техник фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг Жамғарма томонидан молиялаштирилиши Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссиясининг қарори асосида амалга оширилади.
3-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби ва манбалари
6. Жамғарма маблағлари қуйидаги асосий манбалар ҳисобига шакллантирилади:
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига патент божлари, йиғимлар ва бошқа солиқ тоифасига кирмайдиган тўловлардан келиб тушган валюта маблағларининг 90 фоизи;
халқаро молия ташкилотлари ва институтларининг грантлари ва кредитлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан хорижий шахсларнинг хайрия эҳсонлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.
7. Мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг валюта маблағлари Жамғарманинг ҳисоб рақамига ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунигача Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ўтказилади (валютанинг ҳар бир тури бўйича алоҳида).
Халқаро молия ташкилотлари ва институтларининг грантлари ҳамда кредитлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар тегишли ҳисоб рақамларга, шу жумладан Жамғарманинг ғазна ҳисоб рақамларига тушади.
4-боб. Жамғармани бошқариш
8. Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси Жамғармани бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади.
9. Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси:
ҳар йили Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари прогнози параметрларини, шунингдек Жамғармага тушган ва сарфланган маблағлар бўйича ҳисоботни тасдиқлайди;
Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган илмий тадқиқотларнинг тасдиқланган устувор йўналишларига мувофиқ илмий лабораторияларни барпо қилиш бўйича лойиҳалар танловларини ўтказиш тартибини белгилайди;
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) таклифлари асосида давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк объектларини чет элда рўйхатдан ўтказиш (патентлаш) рўйхатини тасдиқлайди;
давлат илмий-техника дастурларини амалга оширишда иштирок этувчи илмий муассасалар ва олий таълим муассасаларининг илмий лабораторияларини қўшимча жиҳозлаш, замонавий илмий асбоб-ускуналар билан янгилаш, зарур сарфланувчи материаллар ва бутловчи қисмлар билан узлуксиз таъминлаш тартибини белгилайди;
етакчи хорижий илмий электрон маълумотлар базасидан эркин фойдаланиш учун талаб этиладиган харажатларни Жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплашни назарда тутган ҳолда Агентлик таклифлари асосида ушбу маълумотлар базаси рўйхатини тасдиқлайди;
қисқа муддатли илмий тажриба орттиришдан ўтиш, шу жумладан илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган замонавий илмий ва технологик асбоб-ускуналарда ишлашни ўрганиш мақсадида ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга юбориш учун танловлар ўтказиш тартибини белгилайди;
Жамғарманинг Ижро этувчи дирекциясининг штат жадвалини ва уни сақлаб туриш харажатлари сметасини тасдиқлайди;
Жамғармага хорижий инвестициялар, грантлар ҳамда ҳомийлик хайрияларини жалб қилишда кўмаклашади;
Жамғарма олдига қўйилган вазифалар билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга манфаатдор вазирликлар, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотларни жалб қилади;
Жамғарма даромадларини тўлиқ шакллантириш ҳамда маблағларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан Агентлик ва Жамғарма фаолияти устидан назорат қилади;
Жамғарма маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
10. Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси Жамғарманинг ижро этувчи органи ҳисобланади ва у жорий раҳбарликни амалга оширади ва Жамғарма фаолияти учун жавоб беради.
Жамғарманинг Ижро этувчи директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
11. Жамғарманинг Ижро этувчи директори:
Жамғарманинг жорий фаолиятини ташкил этади ҳамда ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун жавоб беради;
Жамғармага ходимларни ишга қабул қилади ва лавозимларидан озод қилади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, бошқа ташкилотларда, шу жумладан хорижий давлатларда ҳамда халқаро ташкилотларда Жамғарма номидан вакиллик қилади ва унинг манфаатларини ифодалайди;
Жамғарма фаолияти бўйича юридик ва жисмоний шахслар билан шартнома тузади, Жамғарма номидан ишончномасиз иш кўради;
штат жадвалини, Жамғарма маблағлари ҳисобидан Жамғарма аппарати ходимларини сақлаб туриш харажатлари сметасини тузади ва тасдиқлаш учун Давлат комиссиясига тақдим қилади;
Жамғарманинг лавозим йўриқномалари ва бошқа ички ҳужжатларини тасдиқлайди;
Жамғарма номидан даъволар тақдим этади;
Жамғарма ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқ ва фармойишлар чиқаради, кўрсатмалар беради;
ушбу Низомга ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.
12. Жамғарма Ижро этувчи дирекциясини сақлаб туриш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Давлат комиссияси томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметаси асосида Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.
13. Жамғарма Ижро этувчи дирекциясининг асосий функциялари қуйидагилардан иборат:
Агентлик билан биргаликда Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ҳар йиллик прогноз параметрларини, шунингдек уларнинг бажарилиши бўйича ҳисоботни Давлат комиссиясига тақдим этиш учун тайёрлаш;
Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси штат жадвалини ва уни сақлаб туриш учун харажатлар сметасини тузиш;
давлат илмий-техника дастурларини амалга оширишда иштирок этадиган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий лабораторияларни ташкил этиш, илмий лабораторияларни жиҳозлаш, замонавий илмий ускуналар билан қўшимча янгилаш ва зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи буюмлар билан узлуксиз таъминлаш тадбирларини молиялаштиришни ташкил этиш;
давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлари)ни чет элда рўйхатга олиш бўйича харажатларни қоплашни таъминлаш;
илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг етакчи электрон маълумотлар базаларидан эркин фойдаланишини таъминлаш бўйича харажатларини тўлашни таъминлаш;
ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий ташкилотларда, шу жумладан илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган юқори технологик ускуналарда ишлаш усулларини ўзлаштириши учун, қисқа муддатли илмий тажриба орттиришини молиялаштиришни ташкил этиш;
Жамғарма маблағларини банк депозитларига жойлаштириш йўли билан уларни бошқариш;
Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан тизимли мониторинг олиб бориш.
14. Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси Агентлик билан биргаликда ҳар йили 1 декабргача Жамғарманинг келгуси календарь йилга даромадлари ва харажатларининг прогноз параметрларини ишлаб чиқади ва Давлат комиссиясининг кўриб чиқиши учун тақдим этади.
15. Жамғарма даромадлари ва харажатларининг прогноз параметрлари Давлат комиссияси томонидан ҳар йили 25 декабргача тасдиқланади.
5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби
16. Жамғарма маблағларидан Давлат комиссиясининг:
илмий лабораториялар ташкил этиш, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий лабораторияларини замонавий илмий ускуналар билан қўшимча жиҳозлаш ва зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи буюмлар билан узлуксиз таъминлаш бўйича лойиҳаларни белгиланган тартибда ўтказилган танлов асосида саралаш, шунингдек ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларига, шу жумладан илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган юқори технологик ускуналарда ишлаш услубларини ўзлаштириш учун, қисқа муддатли илмий тажриба орттиришдан ўтишга танлаб олиш якунлари;
давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк объектлари (патентлари)га ҳуқуқларни чет элда рўйхатга олиш учун уларнинг рўйхатини, шунингдек эркин фойдаланишни таъминлаш харажатлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланадиган етакчи хорижий электрон илмий маълумотлар базалари рўйхатини тасдиқлаш;
белгиланган тартибда Жамғарма харажатлар сметасини тасдиқлаш бўйича қарорлари асосида фойдаланилади.
17. Принципиал жиҳатдан янги, замонавий юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораторияларни сотиб олиш ва давлат илмий-техника дастурларини амалга оширишда иштирок этадиган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий лабораторияларини замонавий илмий ускуналар билан қўшимча жиҳозлаш ва зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи буюмлар билан таъминлашни ташкил этиш учун:
Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси, «Ўзтадбиркорэкспорт» акциядорлик жамияти ва буюртманома берган илмий-тадқиқот муассасаси (олий таълим муассасаси) ўртасида уч томонлама шартнома тузилади;
«Ўзтадбиркорэкспорт» акциядорлик жамияти белгиланган тартибда ўтказилган хорижий етказиб берувчилар ва ишлаб чиқарувчиларни танлаш асосида улар билан товар етказиб беришга (шу жумладан зарурият бўлганида товарни илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасасига етказиб бериш, ишга тушириш-созлаш ва бошқа ўзига хос ишларни амалга оширишга) тегишли контрактларни тузади, шунингдек хорижий валютада молиялаштиришни очиш учун Жамғармага буюртманома беради;
«Ўзтадбиркорэкспорт» акциядорлик жамиятидан товарни қабул қилиб олиш буюртманомани берган тегишли илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси томонидан бепул асосда амалга оширилади.
Бунда товар етказиб берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари Жамғарманинг Ижро этувчи дирекциясига «Ўзтадбиркорэкспорт» акциядорлик жамияти томонидан тақдим этилади.
18. Бепул асосда олинган илмий ускуна, сарфлаш материаллари ва бутловчи буюмлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъулият тегишли илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари раҳбарлари зиммасига юкланади.
19. Харажатларни тўлаш:
илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг етакчи электрон маълумотлар илмий базаларидан эркин фойдаланишини таъминлаш бўйича харажатлар Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси ва маълумотлар базасининг эгаси бўлган муассаса ўртасида тегишли маълумотлар базасига обуна бўлиш тўғрисида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади;
ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий ташкилотларда қисқа муддатли илмий тажриба орттиришлари бўйича харажатлар Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси, Агентлик, ходими ёш олим ҳисобланадиган илмий-тадқиқот муассасаси (олий таълим муассасаси) ҳамда етакчи хорижий илмий ташкилот ўртасидаги шартнома асосида илмий тажриба орттириш шартлари, талаблари ва муддатларига мувофиқ амалга оширилади;
давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни чет элда рўйхатга олиш харажатлари Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси, тегишли буюртманомани берган илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси ва хорижий патент идораси ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома асосида амалга оширилади.
20. Жамғарманинг жорий йил якунлари бўйича қолган маблағлари олиб қўйилмайди ва кейинги йилга кўчирилади.
6-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилиш
21. Жамғарма маблағларининг тушиши ва ундан фойдаланишнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш, шунингдек ҳисоботларни тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси томонидан амалга оширилади.
22.Жамғарманинг Ижрочи директори қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар йили Жамғарма фаолиятининг аудиторлик текширувини ўтказади ва оммавий ахборот воситаларида ҳисобот эълон қилади.
23. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.
24.Жамғарма маблағларидан Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ мақсадли фойдаланиш учун масъулият Жамғарманинг Ижрочи директори зиммасига юкланади.
7-боб. Якунловчи қоида
25. Жамғармани тугатиш ва қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 майдаги 302-сон қарорига
4-ИЛОВА
4-ИЛОВА
Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси Ижро этувчи дирекциясининг
ТУЗИЛМАСИ
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 майдаги 302-сон қарорига
5-ИЛОВА
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган
ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Патент божлари ва тўловлари тўғрисидаги Низомни ҳамда Патент божлари ва тўловлари ставкаларини тасдиқлаш ҳақида» 2006 йил 20 апрелдаги 65-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2006 й., 4-сон, 26-модда) 2-бандининг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«хорижий валютадаги маблағларнинг 90 фоизи — Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисоб рақамига, хорижий валютадаги маблағларнинг 2 фоизи — Давлат бюджетининг тегишли ҳисоб рақамига ҳамда миллий валютадаги маблағларнинг 20 фоизи — Давлат бюджети даромадига ўтказилади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Мадрид Битимига доир Баённомага (Мадрид, 1989 йил 27 июнь) мувофиқ белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказишда ундириладиган якка тартибдаги божларнинг ставкаларини белгилаш тўғрисида» 2006 йил 21 декабрдаги 263-сон қарорининг 2-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2006 й., 51-52-сон, 515-модда) қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг валюта ҳисоб рақамига тушадиган якка тартибдаги бож маблағлари қуйидаги тартибда тақсимланади:
90 фоизи — Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисоб рақамига;
2 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тегишли ҳисоб рақамига;
8 фоизи — Агентликнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда ҳамда саноат объектларини ва интеллектуал мулкнинг бошқа турларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ташкилотларда қатнашганлик учун аъзолик бадалларини тўлашда улардан фойдаланиш учун (камида 50 фоизи), шунингдек ходимларни моддий рағбатлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг бюджетдан ташқари ҳисоб рақамига ўтказилади».
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 декабрдаги 322-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2013 й., 12-сон, 87-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг бюджетдан ташқари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«5. Ҳисобот даврида юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни амалга оширганлик учун тушган валюта маблағлари ҳисобот давридан кейинги ойнинг 3-кунигача валюта блок-ҳисоб рақамларидан (хорижий валютанинг ҳар бир тури бўйича):
агар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, хорижий валютада тушган маблағлар умумий ҳажмининг 90 фоизи миқдорида — Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисоб рақамига;
хорижий валютада тушган маблағлар умумий ҳажмининг 2 фоизи миқдорида — белгиланган тартибда конвертация қилингандан кейин Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тегишли ҳисоб рақамига;
хорижий валютада тушган маблағлар умумий ҳажмининг 8 фоизи миқдорида — Агентликнинг хорижий валютанинг ҳар бир тури бўйича очилган хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига ўтказилади».
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 21-сон, 395-модда)