Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг «Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатилиши ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилишининг ҳолати тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 25-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг «Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатилиши ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилишининг ҳолати тўғрисида»ги ахборотини эшитди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, Ўзбекистонда фуқаролар соғлиғини сақлаш юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда, ушбу соҳага ажратилаётган бюджет маблағлари ошиб бормоқда.
Руҳий ҳолати бузилган шахсларга психиатрия ёрдами кўрсатиш чоғида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши давлат томонидан кафолатланган. Руҳий ҳолати бузилган шахсларни психиатрия ёрдами билан таъминлаш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун касалхонадан ташқарида ва стационарда психиатрия ёрдами кўрсатувчи муассасалар барпо этилган, руҳий ҳолати бузилган вояга етмаганларнинг умумий таълим ва касб-ҳунар таълими олиши ташкил этилган, шунингдек мазкур тоифадаги шахсларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган бошқа чоралар кўрилмоқда.
Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг руҳий соғлиғини текширувдан ўтказишни, уларни профилактика қилишни, уларга ташхис қўйиш, уларни даволаш, парваришлаш, тиббий-ижтимоий жиҳатдан тиклашни, психиатрия муассасаларининг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашни, шунингдек улар фаолиятининг самарадорлигини оширишни ўз ичига олувчи психиатрия ёрдами кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш бўйича муайян ишлар қилинган. 2000 йилда «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг психиатрия хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар қабул қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бир гуруҳ депутатлари томонидан аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатилиши ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилишининг ҳолатини ўрганиш якунлари ушбу соҳада қонунчилик йўли билан тартибга солишни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришни талаб қиладиган бир қатор масалалар мавжудлигини кўрсатди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан руҳий ҳолати бузилган, ижтимоий-хавфли қилмишлар содир этган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тартибини назарда тутувчи тегишли норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш юзасидан зарур чоралар кўрилмаган.
Айрим психиатрия муассасалари томонидан шахсларни ғайриихтиёрий тартибда стационарга ётқизиш тартибига риоя этилмаяпти.
Психиатрия муассасаларининг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга, шунингдек улар фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни сўзсиз амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни кўриш талаб қилинади.
«Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини янада такомиллаштириш зарурияти мавжуд. Хусусан, тегишли давлат органларининг ваколатларини белгилаш, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларни қўллаш тартибини, шунингдек беморларни шифокор психиатрлар комиссияси текширувидан ўтказиш учун олиб келиш тартиби ва муддатларини аниқроқ кўрсатиш зарур.
Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг, шунингдек психиатрия ёрдами кўрсатувчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар қабул қилиш зарур.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг «Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатилиши ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилишининг ҳолати тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг «Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатилиши ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилишининг ҳолати тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
психиатрия муассасаларининг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга, шунингдек улар фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни сўзсиз амалга ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўрсин;
руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан психиатрия ёрдами кўрсатиш билан боғлиқ бўлган қонун ости ҳужжатларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш юзасидан зарур чоралар кўрсин;
«Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ва ушбу соҳадаги бошқа қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни белгиланган тартибда тайёрласин ва киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий судига тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш, шунингдек шахсларни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия муассасаларига ётқизиш тўғрисидаги ишларни судлар томонидан кўриб чиқишнинг мавжуд амалиётини умумлаштириш, шу асосда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси психиатрия ёрдами кўрсатилиши соҳасидаги қонун ҳужжатларини пухта инвентаризациядан ўтказсин ҳамда «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин.
5. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 19 май,
451-III-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 й., 5-сон, 143-модда)