Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЛИТВА РЕСПУБЛИКАСИ БИЛАН ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Литва Республикаси билан савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 23—25 сентябрда Литва Республикасига расмий ташрифи давомида эришилган аҳдлашувларни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Литва Республикасига расмий ташрифи давомида имзоланган 1-иловага мувофиқ ҳужжатлар амалга оширилиши устидан мунтазам мониторинг ва назорат ўрнатсинлар.
2. Литва Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва савдо айланмасини янада кўпайтириш чора-тадбирлари дастури 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 2 -илова берилмайди.
Қуйидагилар Литва Республикаси билан инвестиция ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ҳисоблансин:
маҳаллий хом ашё чуқур ишланиши, қайта ишлаш тармоқларининг экспорт салоҳияти оширилиши таъминланган ҳолда республика енгил ва озиқ-овқат саноати корхоналарини замонавийлаштириш;
қурилиш материаллари ва халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни, мебель саноатини ривожлантириш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш;
транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш;
ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш ва мамлакатимиз маҳсулотларини экспортга етказиб беришни кўпайтириш шартларида Литва Республикасида қўшма корхоналар ташкил этилишига тўғридан-тўғри инвестициялар қўйиш.
3. Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти, Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 3-иловага* мувофиқ лойиҳалар ишлаб чиқилиши ва уларнинг экспертизадан ўтказилиши ташкил этилишини, шунингдек кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун жалб этиладиган кредит линиялари доирасида уларни маблағ билан таъминлаш манбалари аниқланишини таъминласинлар.
*3 -илова берилмайди.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т.Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 18 октябрь,
360-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Литва Республикасига расмий ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси билан Литва Республикаси ўртасида давлатлараро муносабатлар, дўстлик ва ҳамкорлик асослари тўғрисида шартнома (Вильнюс, 2002 йил 24 сентябрь).
2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Литва Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида протокол (Вильнюс, 2002 йил 24 сентябрь).
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Литва Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона департаменти ўртасида қурол-яроғ, ўқ-дорилар, портловчи моддалар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим (Вильнюс, 2002 йил 24 сентябрь).
4. Ўзбекистон Республикаси Миллий университети ва Вильнюс университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида шартнома (Вильнюс, 2002 йил 24 сентябрь).
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 20-сон, 155-модда)