ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ
Қарори
Давлат буюртмаси бўйича харид қилинадиган мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари етиштирувчи қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг харажатларини бўнаклаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 24 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2877]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 15 январдаги 40-сон ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026 йил 14 январдаги 321-сонли ««Давлат буюртмаси бўйича харид қилинадиган мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари етиштирувчи қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг харажатларини бўнаклаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 2877-1, 24.01.2026 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 декабрдаги ПҚ-2712-сон «2017 йилда қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан таъминлаш, уларнинг ишлаб чиқарилиши мутаносиблиги ва фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги қарор қилади:
1. Давлат буюртмаси бўйича харид қилинадиган мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари етиштирувчи қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг харажатларини бўнаклаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З. МИРЗАЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 5 апрель,
32-сон
Иқтисодиёт вазири Г. САИДОВА
Тошкент ш.,
2017 йил 5 апрель,
129-сон
Молия вазири Б. ХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 5 апрель,
35-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлигининг 2017 йил 5 апрелдаги 32, 129 ва 35-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Давлат буюртмаси бўйича харид қилинадиган мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари етиштирувчи қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг харажатларини бўнаклаш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 декабрдаги ПҚ-2712-сон «2017 йилда қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан таъминлаш, уларнинг ишлаб чиқарилиши мутаносиблиги ва фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, давлат буюртмаси бўйича харид қилинадиган мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг харажатларини бўнаклаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат буюртмаси бўйича харид қилинадиган мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларини етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликларига татбиқ этилади.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
бўнак — буюртмачи томонидан маҳсулот етиштирувчиларга улар ўртасида тузилган контрактация шартномаси қийматининг олдиндан ажратиладиган маълум миқдори;
буюртмачи — «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси, «Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компанияси, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси ва «Ўзагроэкспорт»АЖ таркибига кирувчи ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи, тайёрловчи ва экспорт қилувчи бошқа корхоналар;
давлат буюртмаси — кейинчалик саноат йўли билан қайта ишлаш, қиш-баҳор даврига ғамлаш, шунингдек экспорт қилиш учун фермер ва деҳқон хўжаликлари ўртасида мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш;
махсус ҳисобварақ — буюртмачилар томонидан маҳсулот етиштирувчиларнинг мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ажратилган бўнак маблағлари келиб тушадиган ва етказиб берилган товар-моддий бойликлари ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш мақсадида маҳсулот етиштирувчиларга хизмат кўрсатувчи тижорат банкида очилган 22626-сонли «Корхона ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари (Ҳукумат қарорлари асосида ажратилган маблағлар)» махсус молиялаштириш депозит ҳисобварағи;
маҳсулот етиштирувчилар — давлат буюртмаси бўйича харид қилинадиган мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари;
такрорий экинлар — сувли ер майдонлардан унумли фойдаланиш ва қўшимча ҳосил олиш учун ғалладан, тўқсонбости усулида ва эрта баҳорда экилган экинлардан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида экилган сабзавот, полиз ва картошка экинлари;
тўқсонбости усулида экиладиган экинлар — келгуси йил эрта ҳосил етиштириш учун кеч кузда (ноябрь ойининг учинчи ва декабрь ойининг биринчи декадаси) совуқ ва намгарчилик бошланмасдан олдин экиладиган совуққа чидамли сабзавот экинлари.
3. Маҳсулот етиштирувчиларга буюртмачилар томонидан бўнак маблағлари давлат буюртмаси бўйича харид қилинадиган мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари етиштириш харажатларини молиялаштириш мақсадларида берилади.
4. Маҳсулот етиштирувчилар тегишли контрактация шартномаси кучга киргандан сўнг уч банк иш кунидан кечиктирмасдан ўзларига хизмат кўрсатаётган банкда белгиланган тартибда махсус ҳисобварағи очиши шарт.
2-боб. Бўнак маблағларини ажратиш ва ишлатиш
5. Бўнак маблағлари буюртмачи билан маҳсулот етиштирувчи ўртасида тузилган контрактация шартномаси қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда буюртмачи томонидан маҳсулот етиштирувчига берилади.
Бунда бўнак маблағлари маҳсулот етиштириш учун амалга ошириладиган агротехник тадбирлар муддатларидан келиб чиққан ҳолда:
асосий майдонларга эрта баҳорда экиладиган сабзавот, полиз ва картошка экинлари, шунингдек мева ва узум етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ҳосил етиштирилаётган йилнинг 1 мартига қадар;
такрорий экинларни етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ҳосил етиштирилаётган йилнинг 10 июнига қадар;
келгуси йил ҳосили учун август-сентябрь ойларида экиладиган сабзавот экинларини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун 1 августга қадар;
тўқсонбости усулида экиладиган экинларни етиштириш харажатларини молиялаштириш учун 1 ноябрга қадар тўлиқ ажратилади.
6. Ажратиладиган бўнак маблағларининг аниқ миқдори буюртмачи ва маҳсулот етиштирувчи ўртасида тузиладиган контрактация шартномаларида белгиланади. Бўнак миқдорини аниқлаш учун ўзаро келишилган бозор нархлари асос қилиб олинади.
7. Маҳсулот етиштирувчиларга ажратиладиган бўнак қуйидаги харажатларни молиялаштириш учун сарфланади:
уруғлик ва кўчат харид қилишга;
минерал ўғитлар харид қилишга;
ўсимликларни кимёвий ва биологик ҳимоя қилиш воситаларини харид қилишга;
агрокимёвий хизматлар учун тўловларга;
ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини харид қилишга;
электр энергия тўловларига;
МТПлар ва қишлоқ хўжалик техникаси мавжуд бўлган бошқа хўжалик субъектларининг хизматлари учун тўловларга;
сув истеъмолчилари уюшмалари хизматлари учун тўловларга;
тара-қадоқлаш материалларини харид қилишга;
лизингга (молиявий ижарага) олинган техника воситаларининг лизинг тўловларига;
иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга.
8. Маҳсулот етиштирувчиларнинг махсус ҳисобварағига келиб тушган бўнак маблағлари ҳисобидан мазкур Низомнинг 7-бандида белгиланган харажатларни молиялаштириш маҳсулот етиштирувчиларнинг тўлов топшириқномаларига асосан таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг ҳисоб варақларига ўтказиб берилади.
9. Маҳсулот етиштирувчиларнинг таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар билан тузган шартномаларига мувофиқ ҳосил етиштиришда агротехник тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган товар-моддий бойликлари ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда, шу жумладан «Ўзагрокимёҳимоя» АЖ таркибидаги корхоналар томонидан етказиб бериладиган минерал ўғитлар учун тўловлар олдиндан 100 фоиз миқдорида амалга оширилади.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
10. Маҳсулот етиштирувчи махсус ҳисобварағига келиб тушган бўнак маблағларидан фақат мазкур Низомнинг 7-бандида белгиланган харажатларни молиялаштириш мақсадларига сарфлаши шарт.
11. Буюртмачи томонидан контрактация шартномасига асосан қабул қилиб олинган маҳсулотлар қиймати бўйича якуний ҳисоб-китобларни амалга оширишда ажратилган бўнак маблағлари чегириб қолинади.
3-боб. Якуний қоидалар
12. Маҳсулот етиштирувчи ва буюртмачи ўртасида тузилган контрактация шартномаси шартларини бажариш Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги 383-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.
13. Маҳсулот етиштирувчи махсус ҳисобварағига келиб тушган бўнак маблағларидан мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилмаган мақсадларда сарфлаганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгардир.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
14. Буюртмачи бўнак маблағларини мазкур Низомнинг 5-бандида белгиланган муддатларда ва контрактация шартномасида келишилган миқдорда ажратмаганлиги учун жавобгардир.
15. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
16. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси, «Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компанияси, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти, «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан келишилган.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
2017 йил 3 апрель
«Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси бошқаруви раиси О. РУСТАМОВ
2017 йил 29 март
«Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компанияси бошқаруви раиси Ш. РАХИМОВ
2017 йил 29 март
«Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси раиси З. ФАЙЗИЕВ
2017 йил 30 март
«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А. АБДУЛЛАЕВ
2017 йил 30 март
«Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси У. АХУНОВ
2017 йил 31 март
Ўзбекистон Фермерлари кенгаши раиси С. ТУРДИЕВ
2017 йил 31 март
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 17-сон, 307-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)