Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Камолот» ЁИҲ моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида
«Камолот» ЁИҲ моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, шунингдек давлат мулки объектларидан оқилона фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Судлар ва адлия органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2016 йил 29 мартдаги 93-сон қарорига мувофиқ:
Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Буюк Ипак йўли кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган бинонинг ертўлали, умумий майдони 1247 кв.м. бўлган қисми (кейинги ўринларда — бино) «Инсон ва қонун» газетаси ва «Ҳуқуқ ва бурч» журнали таҳририятларини жойлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан «Инсон ва қонун» газетаси ва «Ҳуқуқ ва бурч» журнали таҳририятлари фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, Тошкент шаҳрининг меъморий қиёфасини янада яхшилаш ва ободонлаштириш мақсадида Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бино капитал таъмирланди ва реконструкция қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, «Камолот» ЁИҲ ва Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасининг:
бинонинг умумий майдони 1203,8 кв. м. бўлган қисмини «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатига текин фойдаланиш учун бериш тўғрисида;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан бинони фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси асосида бажарилган ҳисоб-китоблар тақдим этилгандан сўнг бир ой муддатда бинони мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасидан ажратилган маблағларни «Камолот» ЁИҲ томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қайтариш тўғрисида;
«Инсон ва қонун» газетаси ва «Ҳуқуқ ва бурч» журнали таҳририятлари фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, зарур ҳолларда, ушбу банднинг учинчи хатбошисига мувофиқ қопланган маблағлардан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан фойдаланилиши тўғрисидаги;
«Инсон ва қонун» газетаси ва «Ҳуқуқ ва бурч» журнали таҳририятларини Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Сайилгоҳ кўчаси, 35-уй манзилида жойлашган Тошкент давлат юридик университети биносига ижара тўловининг «нол» ставкаси бўйича жойлаштириш тўғрисида;
бинонинг умумий майдони 43,2 кв. м бўлган қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига оператив бошқарувга бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда бинони топширсин, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати эса уни белгиланган тартибда қабул қилиб олсин ва ундан самарали фойдаланилишини таъминласин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Судлар ва адлия органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2016 йил 29 мартдаги 93-сон қарорида:
а) 2-банднинг учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
б) 3-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 16 март,
146-сон