Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги ишлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Х. Кетмоновнинг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги ишлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ахборотини эшитиб шуни таъкидлайдики, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишлари дастурига мувофиқ Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги ишлари самарадорлигини ошириш юзасидан муайян ишлар амалга оширилди.
Кўрсатилган вазифани амалга ошириш доирасида биринчи ва иккинчи чақириқ Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан сайлов округларида амалга оширилган фаолият танқидий жиҳатдан таҳлил этилди, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини ошириш масаласига бағишлаб семинар ўтказилди, депутатлар сайлов округларига чиқишлари олдидан зарур материаллар билан таъминланди, сайловчилар билан ўтказилган учрашувлар якунлари бўйича сиёсий партиялар фракцияларининг мажлислари ташкил этилиб, мажлислар жараёнида ушбу йўналишда депутатлар томонидан амалга оширилган ишларнинг натижалари ҳар томонлама ва танқидий жиҳатдан кўриб чиқилди.
Комплекс тадбирлар амалга оширилганлиги депутатларнинг сайлов округларидаги ишлари сифатини анчагина оширишга кўмаклашди. Хусусан, кўпчилик депутатлар аҳоли турли қатламлари вакиллари, шу жумладан пенсионерлар, кўп болали оилалар, ногиронлар, болалар уйлари, «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчилари, «Саховат» ва «Мурувват» интернат-уйларда яшовчи шахслар, шунингдек таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, фермер хўжаликлари вакиллари ва бошқалар билан учрашувларни лозим даражада ўтказишга эришдилар. Депутатларнинг ўз сайлов округларидаги ишлари учрашувлар мобайнида аниқланган муаммоларни чуқур таҳлил этиш асносида олиб борилиб, бу масалаларнинг аксарият қисми жойларнинг ўзида ҳал этилди.
2015 йилда Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ташкил этилган учрашувлар давомида 260 минг сайловчи қамраб олинди ва сайловчилардан мамлакатимиз ҳаётининг социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий жабҳаларига тааллуқли 10 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган.
Шу билан бирга депутатларнинг сайловчилар билан ишлари борасидаги ижобий тажрибадан ташқари ўтган йилнинг май ва ноябрдаги учрашувлари чоғида айрим депутатлар томонидан йўл қўйилган муайян камчиликлар ҳам бор. Хусусан, айрим депутатлар томонидан сайлов округларидаги ишлар лозим даражада ташкил этилмаган, депутатлик ваколатларини бажаришда расмий ёндашувга йўл қўйилган, шунингдек депутатларнинг ўз сайлов округларига чиқмаганлиги фактлари ҳам мавжуд.
Депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида уларга йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Х. Кетмоновнинг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги ишлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги ишлари самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режаси иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлар бирлашмаларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги ишлари самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режасида кўрсатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан чора-тадбирлар кўриш тавсия этилсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Х. Кетмонов зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 4 февраль,
370-III-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 й., 2-сон, 47-модда)