Фарғона вилоят ҳокимининг
қарори
Вилоятдаги қабристонларда дафн этиш хизматларини кўрсатиш бўйича тарифлар миқдорини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 52-сон, 508-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелдаги 101-сон «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 14-сон, 138-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) 6, 25-моддаларига асосан вилоятдаги дафн этиш жойларини сақлаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш мақсадида қарор қиламан:
1. Шаҳар ва туман хокимликлари томонидан ўз ҳудудларидаги тупроқ намлиги ва қаттиқлигини ҳисобга олган ҳолда дафн этиш хизматларини кўрсатиш бўйича ишлаб чиқилган таклифларига розилик берилсин.
2. Вилоятдаги қабристонларда дафн этиш хизматларини кўрсатиш бўйича тарифлар миқдори иловага мувофиқ белгилансин.
3. Туман ва шаҳарлар ҳокимларига:
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда қабристонларни зарур даражада сақлаш ва ободонлаштириш ҳамда ҳашарлар, хотирлаш кунлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;
Бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелдаги «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги 101-сонли қарорига мувофиқ дафн этиш жойларини сақлаш қоидаларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш;
санитария қоидалари ва меъёрларига қатъиян риоя этган ҳолда қабристонларни очиш ва ёпишда қонунийликни таъминлаш, қабристонлар ташкил этиш учун ер участкаси ажратишни ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш топширилсин.
4. Туман ва шаҳарлар ободонлаштириш бошқармалари (фуқаролик хизмати кўрсатиш бошқармалари) ҳамда қабристонларнинг маъмурияти:
хизматлар учун қатъиян белгиланган тарифлар бўйича ҳисоб-китоб қилган ҳолда фуқароларнинг қабристонда кўрсатиладиган хизматларга доир буюртмаларини ўз вақтида ва сифатли бажарсинлар;
қабристонларда бюстлар, ҳайкалтарошлик ёдгорликлари ёки алоҳида архитектура шаклига эга бўлган иншоотларни ўрнатиш, объектларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминласинлар.
5. Вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси (Эшонқулов), вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (Якубов) ва вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси (Розиқов)га:
қабристонлар ташкил этиш учун ер участкаси танлашни шаҳарсозлик ҳужжатлари, гидрогеологик тавсифлар, жой рельефининг хусусиятлари, тупроқ таркиби, атроф табиий муҳитга энг кўп йўл қўйиладиган экологик юкламаларни ҳисобга олган ҳолда аҳоли пунктлари ва ҳудудларни қуриш қоидаларига, шунингдек санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ амалга ошириш;
қабристонларнинг хизмат кўрсатиш даври муддатларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда ишлаб турган ва лойиҳалаштирилаётган қабристонларнинг санитария-ҳимоялаш зонаси ҳудудида бирор-бир турар жой ва жамоат биноларини қуриш ёки дафн этиш учун ажратилган ер участкаларидан ноўрин фойдаланилишининг олдини олиш ҳамда уларга йўл қўймаслик юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш топширилсин.
6. Мазкур қарор «Фарғона ҳақиқати» ва «Ферганская правда» газеталарида расмий эълон қилинсин ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
7. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Мазкур қарор ижросининг назорати вилоят ҳокимининг ўринбосари С. Қўчқоров зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Ш. ҒАНИЕВ
Фарғона ш,
2016 йил 6 май,
155-сон
Вилоят ҳокимининг 2016 йил 6 майдаги 155-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вилоятдаги қабристонларда дафн этиш хизматларини кўрсатиш бўйича тарифлар
миқдори
|
Т/р |
Хизмат тури |
Ўлчов бирлиги |
Энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан |
|
1. |
Гўр қазиш (диний мансублигидан қатъи назар, катта ўлчамда) |
1 ўринга |
50% |
|
2. |
Гўр қазиш (диний мансублигидан қатъи назар, кичик ўлчамда) |
1 ўринга |
40% |
|
3. |
Гўр қазиш (диний мансублигидан қатъи назар, 3 ёшгача) |
1 ўринга |
бепул |
|
4. |
Махсус машиналарда хизмат кўрсатиш |
1 кунга |
25% |
|
5. |
Махсус номерланган устунчалар тайёрлаш |
1 ўринга |
5% |
|
6. |
Қабрга ва қабр усти ёдгорликларига қараш учун қабристон анжомларидан фойдаланиш |
1 ўрин/кунга |
бепул |
Изоҳ: вилоятдаги қабристонларда дафн этиш хизматларини кўрсатиш бўйича тарифлар миқдори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 26 августдаги ПФ-4751-сонли «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ 2015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақи 130240 сўм этиб белгиланганлигини ҳисобга олган ҳолда энг кам иш ҳақига нисбатан фоиз улушида белгиланади. Энг кам ойлик иш ҳаққи ортишига мутаносиб равишда дафн этиш хизматларини кўрсатиш бўйича тарифлар миқдори ҳам ортади.