Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимининг
ҚарорИ
Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини 2017 йилда ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил., 5-6-сон, 97-модда) 17-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сон «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1999 йил, 7-сон, 40-модда) ижросини таъминлаш, иш қидираётган шахс сифатида туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида рўйхатга олинган фуқароларга уларнинг вақтинча иш ҳақи олиш ва иш қидираётган даврида уларнинг моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан «Ишсиз» деб эътироф этилган фуқароларни вақтинча иш билан таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, биринчи маротаба иш қидираётган ва касби бўлмаган шахсларни меҳнатга жалб қилиш мақсадида қарор қиламан:
1. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини 2017 йилда ташкил этувчи корхона, муассаса ва ташкилотлар рўйхати иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини 2017 йилда ташкил этувчи корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарларига:
иловада* қайд этилган ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш таъминлансин;
* Иловалар берилмайди.
жамоат ишларига жалб қилинган фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарашли корхона, муассаса ва ташкилотлар бўйича 50 фоизи иш берувчилар маблағлари ва 50 фоиз иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан;
бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бўйича 75 фоиз иш берувчилар маблағлари ва 25 фоизи иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан;
туман Бандликка кўмаклашиш маркази йўлланмаси бўйича ҳақ тўланадиган жамлат ишларига юборилган фуқароларни жамоат ишига қабул қилинганлиги тўғрисидаги маълумот 3 кунлик муддатда Бандликка кўмаклашиш марказига ёзма равишда хабар берилсин.
3. Туман Бандликка кўмаклашиш маркази (С. Исмоилов)
корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан мазкур қарорнинг тўлиқ бажарилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатилсин;
ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган ва иш билан таъминланган фуқаролар белгиланган тартибда ҳисобга олинсин.
4. Туман ҳокимининг 2015 йил 2 ноябрдаги 920-сон «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини 2016 йилда ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Р. Ўроқов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким С. АБДУЛЛАЕВ
Янгийўл т.,
2016 йил 19 октябрь,
2445-сон