Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–4848-сонли Фармонида белгиланган қоидаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши сиёсий партиялар фракциялари ва Экоҳаракат депутатлар гуруҳининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–4848-сонли Фармонида (бундан буён матнда Фармон деб юритилади) белгиланган вазифаларни амалга ошириш тўғрисидаги таклифларини кўриб чиқиб, шуни таъкидлайдики, хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш устувор масалалар бўлиб, депутатлар корпусининг алоҳида эътиборини талаб қилади.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни фаол ривожлантираётган мулкдорлар синфи шаклланди, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш механизми яратилди ва мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. Натижада уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши тобора ўсиб бормоқда.
Қабул қилинган Фармон, шубҳасиз, мазкур йўналишдаги давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги босқичга ўтишига кўмаклашади. Фармон тадбиркорлик фаолиятининг барча жиҳатларини, шу жумладан бизнесни юритиш тартибини, ишчанлик муҳитини яхшилашни, тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан, аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар билан ўзаро муносабатларини мустаҳкамлашни, шунингдек хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш механизмларини, жавобгарликни либераллаштиришни қамраб олади.
Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилди. Мазкур институтнинг ташкил этилиши тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунларнинг ижро этилиши устидан парламент назорати шаклларини анча кучайтириш имконини беради.
Фармон билан тасдиқланган Комплекс чора-тадбирлар дастурига мувофиқ бир қатор янги қонунлар ва қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш назарда тутилган бўлиб, уларга мувофиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Шу муносабат билан Фармонда назарда тутилган қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларининг иштирок этиши тўғрисида ушбу фракция томонидан киритилган таклиф ҳар томонлама қўллаб-қувватланди ва таъкидландики, депутатлар корпусининг қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқувчилар билан бундай ҳамкорлиги Қонунчилик палатасига сайловчиларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган анча такомилига етказилган қонун лойиҳалари киритилишини таъминлаш имконини беради.
Қабул қилинган Фармон ўзининг миқёси ва мазмунига кўра мазкур соҳада кейинги йилларда қабул қилинган энг муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан биридир. Унинг амалга оширилиши, шубҳасиз, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий тўсиқлар ва сунъий Қовларни қатъият билан бартараф этишга, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан Фармоннинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш масаласи Қонунчилик палатаси депутатлари олдида турган биринчи даражали вазифалардан биридир.
Фармонда назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш ҳамда унинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–4848-сонли Фармонида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси унда қуйидаги тадбирлар назарда тутилган ҳолда, иловага* мувофиқ тасдиқлансин:
* Илова берилмайди.
қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатларининг иштирок этиши;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш;
Фармондаги қоидаларнинг моҳияти ва аҳамиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича медиа-режа ишлаб чиқиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони Тадбирлар режасида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши мониторинг қилинишини, кейинчалик якуний ахборот Қонунчилик палатаси Кенгаши кўриб чиқиши учун киритилишини таъминласин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари С. Турдиев ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг раҳбари А. Иркаходжаев зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 17 октябрь,
608-III-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 й., 10-сон, 346-модда)