Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Таиланд Қироллиги Ҳукумати ўртасида
Битим
Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Таиланд Қироллиги Ҳукумати (бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар),
икки давлат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга бўлган ўзаро истакларидан келиб чиқиб,
туризмнинг давлатлар иқтисодий, ижтимоий ва маданий тараққиётида муҳим эканлигини ҳисобга олиб,
туризм соҳасидаги ҳамкорлик икки давлат халқлари ўртасида самимий ва дўстона муносабатларни ривожлантиришнинг муҳим омили эканлигини тан олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатлари халқларини бир-бирларининг иқтисодиёти, ижтимоий қадриятлари ва маданияти, табиати ҳамда диққатга сазовор жойлари, шунингдек тарихий обидалари ва маданий анъаналари билан таништириш мақсадида туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар икки мамлакат ўртасида туристлар ташрифларини янада ривожлантириш мақсадида ўз давлатларининг тегишли қонун ва қоидаларига мувофиқ тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар за қўллаб-қувватлайдилар.
3-модда
Томонлар ўзларининг туризм соҳасидаги тегишли маъмуриятлари ва шу соҳада фаолият кўрсатувчи бошқа манфаатдор ташкилотлари ҳамда институтлари ўртасида ҳамкорликни рағбатлантирадилар ва икки давлат ўртасида туристлар алмашинувини ошириш учун, шу жумладан қуйидаги мақсадларда биргаликда фаолият кўрсатадилар:
а) Томонлар ўртасида туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш учун туризм соҳасидаги тадбирлар ва ноу-хау бўйича тажриба алмашиш;
б) туризмни тарғиб қилувчи нашрлар тўғрисида маълумот алмашиш;
в) ахборот ва реклама материаллари билан алмашиш;
г) Томонлар давлатлари ҳудудларида кўргазма, симпозиум, семинар ва фильмлар намойишларини ўтказиш имкониятларини ўрганиш;
д) меҳмонхоналар ва Томонлар ўртасида туризм ривожининг муҳим асоси бўлган бошқа туризм муассасаларини қуриш ва улардан фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни рағбатлантириш ва биргаликдаги ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш;
е) туристик ва маданий фестиваллар, фольклор ва ҳаваскорлар гуруҳлари чиқишларини ташкил қилиш.
4-модда
Томонлар ўз ваколатли идоралари орқали янги туристик манзилларни яратиш соҳасида ҳамкорликни амалга ошириш бўйича фикр алмашадилар ва халқаро туризм ташкилотлари доирасида ўз фаолиятлари бўйича тажриба алмашадилар.
5-модда
Томонлар туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси билан Таиланд Қироллиги ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро Комиссия доирасида ўз давлатлари қонун ва қоидаларига мувофиқ Томонларнинг тенг сонли аъзоларидан иборат бўлган Қўшма ишчи гуруҳ тузишлари (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб номланади) мумкин. Бунда Томонларнинг имконият ва ресурслари инобатга олиниши лозим.
Ишчи гуруҳ ушбу Битимнинг амалга оширилишини таъминлайди.
Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ишчи гуруҳ тегишли давлат ташкилотларига тавсия ва таклифлар ишлаб чиқади.
6-модда
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбектуризм» Миллий компанияси ва Таиланд Қироллигининг Туризм ва спорт вазирлиги ушбу Битимнинг амалга оширилиши учун масъул ҳисобланадилар.
7-модда
Ушбу Битимга ўзаро келишув асосида алоҳида протокол билан расмийлаштириладиган қўшимча ва ўзгартишлар киритилади. Бундай қўшимча ва ўзгартишлар Томонлар белгилаган санадан бошлаб кучга киради ва ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
8-модда
Томонлар ушбу Битимнинг бажарилишини таъминлаш учун тегишли чоралар кўрадилар ва ушбу Битимнинг амалга оширилишида юзага келадиган ҳар қандай келишмовчиликларни ўзаро маслаҳатлашувлар орқали ҳал қиладилар.
9-модда
Ушбу Битим имзоланган санадан кучга киради ва беш (5) йил давомида амал қилади ҳамда Томонлардан бири ўзининг ушбу Битимни тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни дастлабки тугаш муддати ёки кейинги узайтириш муддатидан олти (6) ой олдин ёзма хабардор қилмагунига қадар ўз-ўзидан кейинги беш (5) йиллик муддатларга узаяверади.
Мазкур Битимнинг 1 — 8-моддаларига мувофиқ Томонлар ўртасида тузилган инвестициявий лойиҳа ва битимлар ушбу Битим тугатилганидан сўнг ҳам беш (5) йил давомида амалда бўлади.
2016 йил 6 октябрда Тошкент шаҳрида икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, тай ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)