Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Руҳий ҳолати бузилган шахсларни мажбурий даволаш учун Ўзбекистон Республикаси томонидан бериш ва қабул қилиш ишларини ташкил этиш тўғрисида
Руҳий ҳолати бузилган шахсларни мажбурий даволаш учун бериш тўғрисидаги конвенция (Москва, 1997 йил 28 март) қоидаларини ва ушбу соҳада Ўзбекистон Республикасининг бошқа халқаро шартномаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикаси мажбуриятлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Руҳий ҳолати бузилган шахсларни мажбурий даволаш учун бериш тўғрисидаги конвенция (Москва, 1997 йил 28 март) қоидалари амалга оширилиши учун масъул бўлган ваколатли орган этиб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси белгиланлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Руҳий ҳолати бузилган шахсларни мажбурий даволаш учун Ўзбекистон Республикаси томонидан бериш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган низомга мувофиқ руҳий ҳолати бузилган шахслар мажбурий даволаш учун берилиши ва қабул қилинишини таъминласин.
4. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг руҳий ҳолати бузилган шахсларни мажбурий даволаш учун бериш ва қабул қилиш, шу жумладан ички ишлар органлари ва соғлиқни сақлаш ходимларини хорижий давлатларга хизмат сафарига юбориш билан боғлиқ харажатлари ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида қопланади;
руҳий ҳолати бузилган шахсларни мажбурий даволаш учун бериш ва қабул қилиш билан боғлиқ транспорт харажатлари ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида қопланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг буюртманомалари бўйича ички ишлар органлари ва соғлиқни сақлаш ходимларига хорижий давлатларга чиқиш визаларини, шунингдек руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг мажбурий даволаш учун Ўзбекистон Республикасига қайтиши учун зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ва тижорат банкларига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буюртманомалари бўйича руҳий ҳолати бузилган шахсларни мажбурий даволаш учун Ўзбекистон Республикасидан бериш ва Ўзбекистон Республикасига қабул қилиш учун зарур бўлган пул маблағларини конвертация қилиш тавсия қилинсин.
7. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Молия вазири Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 17 октябрь,
346-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 346-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Руҳий ҳолати бузилган шахсларни мажбурий даволаш учун Ўзбекистон Республикаси томонидан бериш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Руҳий ҳолати бузилган шахсларни мажбурий даволаш учун бериш тўғрисидаги конвенция (Москва, 1997 йил 28 март) ва ушбу соҳада Ўзбекистон Республикасининг бошқа халқаро шартномалари асосида руҳий ҳолати бузилган шахсларни мажбурий даволаш учун (кейинги ўринларда руҳий ҳолати бузилган шахс деб аталади) Ўзбекистон Республикасидан хорижий давлатга бериш ва хорижий давлатдан Ўзбекистон Республикасига қабул қилиш тартибини белгилайди.
2. Руҳий ҳолати бузилган шахсларни Ўзбекистон Республикасидан хорижий давлатга бериш ва хорижий давлатдан Ўзбекистон Республикасига қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Бош прокуратуранинг қарори асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда амалга оширилади.
2-боб. Руҳий ҳолати бузилган шахсларни бериш ва қабул қилиш тартиби
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош прокуратуранинг сўрови бўйича 15 иш куни мобайнида:
руҳий ҳолати бузилган шахсни зарур тарзда даволашни ва хавфсизликнинг тегишли чораларини таъминлаш имконияти тўғрисида хулоса беради;
руҳий ҳолати бузилган шахсни мажбурий даволаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида психиатрия муассасасини белгилайди;
Руҳий ҳолати бузилган шахсларни мажбурий даволаш учун бериш тўғрисидаги конвенцияда (Москва, 1997 йил 28 март) ва ушбу соҳада Ўзбекистон Республикасининг бошқа халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳужжатларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратуранинг руҳий ҳолати бузилган шахсни бериш ёки қабул қилиш тўғрисидаги қарори олингандан кейин:
15 иш куни мобайнида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда руҳий ҳолати бузилган шахсларни транспортда олиб юриш шароитларини, бериш ёки қабул қилиш жойи, вақти ва тартибини белгилайди ҳамда хорижий давлатнинг ваколатли органи билан келишиш учун улар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига маълум қилади;
руҳий ҳолати бузилган шахсни бериш жойидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида психиатрия муассасасигача ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги психиатрия муассасасидан хорижий давлатга бериш жойигача транспортда олиб юради ва уларга ҳамроҳлик қилади;
руҳий ҳолати бузилган шахсни транспортда олиб юриш хавфсизлигини таъминлайди.
5. Руҳий ҳолати бузилган шахсни транспортда олиб юриш вақтида фавқулодда ҳодисалар юз берганда Ички ишлар вазирлиги дарҳол Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига маълум қилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош прокуратуранинг руҳий ҳолати бузилган шахсни бериш ёки қабул қилиш тўғрисидаги қарори олингандан кейин:
15 иш куни мобайнида руҳий ҳолати бузилган шахсни транспортда олиб юришга монеликларни ўрганади. Транспортда олиб юришга монеликлар аниқланган тақдирда руҳий ҳолати бузилган шахсни бериш ёки қабул қилишни кечиктириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ва Ички ишлар вазирлигига асосланган таклиф юборади;
руҳий ҳолати бузилган шахсни бериш жойидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида психиатрия муассасасигача ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги психиатрия муассасасидан хорижий давлатга бериш жойигача ҳамкорлик қилади ва ушбу мақсадлар учун зарур тиббиёт ходимларини ажратади;
15 иш куни мобайнида руҳий ҳолати бузилган шахсга ҳамроҳлик қилиш даврида зарур бўладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхатини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
зарур ҳолларда руҳий ҳолати бузилган шахсни транспортда олиб юриш учун махсус транспорт ажратади.
7. Руҳий ҳолати бузилган шахснинг соғайиши ёки руҳий ҳолати ўзгариши ҳисобга олинган ҳолда тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари бекор қилинган ёки ўзгарган тақдирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қабул қилинган қарор тўғрисида дарҳол Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини хабардор қилади.
8. Руҳий ҳолати бузилган шахсни бериш ёки қабул қилиш, шунингдек унга тегишли буюмлар, пул ва қимматбаҳо нарсалар икки нусхада тузиладиган ҳамда бераётган ва қабул қилаётган тарафларнинг вакиллари томонидан имзоланадиган далолатнома билан тасдиқланади.
3-боб. Якунловчи қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 42-сон, 485-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)