LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ислом оламининг беназир намояндаси Баҳоуддин Нақшбанднинг жаҳон тафаккур хазинасига ва муқаддас динимиз ривожига қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб, унинг меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, эзгулик, маънавий комилликка чорловчи ғояларини ватандошларимиз, айниқса ёш авлод қалби ва онгига сингдириш ҳамда буюк алломалар ёдгорлик мажмуаларини асраб-авайлаш ва янада ободонлаштириш борасидаги ишларни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятида мустақил юридик шахс мақомига эга бўлган Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. Қайд этилсинки, ушбу Марказ таркибига Абдухолиқ Ғиждувоний ёдгорлик мажмуаси ҳам киритилади.
Марказ фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштириш, белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини назорат қилиш мақсадида ташкил этилган Бошқарув кенгаши таркиби иловага* мувофиқ маъқуллансин.
ноёб меъморий иншоот ҳисобланган Баҳоуддин Нақшбанд ва Абдухолиқ Ғиждувоний ёдгорлик мажмуаларини талаб даражасида сақлаш, асраб-авайлаш ва янада ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмаларини ривожлантириш;
ушбу муқаддас қадамжоларнинг мусулмон дунёсидаги нуфузини янада ошириш, бу ерга маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг кенг кўламдаги зиёратларини уюштириш, зиёратчилар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш;
Баҳоуддин Нақшбанд ва унинг устоз-шогирдларининг илмий-назарий мероси, ибратли ҳаётини ҳар томонлама ўрганиш, уларнинг асарларида тарғиб этилган инсонпарварлик, ҳалоллик, поклик, маънавий баркамоллик каби азалий қадриятларни халқимизга етказиш;
диний-маърифий ишларни ташкил этишда, айниқса ёшларни меҳнатсеварлик, бунёдкорлик, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда уларнинг ҳаётбахш ўгитларидан самарали фойдаланишга доир тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
3. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига бир ой муддатда Марказ Низомини тасдиқлаш, уни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш ҳамда бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилиш тавсия этилсин.
4. Марказнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Бухоро вилоят бўлимида очиладиган ҳисоб рақами Ўзбекистондаги юридик ва жисмоний шахслар, халқаро ташкилотлар ва хорижий фуқароларнинг хайрия маблағлари учун очиқ экани қайд этилсин.
Мазкур маблағлар Марказ фаолиятини ташкил этиш ва доимий такомиллаштириб бориш, ёдгорлик мажмуаларини талаб даражасида сақлаш, асраб-авайлаш ва янада ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмаларини ривожлантириш учун йўналтирилиши кўзда тутилсин.
5. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Маданият ишлари вазирлиги, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги Баҳоуддин Нақшбанд ва Абдухолиқ Ғиждувоний ёдгорлик мажмуаларини асраб-авайлаш, жорий таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишда Марказга тегишли ёрдам кўрсатсинлар.
6. Ташқи ишлар вазирлиги, «Ўзбектуризм» миллий компанияси, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонларнинг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасига зиёратларини ташкил этиш бўйича нуфузли халқаро ташкилотлар билан алоқа ўрнатиш ва ҳамкорлик қилишда Марказга ҳар томонлама кўмаклашсинлар.
7. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, «Ўзтелерадио» компанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Жаҳон» ахборот агентлигига республика ва хорижий оммавий ахборот воситаларида Баҳоуддин Нақшбанд ва унинг устоз-шогирдлари маънавий меросининг аҳамияти ва моҳиятини очиб бериш, бу улуғ зотларнинг ҳаётини ўрганиш, номларини улуғлаш, эзгу ўгитларини тарғиб қилиш борасида юртимизда амалга оширилаётган ишларни янада кенгроқ ёритиб бориш тавсия этилсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси З. Ҳуснидинов ва Бош вазир ўринбосари А. Азизхўжаев зиммасига юклансин.