Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ҳокимининг
Қарори
Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш мақсадида 2016 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг 2021 йил 22 майдаги VI-23-2-4-0-K/21-сонли «Қашқадарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й, 5-6-сон, 97-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сон қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қуйиш тартиби тўғрисида»ги низом (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й, 34-сон, 333-модда)да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда туманда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун 2016 йилда иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналадиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш ходимларининг рўйхат бўйича ўртача сони йигирма нафардан кўпни ташкил этадиган корхона, ташкилот, муассасалар учун ходимларнинг рўйхат бўйича ўртача сонидан 73 кишини ташкил этадиган 7 фоиз миқдорида, шу жумладан:
ўн тўрт ёшгача болалари ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ота, ёлғиз она ва кўп болали ота-оналар учун 33 фоиз (24 киши);
Касб-ҳунар коллежларини ҳамда олий ўқув юртларини грант асосида тугатган ёшлар учун 52 фоиз (38 киши);
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар сафидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун 3 фоиз (2 киши);
ногиронлар учун 3 фоиз (2 киши);
Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш туман марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 1 фоиз (1 киши);
жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чораларга тортилган шахслар учун 1 фоиз (1 киши);
одам савдосидан жабрланганлар учун 1 фоиз (1 киши);
бошқа тоифалар учун 6 фоиз (4 киши), шу жумладан сафарбарлик чақируви захирасига киритилган шахслар 1 киши, кичик ёшли болалари бўлган ишламаётган аёллар 2 киши, атрофдагилар учун хавфли бўлмаган ижтимоий аҳамиятли касалликлар билан оғриётган шахслар учун 1 киши миқдорида иш ўринлари захираси белгилансин.
2. 2016 йилда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган фуқароларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2016 йил учун банд қилиб қўйиш бўйича ишчи комиссия таркиби 1-иловага* ва иш ўринлари банд қилинган корхона, ташкилот ва муассасалар рўйхати 2-иловага*, корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳар чоракда туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига бериб борадиган ахборотининг намунавий шакли 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 — 3-иловалар берилмайди.
3. Иш берувчилар ушбу тоифа шахслар учун иш ўринлари ходимлар томонидан ўзларининг меҳнат мажбуриятларини тўсиқларсиз бажаришини таъминлайдиган санитария-гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқ бўлишини таъминласин.
Бунда:
Ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ота, ёлғиз она ва кўп болали ота-оналар учун болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича вазифаларини уйғунлаштириш имконини берадиган, ўзгарувчан иш жадвалига эга бўлган иш ўринлари;
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек олий ўқув юртларининг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчилар учун уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
ногиронлар учун меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлиғининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичлар ҳисобга олинган ҳолда) берадиган иш ўринлари;
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш туман марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун-махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахслар учун –уларнинг касб бўйича тайёргарлиги ҳисобга олинган ҳолдаги иш ўринлари, муайян касб-ҳунарга, малакага эга бўлмаган шахслар учун эса махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари бўлиши керак.
4. Тумандаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар 2016 йил бошлангунгача 10 кундан кечикмай ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилиб қўйилган иш ўринлари умумий сонининг камида 25 (йигирма беш) фоизи ҳажмда иш ўринлари банд қилиб қўйилишини ва тайёр бўлишини таъминласинлар ҳамда бу тўғрида туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига йил бошлангунгача ахборот беришсинлар.
5. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун иш ўринларининг қолган қисмини банд қилиб қўйиш корхона, муассаса, ташкилотлар (иш берувчи) томонидан календарь йилнинг биринчи чораги мобайнида амалга ошириб, бу тўғрида туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига йилнинг биринчи чораги тугагандан кейин 10 кундан кечикмай ёзма равишда ахборот бериш топширилсин.
6. Ногиронлар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонидан ортиқча ногиронлар учун иш ўринларининг ташкил этган ташкилотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёз олиш ҳуқуқига эгадирлар.
7. Ушбу қарорни бажармаган ташкилотга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солинади.
8. «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини туман ҳокими томонидан белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган корхона, ташкилот ва муассасалар ушбу иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларнинг бир қисмини туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканликлари инобатга олинсин.
9. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказ директори Б. Маҳматқуловга бир ҳафта муддатда мазкур қарорни тегишли корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари эътиборига етказсин ҳамда унинг бажарилиши устидан қатъий назоратни таъминласин.
10. Қамаши туман ҳокимининг 2014 йил 29 сентябрдаги «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2015 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги Х-667/9-сонли қарори 2015 йил 31 декабрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Р. Қурбонов зиммасига юклатилсин.
12. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким Р. МУХАММАДИЕВ
Қамаши т.,
2015 йил 29 сентябрь,
Х-558/9-сон