Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
БОЛАЛАР УЧУН ТОВАРЛАР ВА АЁЛЛАР ГИГИЕНАСИ АШЁЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ҲАМДА СОТИШНИ РАҒБАТЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Аёллар манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш юзасидан 1999 йил учун чора-тадбирлар Давлат дастурига мувофиқ ҳамда болалар учун товарлар ва аёллар гигиенаси ашёларини ишлаб чиқариш ва сотишни рағбатлантириш, шунингдек ушбу товарларнинг чакана нархларини пасайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
болалар учун товарлар ва аёллар гигиенаси ашёлари ишлаб чиқаришга ихтисослашаётган корхоналар, улар томонидан ушбу товарларга 1998 йилги базавий даражадан 15 фоиз паст бўлган сотиш нархлари қўлланган тақдирда, солиқларнинг барча турларини тўлашдан беш йил муддатга озод қилинсин;
товар айланмаси ҳажмида болалар учун товарлар ва аёллар гигиенаси ашёлари 75 фоиздан кўпроқни ташкил қиладиган чакана савдо корхоналари, ушбу товарлар 15 фоиздан юқори бўлмаган савдо устамаси билан сотилган ҳамда мазкур корхона рентабеллигининг чекланган даражаси 10 фоиздан ортиқ бўлмаган тақдирда, ялпи даромаддан олинадиган солиқ тўлашдан беш йил муддатга озод қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилаб қўйилсинки, ихтисослашган ишлаб чиқариш корхоналари жумласига ишлаб чиқариши ҳажмида болалар учун товарлар ва аёллар гигиенаси ашёлари 60 фоизни ва ундан кўпроқни ташкил қиладиган корхоналар киради.
3. Вазирлар Маҳкамасининг Истеъмол бозори комплекси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ҳафта муддатда болалар учун товарлар ва аёллар гигиенаси ашёлари рўйхатини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
4. Белгилансинки, солиқ солиш бўйича ушбу қарорнинг 1-бандида назарда тутилган имтиёзларга эга бўлган ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг болалар учун товарлари ва аёллар гигиенаси ашёлари нархлари белгиланган тартибда молия органларида декларация қилиниши керак.
Мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган шартларга риоя қилиниши устидан назоратни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси ушбу қарорга мувофиқ солиқ солиш бўйича имтиёзларга эга бўлган болалар учун товарлар ва аёллар гигиенаси ашёларини ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослашаётган корхоналар ва ташкилотлар нархлари даражаси устидан мониторинг ўрнатсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси мазкур қарорда назарда тутилган солиқ имтиёзларини қўллаш тартибини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар ҳамда уни манфаатдор шахсларга етказсинлар.
6. Мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган шартларга риоя қилинмаган тақдирда:
болалар учун товарлар ишлаб чиқаришга ихтисослашаётган корхоналар учун фойдадан олинадиган солиқнинг имтиёзли ставкаси 10 фоиз миқдорида сақлаб қилинсин;
аёллар гигиенаси ашёлари ишлаб чиқаришга ихтисослашаётган корхоналар учун фойдадан олинадиган солиқнинг имтиёзли ставкаси 10 фоиз миқдорида белгилансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Б.С. Ҳамидов ва М.З. Усмонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 4 май,
212-сон
(Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1999 й., 5-сон, 24-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 52-сон, 523-модда)