ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ Урганч шаҳар ҳокимининг
ҚарорИ
Урганч шаҳридаги қишлоқ ҳўжалиги ва мелиоратив техникаларни, машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги (Ўзбекиcтон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) Ўзбекиcтон Республикаси Қонунига, «Ўзбекиcтон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 декабрдаги «Қишлоқ ҳўжалиги ва мелиоратив техникани, асбоб-ускуналарни ҳисобга олиш ва уларнинг техник ҳолатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 345-сон (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 50-сон, 559-модда) қарорига ҳамда, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув ҳўжалиги вазирининг 2013 йил 2 апрелдаги 58-сон буйруғи билан тасдиқланган «Қишлоқ ҳўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низом (2013 йил 25 апрелъ, рўйхат рақами 2452, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 17-кон, 229-модда) талабларига асосан шаҳар ҳудудидаги мулкчилик шаклидан қатъий назар юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган ва шаҳар қишлоқ ҳўжалиги техникалари бўйича давлат инспектори томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган қишлоқ ҳўжалиги ва мелиоратив техникаларни, шунингдек машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш мақсадида, қарор қиламан:
1. Шаҳардаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларни, шунингдек машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини (кейинги ўринларда матнда «техника» деб юритилади) техник кўрикдан ўтказиш комиссияси тартиби 1-иловага*;
Техникаларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин ва жорий йилнинг 1-мартидан 1-июнигача техник кўрикдан ўтказилишини таъминлансин.
* 1 ва 2-иловалар берилмайди.
2. Техникаларни техник кўрикдан ўтказиш жараёнида техник кўрикдан ўтказувчи шаҳар комиссияси:
техникаларнинг сони, уларнинг мавжудлиги ва рўйхатдан ўтганлиги;
техниканинг техник паспорти ва қишлоқ хужалиги машинасининг гувоҳномасида кўрсатилган маълумотларда уларнинг тури, русуми, завод рақами, двигатель ва давлат рақамлари белгисининг мувофиқлиги;
техниканинг техник ҳолати ва жиҳозларининг созлигини кўриб чиқсин.
3. Техникалар техник кўрикдан ўтказилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг:
тракторлар, трактор тиркамалари, мелиоратив техника ва ўзиюрар машиналарга — 0,18 фоизи;
қишлоқ ҳўжалик машиналарга — 0,10 фоизи;
машина трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб ускуналари — 0,37 фоизи миқдорда йиғим ундирилсин.
4. Қишлоқ ҳўжалиги техникаси бўйича Урганч шаҳар инспектори (И. Тожиев) белгиланган тартибда рўйхатдан ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган носоз машиналарни йўлга чиқарилишини олдини олиш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтирсин.
5. Мазкур қарор қабул қилиниши билан шаҳар ҳокимининг 2015 йил 30 январдаги 107-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ушбу қарор Урганч шаҳар ҳокимининг расмий нашри ҳисобланган «Урганч оқшоми» газетасида эълон қилинган кундан кучга киради.
7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари М. Нарметов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким О. САПАЕВ
Урганч ш.,
2016 йил 29 февраль,
№ 332-қ
(«Урганч оқшоми» газетаси, 12.03.2016 й., 10 (468)-сон, )