Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг қўшма мажлисидаги «Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли» маърузаси қоидалари ҳамда хулосаларидан келиб чиқадиган вазифалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши Сенат Раиси И. Собировнинг мамлакат Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг қўшма мажлисидаги «Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли» маърузаси қоидалари ҳамда хулосаларидан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисидаги ахборотини тинглаб ва муҳокама этиб, шуни таъкидлайдики, давлатимиз раҳбарининг маърузаси мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида улкан аҳамиятга эга бўлган воқеа, бағоят муҳим назарий ва амалий аҳамиятга молик ҳужжат бўлди.
Маърузада таъкидлаб ўтилганидек, мустақиллик йилларидаги ислоҳот ва ўзгаришларнинг биринчи ҳамда иккинчи босқичи мобайнида миллий давлатчиликни қарор топтириш ва мустаҳкамлаш ишида, ижтимоий-иқтисодий ривожланишда, демократия институтларини шакллантириш ҳамда халқ фаровонлигини оширишда тарихий кўлам касб этувчи натижаларга эришилди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ҳамда самарадорлигини белгиловчи босқичма-босқич ислоҳ этишнинг бешта принципи концептуал асос бўлган, Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган давлат стратегияси ички ва ташқи сиёсатни изчиллик билан олиб боришда, мамлакат қатъий ва барқарор равнақ топишини таъминлашда алоҳида роль ўйнади.
Ана шунинг шарофати билан, тарихан қисқа муддат ичида суверен Ўзбекистон давлатчилигини барпо этишнинг ҳуқуқий базаси яратилди ҳамда уни мустаҳкамлаш юзасидан институциявий хусусиятдаги тадбирлар амалга оширилди. Иқтисодиётда муҳим таркибий-тузилмавий ўзгаришлар қилинди, унинг хом ашё тайёрлашга йўналтирилганлиги бартараф этилди, аҳолининг реал эҳтиёжлари босқичма-босқич қаноатлантирилмоқда. Ўзбекистонда барқарорлик ва хавфсизлик, қатъий ҳуқуқ-тартибот, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари ҳимоя қилиниши таъмин этилди. Ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган замонавий демократик жамиятнинг бунёдкорлари этиб тарбиялаш ҳамда маънавий баркамол янги авлод кадрларини тайёрлаш мамлакатимизда устувор йўналиш касб этди.
Ўтган давр мобайнида суд-ҳуқуқ тизими чуқур ислоҳ қилинди ва эркинлаштирилди. Хусусан, судлар суд қарорларини ижро этиш каби ўзларига хос бўлмаган вазифалардан холи қилинди, судларнинг ихтисослашуви таъминланди, жиноий жазо тизимини эркинлаштиришга доир чора-тадбирлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 1 январдан эътиборан мамлакатда ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги, шунингдек фуқароларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини прокуратурадан судларга ўтказиш тўғрисидаги 2007 йилда қабул қилинган қонунлари бутун жаҳонда улкан акс-садо берди. Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, инсоннинг озодликка бўлган конституциявий ҳуқуқи ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Бутун дунёда кенг жорий этилган хусусий фермер хўжаликларининг мамлакатимизда ҳам ташкил топганлиги қишлоқ хўжалиги тизимидаги ислоҳотлар самараси бўлиб, эндиликда улар амалда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг асосий шаклига айланди. Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчиларини ташкил этиш ва рағбатлантиришнинг сифат жиҳатдан янги принципларига асосланган бозор инфратузилмаси амалда янгитдан барпо этилди.
Ҳозирги кунда кичик ва хусусий бизнес бозорларимизни зарур товарлар ва хизматлар билан тўлдириш, аҳоли даромади ва фаровонлигини оширишнинг асосий манбаи бўлиб қолди. Шу муносабат билан иқтисодиётни янада эркинлаштириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг эркинлиги ва иқтисодий мустақиллигини ошириш, кенг тармоқли бозор инфратузилмасини шакллантириш, давлатнинг назорат ва бошқарув ваколатини кескин камайтириш, унинг корхоналар хўжалик фаолиятига аралашувини чеклаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги тўсиқ-ғовларни бартараф этиш сингари тадбиркорликни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатган чора-тадбирларни алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир.
Мамлакат Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан икки палатали парламентнинг шакллантирилиши мустақиллик йилларида демократик тараққиётнинг муҳим босқичларидан бири бўлди. У Ўзбекистон давлатчилигини мустаҳкамлашга, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи тармоғини кучайтириш ҳамда конституциявий ваколатларини кенгайтиришга ёрдам қилди. Натижада ҳокимият тармоқлари — қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти ўртасида ўзаро бир-бирини тийиш ва мувозанатни сақлаш механизми анчагина такомиллаштирилишига эришилди, минтақаларнинг демократик вакиллиги доираси кенгайди, қонун ижодкорлиги жараёни сифати ошди, профессионал парламентга ўтиш таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши Президент Ислом Каримовнинг маърузасида мамлакатни демократлаштириш ва модернизациялаш, демократик, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, ижтимоий ўзгаришлар йўли бундан буён ҳам изчил давом эттирилиши ва теранлашиб боришини таъминлаш, жамиятда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, тинчликсевар ташқи сиёсат олиб бориш ва жаҳон хўжалик алоқаларига қўшилиш билан боғлиқ ишлардаги стратегик вазифалар белгилаб берилганлигини қайд этади. Ана шу вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, Сенат қўмиталари ҳамда сенаторлар бевосита ва фаол роль ўйнамоғи лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг қўшма мажлисидаги «Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли» маърузасидаги қоидалар ва хулосаларни тўла маъқуллаган ҳолда улар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг, Сенат қўмиталари ва ҳар бир сенаторнинг келгуси фаолияти учун асос қилиб олиниши зарур деб ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли» маърузасида белгилаб берилган қоида ва хулосаларни, мамлакатни янада ривожлантиришнинг стратегик вазифаларини аҳоли ўртасида кенг кўламда тушунтириш ишларини ташкил этсин.
3. Мамлакат Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг қўшма мажлисидаги «Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли» маърузасида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи навбатдаги чора-тадбирлари дастури* тасдиқлансин.
* Дастур берилмайди.
4. Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги, уларнинг минтақавий ривожланиш муаммоларини ҳал этишдаги фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш масалалари бўйича гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси билан биргаликда мамлакат Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг қўшма мажлисидаги «Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли» маърузасида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан 2007 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмиталарининг ҳамда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссияларининг раислари учун ўқув курслари ташкил этсин.
5. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 19 сентябрь,
397-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 9-сон, 467-модда)