Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, 2006 йилда юритилган қатъий пул-кредит сиёсати, шунингдек банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар юқори суръатлардаги иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга ва инфляцияни жиловлаб туришга қаратилди.
Ҳисобот даврида макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, инфляциянинг паст даражада бўлишини таъминлаш, пул ва молия бозорини жадал ривожлантириш ҳамда эркинлаштириш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23, 28-моддаларига мувофиқ пул-кредит сиёсатининг бозор воситаларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор берилди.
Қатъий пул-кредит сиёсати олиб борилганлиги ва монетар кўрсаткичларнинг барқарор даражасини таъминлаш ҳамда инфляция жараёнларини жиловлаш чора-тадбирлари амалга оширилганлиги инфляция даражасини пасайтириб 6,8 фоизга келтириш имконини берди.
Юқорида айтилган Қонуннинг 40-моддасига мувофиқ мамлакатда экспортни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган валюта сиёсати юритилганлиги ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида ўсишига ҳамда олтин-валюта захиралари 61 фоиз кўпайишига ёрдам берди.
Ташқи ва монетар омилларнинг инфляция даражасига ҳамда пул массаси кўпайишига бўлган таъсирини камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасида 500 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағ жам бўлди.
120 дан ортиқ мақбул омонат турларининг жорий этилганлиги аҳолининг банклардаги пул жамғармалари 51 фоиз кўпайишига ёрдам берди ва бундай жамғармалар суммаси 678,3 миллиард сўмга етди.
Нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг замонавий шаклларидан бири бўлган пластик карточкалардан фойдаланиш соҳаси, уларга хизмат кўрсатувчи терминаллар тармоғи анча кенгайиши таъмин этилди. Чунончи, 2006 йилда тижорат банклари томонидан чиқарилган пластик карточкаларнинг умумий миқдори 1,5 баравар кўпайди, терминаллар сони эса 14,3 минг донага етди.
Макроиқтисодий барқарорлик банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни рағбатлантирди.
Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 50, 52-моддаларига мувофиқ банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш учун амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2006 йилда банкларнинг жами капитали 15 фоиз, активлари 28 фоиз, иқтисодиётнинг реал секторига миллий валютада берилган кредитлар ҳажми эса 35 фоиз кўпайди.
Хусусийлаштириладиган корхоналар акцияларига эгалик қилишнинг белгиланган нормативи устав капиталининг 50 фоизига қадар кўпайтирилганлиги хўжалик юритувчи субъектлар акцияларини сотиб олиш учун банклар томонидан қилинган инвестициялар 1,6 баравар ўсишига имкон берди.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига:
мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2007 йилга мўлжалланган аниқ мақсадли макроиқтисодий кўрсаткичларини бажаришга қаратилган пул-кредит сиёсати ўтказишни давом эттириш, бунда пул агрегатларини тартибга солишнинг бозор воситаларидан кенг фойдаланиш;
валюта ҳамда курс сиёсатини иқтисодиётнинг молиявий барқарорлигини кучайтиришга, экспортни янада рағбатлантиришга ва олтин-валюта захираларини ҳамда инфляция даражасини самарали бошқаришга қаратиш;
банк тизимида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва уларнинг кўламини кенгайтиришга доир комплекс тадбирлар бажарилишини таъминлаш;
халқаро стандартларга мувофиқ тижорат банкларининг фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солишни кучайтириш;
ўзаро ҳисоб-китобларнинг илғор шаклларини, шу жумладан пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда янада ривожлантириш юзасидан назарда тутилган тадбирлар бажарилишини таъминлаш;
минтақаларда нобанк кредит ташкилотлари, хусусан кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг белгиланган мақсадларини амалга ошириш топширилсин.
3. «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмунидан келиб чиққан ҳолда банк тизимига:
устав капиталини кўпайтириш, аҳолининг, тадбиркорлик субъектлари ва бўлажак инвесторларнинг, шу жумладан чет эллик инвесторларнинг бўш турган пул маблағларини жалб этиш учун қўшимча акциялар чиқариш ҳамда уларни фонд бозорларида фаол жойлаштириш йўли билан капиталлашув даражасини оширишга қаратилган ишларни кучайтириш;
2007 йилда ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан банк тизими олдига қўйилган вазифаларни «Мижоз банк учун эмас, балки банк мижоз учун» деган принцип асосида бажаришга, шунингдек аҳолининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банк тизимига бўлган ишончини банклараро рақобатни кучайтириш йўли билан янада мустаҳкамлашга қаратиш;
инвестиция жараёнларидаги иштирокни кенгайтириш, корхоналарни модернизациялаш, техника ва технология билан қайта жиҳозлаш лойиҳаларини кредитлашни кўпайтириш;
мижозларга кўрсатилаётган банк хизматларининг сифатини яхшилаш ва янги турларини жорий этиш, банк муассасалари тармоғини кенгайтириш юзасидан белгиланган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорларга, шу жумладан деҳқон-фермер хўжаликларига молия-воситачилик хизматлари кўрсатиш соҳасини кенгайтириш тавсия этилсин.
4. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 30 июнь,
358-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 6-сон, 292-модда)