Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2005-2006 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг ҳисобот давридаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан Сенатининг 2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисидаги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги мажлисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 24 февралдаги бешинчи ялпи мажлисидаги маърузаларида белгилаб берилган вазифаларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати 2006 йил 25 февралда қабул қилган 149-I-сонли қарорнинг 3-бандини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2006 йил 4 апрелдаги 164-I-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ҳаракат дастурининг 8.5-бандини бажаришга қаратилди.
Қўмита ҳисобот даврида Олий Мажлис Сенатига маъқуллаш учун тақдим этилган қонунлар юзасидан йигирма иккита хулоса тайёрлади. Сенатнинг ялпи мажлисларида шу қонунлардан ўн саккизтаси маъқулланди, тўрттаси рад этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимларига биноан Қўмита томонидан Олий Мажлис Сенатининг амнистия ҳақидаги иккита қарори лойиҳаси тайёрланди.
Назорат ваколатларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг тўртта қонуни ижроси жойларга бориб ўрганилди, ўрганиш натижалари Қўмита мажлисларида муҳокама қилинди. Тегишли қарорлар қабул қилиниб, ижро учун жойларга юборилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2005 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳамда адлия вазирининг Ўзбекистон Республикасида 2006 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ҳисоботлари ҳам Қўмита мажлисларида муҳокама қилинди.
Ҳисобот даврида Қўмита ўн саккизта тадбир (семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари) ўтказди, шу жумладан уларнинг олтитаси минтақаларда ўтди. Ана шу тадбирларда билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилди ҳамда кўриб чиқиш учун тегишли давлат органларига юборилди.
Қўмита мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди судьялари лавозимларига ўттиз олти нафар номзод кўриб чиқилди.
Шу билан бирга Қўмитанинг ҳисобот давридаги фаолиятида айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Хусусан, Қўмита аъзоларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари билан ҳамкорлиги етарли даражада таъмин этилмади. Қўмита аъзолари қонунларнинг амалиётда қўлланилиши билан боғлиқ масалаларни чуқурроқ ўрганишга, шунингдек қонунларни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилишга кўпроқ эътибор беришлари керак.
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2005-2006 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2005-2006 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан Сенатининг 2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисидаги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги мажлисида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида 2006 йил 24 февраль куни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 12 февралда бўлиб ўтган, 2006 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2007 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида қилган маърузаларидан келиб чиқадиган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати 2006 йил 25 февралда қабул қилган 149-I-сонли қарорида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2006 йил 4 апрелдаги 164-I-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни бажаришни бундан буён ҳам давом эттириш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси 2007 ва келгуси йиллардаги фаолиятининг асосий йўналишлари деб белгилансин.
Белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси:
Қўмита аъзоларининг куч-ғайратини мамлакат қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга, қабул қилинган қонунлар ижро этилишини таъминлашга қаратсин;
суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларини чуқурлаштириш юзасидан қабул қилинган қонунларнинг ижросини назорат қилиш ишларини кучайтирсин;
минтақалардаги энг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш борасида Қўмита аъзоларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари билан ҳамкорлиги механизми таъсирчанлигини ошириш юзасидан қўшимча чоралар кўрсин;
қабул қилинаётган қонунларни оммавий ахборот воситалари ва хабардор этишнинг бошқа таъсирчан усуллари орқали аҳоли ўртасида тарғиб этиш ҳамда ана шу қонунларнинг мазмун ва моҳиятини тушунтириш масалаларида, шунингдек «Ижтимоий ҳимоя йили» Давлат дастурини амалга оширишда жойларда ишлаётган Қўмита аъзоларининг фаоллигини кучайтириш чораларини кўрсин.
3. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси М.А. Ражабова зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 25 май,
340-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 5-сон, 247-модда)