Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2005 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р. Қодировнинг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2005 йилдаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, шуни қайд этадики, республика прокуратура органлари ўз зиммаларига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг манфаатларини, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, қонунбузарликларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш соҳасида иш олиб бормоқда.
Умуман прокуратура органлари 2005 йилнинг ўтган даврида амалга оширган ишлар давлатимиз раҳбари И. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги «Бизнинг бош мақсадимиз – жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир» деган маърузасида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқадиган вазифаларни бажаришга қаратилди.
Иқтисодиётни, қонунларни эркинлаштириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг ижроси назорат қилинишини таъминлашга алоҳида эътибор берилди.
Аниқланган қонунбузарлик ҳолларини бартараф этиш учун 259 мингдан зиёд прокурор назорати ҳужжатлари чиқарилди. Уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 122 минг нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарлик чоралари кўрилди.
Фуқаролар ва юридик шахслар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб, судларга 95 млрд сўмликдан ортиқ даъво аризалари киритилди.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва, хусусан, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни ўз вақтида тўлашга, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам беришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижроси мунтазам назорат қилиб борилди. Бу соҳада Ўзбекистон Республикаси қонунларини бузиш ҳолларига чек қўйиш чоралари кўрилиб, айбдорларни жавобгарликка тортиш муқаррарлиги принципи таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қишлоқ хўжалиги соҳасида ижро этилишини назорат қилиш жараёнида жами 26 минг гектардан ортиқ ер майдонларидан қонунга хилоф ва ноўрин фойдаланиш ҳоллари аниқланиб, уларни хўжаликлар ихтиёрига қайтариш чоралари кўрилди.
Республика бўйича 153 нафар мансабдор шахс (шу жумладан, давлат бошқаруви органларининг 113 нафар ходими) томонидан хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳоллари аниқланди. Бу шахслар ер участкаларини қонунга хилоф равишда эгаллаб олганлар, таниш-билиш ва яқин кишиларига ажратиб берганлар, уларга ҳомийлик қилганлар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти томонидан иқтисодиёт соҳасидаги қонунбузарликларни аниқлаш юзасидан бир қанча тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 2005 йилда 47 млрд. сўмдан ортиқ бюджетга қўшимча ҳисобланган солиқ ва жарималар ундирилди, ўтказилган профилактика тадбирлари воситасида 9,4 млрд сўмнинг ихтиёрий равишда қопланиши таъминланди, 4,3 млн АҚШ доллари ноқонуний муомалада юрганлиги аниқланди, қонунга хилоф тарзда республика ҳудудига олиб кирилган 4,8 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар олиб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия билан яқиндан ҳамкорликда вояга етмаганлар ҳақидаги қонунларга риоя этилишини назорат қилиш юзасидан амалга оширилган тадбирларда асосий эътибор ўсмирларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ўқитиш ва тарбиялашга, айниқса, уларнинг меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатлар ва бошқа таълим муассасаларидаги яшаш ва ўқиш шароитларини ўрганишга қаратилди.
Суриштирув ва дастлабки терговнинг сифатини яхшилаш, тергов муддатларига қатъий риоя этиш, эҳтиёт чораларини тўғри танлаш, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш чоралари кўрилди. Жиноятлар оқибатида етказилган 61 млрд сўмликдан ортиқ моддий зарар ундириб олинди. Шу билан бирга аниқланган моддий зарарнинг 27 фоизи ундирилмай қолди.
Ҳисобот даврида прокурорларнинг ишларни судда кўришда иштирок этиши, шунингдек ноқонуний суд қарорларига протест киритиши анча кўпайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2005 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарори оғишмай ижро этилишини таъминлаш чоралари кўрилди.
Ҳисобот даврида «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари доирасида прокуратура органларига тушган жами 79 мингта ариза ва шикоятнинг 37 мингдан ортиғи бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилиб, ҳал қилинди.
Прокуратура органларида 64 минг нафардан ортиқ фуқаро қабул қилиниб, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилди. Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини текшириш натижалари бўйича инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолларини бартараф этиш, бу борада тегишли жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликни кучайтириш, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 29 августдаги 466–I-сонли Қарори билан тасдиқланган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурига мувофиқ жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳоли орасида Ўзбекистон Республикаси қонунларини тарғиб этиш ва тушунтириш ишларини олиб боришга ҳам катта эътибор берилди. Ана шу мақсадда оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан кенг фойдаланилди.
Шу билан бир қаторда ҳисобот даврида прокуратура органлари фаолиятида айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган.
Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоялашни, иш билан таъминлашни, тадбиркорлик қўллаб-қувватланишини, уй-жой-коммунал хўжалиги соҳасида ислоҳотлар амалга оширилишини таъминлаши, шунингдек газ ва электр энергиясидан қонунсиз фойдаланиш, тижорат банклари мижозларнинг ҳуқуқларини, айниқса уларнинг нақд пул маблағларини ўз вақтида олиш ҳуқуқларини бузиш ҳолларининг олдини олиши керак бўлган органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунларининг бажарилиши талаб даражасида назорат қилинмаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 11 мартдаги «Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган қонунлар ижросини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–3406-сонли Фармони талаблари бажарилишини таъминлашда камчиликлар мавжуд.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, жумладан, деҳқон ва фермерларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмининг тўғри ишлашига халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш масалаларига етарли эътибор берилмаётир. Ширкатларни фермер хўжаликларига айлантириш жараёнида деҳқон ва фермер хўжаликларига ер майдонлари ажратишда йўл қўйилаётган қонунбузарликларга чек қўйиш борасидаги прокурор назорати ҳамма вақт ҳам кутилган самарани бермаяпти.
Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти фаолиятида жиддий камчиликлар мавжуд. Департамент яширин иқтисодиётга ва бу соҳадаги жиноятларга қарши курашда оператив имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланмаётир.
Вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижросини таъминлаш билан боғлиқ қатор муаммолар ҳал қилиниши керак.
Жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, айниқса, наркотрафик, терроризм каби трансмиллий жиноятларга ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа кўринишларига қарши курашиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришда айрим камчиликлар бор. Профилактика ишларида диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш соҳасида жамоатчилик имкониятларидан етарлича фойдаланилмаётир, жамоат бирлашмалари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик етарли эмас.
Жиноятчиликка қарши курашувчи органлар фаолиятида жиноятларни ҳисобдан яшириш каби салбий ҳолатларга барҳам бериш юзасидан ҳамма вақт ҳам қатъий чоралар кўрилаётгани йўқ.
Вазирликлар, давлат қўмиталари, идора ва ташкилотларнинг фаолиятида «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси устидан назоратни таъминлашда, уларнинг раҳбарларида бу ишнинг аҳволи учун масъулиятни оширишда камчиликлар мавжуд.
Прокуратура органларида кадрларни танлаш, масъул лавозимларга тайинлаш ва уларнинг профессионал жавобгарлигини кучайтириш соҳасида зарур даражада иш олиб борилмаётир, шунингдек прокуратура органлари ихтиёридаги илмий салоҳиятдан етарли фойдаланилмаётир.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р. Қодировнинг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2005 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 2005 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2006 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралда бўлиб ўтган йиғилишидаги маърузаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 24 февралда ўтказилган бешинчи ялпи мажлисидаги «Мамлакатимиз тараққиётининг қонуний асосларини мустаҳкамлаш – фаолиятимиз мезони бўлиши даркор» нутқида баён этилган асосий қоидалар прокуратура органлари фаолиятининг устувор вазифалари қилиб белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига:
Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамма ерда бир хил ва оғишмай бажарилишини назорат қилишнинг таъсирчанлигини ошириш ва қонун устуворлигини таъминлаш чораларини кўриш;
аҳолини ижтимоий ҳимоялашни ва иш билан таъминлашни, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни, тижорат банклари томонидан мижозларга хизмат кўрсатишда, айниқса, нақд пул маблағларини ўз вақтида беришда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижроси устидан мунтазам назоратни амалга ошириш;
қишлоқ хўжалигида қонунийликни мустаҳкамлаш, деҳқон ва фермерларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмларининг самарали ишлашига халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўриш;
уй-жой-коммунал хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига ёрдам бериш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқароларнинг газ, электр энергиясидан фойдаланишини тартибга солишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижроси устидан назоратни кучайтириш;
жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, айниқса, наркотрафик, терроризм каби трансмиллий жиноятларга ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа кўринишларига қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш ишларини янада кучайтириш, жамоат бирлашмалари ва халқаро ташкилотлар билан доимий ҳамкорлик ўрнатиш;
Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти ишида жиноятларни аниқлаш ҳамда яширин иқтисодиётга қарши курашда тезкор имкониятлардан фойдаланишни кучайтириш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия билан ҳамкорликда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижроси юзасидан қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
«Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг вазирликлар, идора ва ташкилотлар томонидан ижро этилиши устидан назоратни кучайтириш, улар раҳбарларининг масъулиятини ошириш;
прокуратура органларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тизимини такомиллаштириш, прокуратура органлари ходимларининг профессионал масъулиятини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор бериш топширилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ушбу қарорнинг бажарилиши ҳақида 2006 йил 1 ноябргача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот берсин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 10 июнь,
194-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 й., 6-сон, 326-модда)