Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2008 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2008 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, ўтган давр мобайнида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан, мамлакатимизда экологик вазиятни соғломлаштириш ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган муайян ишлар амалга оширилган.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари 2008 йилда ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2008 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов томонидан ўртага қўйилган вазифаларни бажаришга қаратдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2008 йил 28 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2007 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида»ги 476-I-сонли Қарорини бажара бориб комплекс тадбирлар амалга оширилган, натижада ўтган йили атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори 2007 йилдагига нисбатан 56,8 минг тоннага, очиқ оқар сувларга ташланаётган ифлосланган оқова сув ҳажми 4,6 миллион куб метрга камайган, қарийб 32 миллион куб метр чиқинди қайта ишланган ва 20 миллион куб метрдан кўпроқ сув тежаб қолинган. 20 мингдан ортиқ автотранспорт воситаси газ ва дизель ёнилғиси билан ишлашга ўтказилган. Амударё ва Сирдарё ҳавзасининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳамда соҳилбўйи минтақаларидан экологик хавф туғдириши мумкин бўлган 161 та объект олиб чиқилган. 19 миллион гектарга яқин майдонда ўсимликларни биологик усул билан ҳимоя қилиш тадбирлари амалга оширилган. Майдони 170 минг гектардан ортиқ ҳудуд кўкаламзорлаштирилган.
Назоратдаги хўжалик юритувчи субъектларда ўтказилган текширишлар сони 4,8 фоиз камайган. Таҳлилий ва профилактика йўналишидаги ишлар кучайтирилган, атроф муҳитни белгиланган нормативлардан ортиқ даражада ифлослантираётган 22,6 мингга яқин манба аниқланган, бу 2007 йилдаги кўрсаткичдан 15 фоиз кўпдир. «Тоза ҳаво» операциясини ўтказиш чоғида 209 мингга яқин ёки ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 13,2 фоиз кўп автотранспорт воситаси текширувдан ўтказилган. Атроф муҳитни белгиланган нормативлардан ортиқ даражада ифлослантираётган 20 мингдан ортиқ ҳаракатланувчи манбалар аниқланиб, 1131 дона автотранспорт воситасидан фойдаланиш вақтинча тўхтатиб қўйилган.
Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўпол тарзда бузганлиги учун 21 мингдан ортиқ мансабдор шахс ва фуқаро маъмурий жавобгарликка, 26 киши жиноий жавобгарликка тортилган, бу 2007 йилдаги кўрсаткичга қараганда тегишинча 12,3 ва 18,2 фоиз кўпдир.
Табиатни муҳофаза қилиш маҳаллий жамғармаларига 2007 йилдагига нисбатан 14,7 фоиз кўп ёки 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тушган, унинг 1,9 миллиард сўмдан ортиқроғи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, 553 миллион сўмдан кўпроғи Республика табиатни муҳофаза қилиш жамғармасига ўтказилган, бу 2007 йилдаги кўрсаткичга нисбатан тегишинча 13,4 ва 28,8 фоиз кўпдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 2008 — 2012 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастури тасдиқланди.
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаб қолиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қувайт Давлати, Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Айдар-Арнасой кўллар тизими халқаро аҳамиятга молик Рамсар сувчил-ботқоқ майдонлар рўйхатига киритилди. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда чиқиндилар давлат кадастрлари юритилиши таъминланди.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Майлуу-Суу дарёси минтақасидаги тоғ кўчиш ва сел олиш жараёнлари ҳолатини, шунингдек «Тожикистон алюминий компанияси» давлат унитар корхонасининг Сурхондарё вилоятининг айрим туманларига таъсирини доимий назорат қилиб бормоқда.
Атроф муҳит ҳолатини мониторинг қилишнинг ягона тизими шакллантирилди, ахборот билан таъминлаш бўйича маълумотлар базаси яратилди. Экологик билимлар ва экологик таълимни тарғиб қилиш иши, шунингдек ноширлик фаолияти кучайтирилди. Экология мавзуида эълон қилинган мақолалар сони 2007 йилдагига нисбатан 10 фоизга, радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувлар 15,7 фоизга, лекция ва суҳбатлар 1,6 баравар кўпайди.
Қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш ишлари давом эттирилди ва Ўзбекистон Республикасининг қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш дастури концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:
вазирликлар ва идораларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг табиий ресурслардан оқилона ҳамда комплекс фойдаланиш, тозалаш иншоотларининг самарадорлигини ошириш, руда урвоқлари (шлам) чиқариб ташланадиган жойларга ва қазилма чиқиндихоналарига туташ ҳудудларни зарарсизлантириш, чиқиндиларни утилизация қилиш ва улардан қайта фойдаланиш соҳасидаги ишларини етарли даражада мувофиқлаштирмаётир;
экологик мониторинг натижалари бўйича талаб даражасида чоралар кўрилишини таъминланмаётир;
Тошкент, Ангрен, Андижон, Бухоро, Қарши, Навоий, Сариосиё, Чирчиқ, Фарғона сингари шаҳарларда ифлослантирувчи моддаларнинг айрим ингредиентлари бўйича ифлосланиш даражасини санитария-гигиена нормаларига қадар пасайтириш учун етарлича чоралар кўрмаётир.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2008 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш юзасидан 2008 — 2012 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тегишли ҳудудий ҳаракат дастурларини амалга ошириш тадбирлари бажарилишини мувофиқлаштириб бориш ва қатъий назорат қилишни таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:
табиий ресурслардан, шу жумладан сув, ер, минерал-хом ашё ресурсларидан, биологик ресурслар ва айниқса балиқ ресурсларидан оқилона ҳамда комплекс фойдаланилишини таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширсин;
мамлакат ҳудудида атроф муҳитнинг ифлосланиш даражасини экология-гигиена ва санитария нормаларига қадар пасайтириш чоралари бажарилишини таъминласин;
Оролбўйи минтақасида экологик ҳолатни локаллаштириш, қайта тиклаш ва соғломлаштиришни таъминлаш юзасидан комплекс чоралар кўрсин;
Орол денгизи ҳавзасидаги дарёларнинг сувини муҳофаза қилиш зоналаридан экологик хавф туғдириши мумкин бўлган объектларни олиб чиқиш ишларини давом эттирсин;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида илмий-техникавий салоҳиятни ривожлантирсин ҳамда фан ва техника ютуқларидан фойдалансин, экологик тоза ҳамда ресурс тежайдиган технологияларни, шу жумладан қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этсин;
табиатдан фойдаланишда иқтисодий механизмни янада такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш юзасидан зарур чоралар кўрсин;
экологик мониторинг, прогноз ва ахборот бўйича ягона тизимни атроф муҳитнинг трансчегаравий ифлосланишини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирсин;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг, ишлаб чиқариш чиқиндиларининг давлат кадастрлари юритилишини таъминласин;
аҳолининг экологик таълими, маданияти ҳамда тарбияси тизимини барқарор тараққиёт манфаатларини кўзлаб ривожлантирсин ва такомиллаштирсин;
экологик муаммоларни ҳал қилишда жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликни чуқурлаштирсин, чегара яқинидаги ҳудудларга ва трансчегаравий оқар сувларга салбий таъсирни камайтириш мақсадида трансчегаравий мазмундаги экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар бажарилиши устидан назоратни кучайтирсин;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва дахлдор тузилмалар билан биргаликда «Тоза ҳаво» операциясини ўтказишнинг самарадорлигини ошириш чораларини кўрсин;
дахлдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш дастури концепцияси лойиҳасини ишлаб маромига етказсин ва кўриб чиқиш учун 2009 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги статистика ҳисоботлари тўлиқ йиғилишини ва тўғри ҳамда ишончли бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 2008 — 2012 йилларга мўлжалланган ҳудудий ҳаракат дастурларидаги тадбирлар бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин;
табиатдан фойдаланишни бошқаришнинг иқтисодий механизми самарадорлигини оширсин ҳамда атроф муҳитни ифлослантирганлик учун ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари маблағлари маҳаллий табиатни муҳофаза қилиш жамғармаларига ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўз вақтида келиб тушишини таъминласин;
Тошкент, Ангрен, Андижон, Бухоро, Қарши, Навоий, Сариосиё, Чирчиқ, Фарғона сингари шаҳарларда ифлосланиш даражасини санитария-гигиена нормаларига қадар пасайтириш, шунингдек тозалаш иншоотлари ишининг самарадорлигини ошириш чораларини кўрсин;
саноат ва маиший оқова сувларни тозалайдиган коммунал тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда улар ишининг самарадорлигини ошириш ишларини ташкил этсин;
балиқ захиралари камайишининг олдини олиш, балиқчилик йўналишидаги мелиорацияни ва балиқ ресурсларини қайта тиклаш ишларини амалга ошириш юзасидан таъсирчан чоралар кўрсин;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг, ишлаб чиқариш чиқиндиларининг давлат кадастрлари юритилишини ташкил этиш ҳамда таъминлашга кўмаклашсин;
аҳолининг экологик таълими, маданияти ҳамда тарбияси тизимини ривожлантиришга ва такомиллаштиришга кўмаклашсин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси (Ғ. Алиев) зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 28 март,
641-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 й., 3-сон, 87-модда)