Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2007 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2007 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, ўтган давр мобайнида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан мамлакатда экологик вазиятни соғломлаштириш ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган муайян ишлар амалга оширилган.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2007 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов томонидан ўртага қўйилган вазифаларни бажаришга қаратилган фаолият олиб бордилар.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2007 йил 30 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида»ги 331-I-сонли Қарорини бажара бориб, вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириб, комплекс тадбирларни амалга оширган, натижада ўтган йили кўчма манбалардан атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори 2006 йилдагига нисбатан 5,9 минг тоннага, очиқ сув ҳавзаларига ташланаётган ифлосланган оқова сув ҳажми 99 минг ва норматив бўйича тозаланган оқова сув ҳажми 88,74 миллион куб метрга, ҳосил бўлаётган чиқиндилар миқдори тўққиз фоизга камайган. Қуввати соатига 48,4 минг куб метрни ташкил этадиган чанг ва газ тозалаш қурилмалари фойдаланишга топширилган, ишга туширилган айланма сув таъминоти тизимлари эса иш ҳажмини 7,03 миллион куб метрга кўпайтириш имконини берган. 3,7 минг километрдан ортиқ узунликдаги водопровод ва 10,8 километрлик канализация тармоқлари қурилган ҳамда таъмирланган, 38 минг куб метр сув тежаб қолинган. Сурхондарё, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида Амударё ёқалаб, Андижон, Наманган, Сирдарё, Тошкент ҳамда Фарғона вилоятларида Сирдарё ёқалаб сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳамда соҳилбўйи минтақалари ерларининг умумий майдони белгилаб берилган. 3,7 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланган, икки минг гектар ер қайта тикланган. 19,6 мингта автотранспорт воситаси газ ва дизель ёнилғиси билан ишлашга ўтказилган. Этилланган бензин ишлаб чиқариш миқдори камайтирилган ва у жами ишлаб чиқарилган бензин ҳажмининг икки фоизини ташкил қилган. Ишдан чиққан люминесцент лампаларни зарарсизлантириш ўтган йилга нисбатан 12 фоизга кўпайган. Фосфогипсни қайта ишлаш қурилмаси фойдаланишга топширилган. Майдони 943 гектардан ортиқ ҳудуд кўкаламзорлаштирилган.
«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоялаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Тадбиркорлик субъектларини текширишни янада қисқартириш ва унинг тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларини ижро этиш мақсадида назоратдаги хўжалик юритувчи субъектларда ўтказилган текширишлар сони 4,2 фоиз камайтирилган. Айни бир вақтда текширувлар самарадорлиги икки фоизга ошган ва 99,8 фоизни ташкил этган.
Ҳисобот даврида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан таҳлилий ва профилактика йўналишидаги ишлар кучайтирилган. Атроф муҳитни белгиланган нормативлардан ортиқ даражада ифлослантираётган 598 та манба аниқланган. «Тоза ҳаво» операцияси тадбирларини ўтказиш чоғида 154 та автохўжалик, 145 та автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси ва 21 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш станцияси, иккита автомобилларни таъмирлаш заводи ҳамда 184 мингга яқин ёки 2006 йилдагига нисбатан 32,7 фоиз кўп автотранспорт воситаси текширувдан ўтказилган. Атроф муҳитни белгиланган нормативлардан ортиқ даражада ифлослантираётган 17 мингга яқин ҳаракатланувчи манбалар аниқланиб, 362 дона автотранспорт воситасидан фойдаланиш вақтинча тўхтатиб қўйилган.
Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўпол тарзда бузганлиги учун 19 мингга яқин ёки 2006 йилдагидан 31,3 фоиз кўп мансабдор шахс ва фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилган. Атроф муҳитга етказилган зарарни қоплаш юзасидан солинган жарималар ва киритилган даъволар миқдори олдинги ҳисобот йилидагига нисбатан 2,4 баравар ортган. Браконьерлардан олдинги ҳисобот йилидагига нисбатан икки баравар кўп ов қуроли ҳамда 1,4 баравар кўп тўр ва шунга ўхшаш материаллар мусодара этилган.
Табиатни муҳофаза қилиш маҳаллий жамғармаларига 2006 йилга нисбатан 36 фоиз кўп ёки 3,7 миллиард сўм маблағ тушган бўлиб, унинг 1,7 миллиарддан ортиқроғи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, 429 миллиондан ортиқроғи эса республика табиатни муҳофаза қилиш жамғармасига ўтказилган, бу 2006 йилга нисбатан тегишинча 34 ва 20,2 фоиз кўпдир.
Табиатни муҳофаза қилиш республика жамғармаси дастурида белгиланган тадбирлар бажарилганлиги натижасида 2007 йилда 377,4 миллион сўм ўзлаштирилган, бу эса режалаштирилган харажатларнинг 92 фоизини ташкил этади. Шу маблағларнинг 225 миллион сўмдан ортиқроғи ёки 59 фоиздан ортиғи табиатни муҳофаза қилиш мақсадларига сарфланган.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ҳисобот даврида қарийб 460 минг АҚШ доллари миқдорида чет эл инвестициялари жалб этилган ва ўзлаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Экологик вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда Айдар-Арнасой кўллари тизимидан самарали фойдаланиш комплекс дастури қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига Ўзбекистон Республикасида чиқинди билан боғлиқ ишларни бошқариш Миллий стратегияси ва Ҳаракат режаси, Ўзбекистонда экотуризмни ривожлантириш концепцияси лойиҳалари, Иқтисодиёт ва Молия вазирликларига эса Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 2008 — 2012 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш Миллий дастурини амалга ошириш тадбирлари лойиҳалари киритилган.
Хитой Халқ Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат бошқармаси билан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўртасида атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳамфикрлик Меморандуми имзоланди. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг Трансчегаравий очиқ сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда фойдаланиш бўйича Конвенцияга (Хельсинки, 1992 йил 17 март) ҳамда Халқаро очиқ сув оқимларидан кема қатнови билан боғлиқ бўлмаган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенцияга (Нью-Йорк, 1997 йил 21 май) қўшилиши зарурлигини асослаб берувчи ҳужжатларни тайёрлашда иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 9 августдаги «Халқаро шартномаларга қўшилиш тўғрисида»ги ПҚ-683-сонли Қарори қабул қилинганлиги трансчегаравий очиқ сув оқимларидан оқилона фойдаланиш борасидаги халқаро ҳуқуқлар ва нормаларни амалга оширишга ёрдам беради.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар кадастрининг юритилиши ҳам Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан таъмин этилди. Бу иш ҳозирги кунда 303 объект бўйича амалга оширилмоқда. Жиззах ва Навоий вилоятларидаги ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёси кадастрлари бўйича материаллар тузиб чиқилди ва нашр этилди.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Тожикистон алюминий заводининг Сурхондарё вилоятининг айрим туманларига таъсири ҳолатини, шунингдек Майлуу-Суу дарёси минтақасидаги тоғ кўчиш ва сел олиш жараёнлари ҳолатини доимий назорат қилиб бормоқда.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Давлат ахборот маркази ва ахборот-таҳлил хизмати ишлаб турибди. Атроф муҳит ҳолати мониторинги ягона тизими ҳамда ахборот таъминоти маълумотлар базаси шакллантирилди. Ўзбекистондаги асосий экологик муаммолар ва донорлик ёрдами карта-схемаси чоп этилди.
Экологик билимлар ва экологик таълимни тарғиб қилиш иши, шунингдек ноширлик фаолияти кучайтирилди. Экология мавзуида эълон қилинган мақолалар сони 2006 йилдагига нисбатан 12,9 фоизга, радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувлар 13,7 фоизга, лекция ва суҳбатлар 2,2 баравар кўпайди.
«Эко-Энергия» илмий-жорий этиш маркази томонидан ресурс тежайдиган қурилмаларни, қайта тикланадиган экологик тоза энергия манбаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлардаги объектларда кенг жорий қилиш ишлари давом эттирилди. Ўзбекистон Республикасининг қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш Миллий дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:
табиатдан комплекс тарзда фойдаланиш, шу жумладан ер, сув ресурсларидан, биологик ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишнинг экологик жиҳатдан асосланган усулларини жорий этиш ишларини тўлиқ амалга оширмаяпти;
Тошкент, Андижон, Ангрен, Бухоро, Қарши, Қўқон, Навоий, Сариосиё, Чирчиқ, Фарғона сингари шаҳарларда ифлослантирувчи моддаларнинг айрим ингредиентлари бўйича ифлосланиш даражасини санитария-гигиена нормалари даражасига қадар пасайтириш учун етарли чоралар кўрмаяпти;
атроф муҳитни ва унинг трансчегаравий ифлосланишини экологик мониторинг қилиш натижалари бўйича кўраётган чора-тадбирлари етарли даражада эмас;
табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги статистика ҳисоботлари мукаммал йиғилишини ва ишончли бўлишини таъминлаш имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаяпти.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2007 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш Ҳаракат дастурини амалга ошириш юзасидан 2008 — 2012 йилларга мўлжалланган тадбирлар лойиҳасини 2008 йилнинг 1 июлига қадар тайёрласин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятининг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:
табиий ресурслардан, шу жумладан ер, сув, минерал-хом ашё ресурслари, биологик ресурслардан оқилона ва комплекс фойдаланилишини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;
табиатни муҳофаза қилишга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бажариш юзасидан комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, бунда трансчегаравий мазмундаги экологик хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор бериш;
мамлакат ҳудудида атроф муҳитнинг ифлосланиш даражаси экология-гигиена ва санитария нормалари даражасига қадар пасайишини таъминлаш;
илмий-техникавий салоҳиятни ривожлантириш ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида фан ва техника ютуқларидан фойдаланиш, экологик тоза ҳамда ресурс тежайдиган технологияларни, шу жумладан қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш;
тегишли давлат органлари ва табиатдан фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини тартибга солишнинг иқтисодий механизмини такомиллаштириш ҳамда кенгроқ жорий этиш;
экологик мониторинг, прогноз ва ахборот, атроф муҳитнинг трансчегаравий ифлосланишини назорат қилиш ҳамда мамлакат ҳудудини ундан муҳофаза этиш хизматлари ягона тизимини такомиллаштириш;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг, ишлаб чиқариш чиқиндиларининг давлат кадастрлари юритилишини ташкил этиш ҳамда таъминлаш;
аҳолининг экологик таълими, маданияти ҳамда тарбияси тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш;
экология муаммоларини ҳал қилишда жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликни кучайтириш.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
Тошкент, Андижон, Ангрен, Бухоро, Қарши, Қўқон, Навоий, Сариосиё, Чирчиқ, Фарғона сингари шаҳарларда ифлосланиш даражасини санитария-гигиена нормалари даражасига қадар пасайтириш чораларини кўрсинлар;
саноат ва маиший оқова сувларни тозалаш бўйича коммунал тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда улар ишининг самарадорлигини ошириш ишларини ташкил этсинлар;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг, ишлаб чиқариш чиқиндиларининг давлат кадастрлари юритилишини ташкил этиш ҳамда таъминлашга ёрдам берсинлар;
аҳолининг экологик таълими, маданияти ҳамда тарбияси тизимини ривожлантиришга ва такомиллаштиришга кўмаклашсинлар;
табиатдан фойдаланишни бошқаришнинг иқтисодий механизми самарадорлигини ошириш ҳамда атроф муҳитни ифлослантирганлик учун товон тариқасида тўланадиган маблағлар табиатни муҳофаза қилиш маҳаллий жамғармаларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўз вақтида келиб тушишини таъминлаш чораларини кўрсинлар;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органлари билан биргаликда республика ҳамда вилоят аҳамиятига молик шаҳарларга кириш ва улардан чиқиш жойларида «Экотрансназорат» экологик постларини фойдаланишга топшириш учун амалий чоралар кўрсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тегишли ташкилотлар билан биргаликда «Тоза ҳаво» операциясини ўтказишнинг самарадорлигини ошириш чораларини кўрсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги статистика ҳисоботлари тўлиқ йиғилишини ва ишончли бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрсинлар.
6. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 28 март,
476-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 3-сон, 148-модда)