Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари (комиссиялари) томонидан конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йил 18 мартдаги КҚ-8-III-сонли Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 2015 йил 22 январда Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида сўзлаган нутқида ҳамда 2015 йил 23 январда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги, шунингдек 2015 йил 16 январда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлисидаги маърузаларида белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурининг 1.5-банди ижросини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари (комиссиялари) томонидан конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқлансин (илова қилинади).
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2006 йил 29 июндаги 199-I-сонли қарорининг 3-банди ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари С.Б. Артикова зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2015 йил 25 сентябрь,
КҚ-45-III-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2015 йил 25 сентябрдаги КҚ-45-III-сонли Қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари (комиссиялари) томонидан конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари (комиссиялари) томонидан (бундан буён матнда Сенат қўмиталари (комиссиялари) деб юритилади) иш режасини тайёрлаш, конференциялар, давра суҳбатлари, семинарларни тайёрлаш ва ўтказиш, шунингдек ўтказилган конференциялар ва давра суҳбатларининг якунлари бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш тартибини белгилайди.
2. Сенат қўмиталари (комиссиялари) томонидан ўтказиладиган тадбирлар қўйилган мақсад ёки вазифаларга қараб, қуйидаги турларга бўлинади:
конференция — энг муҳим муаммолар бўйича, уларни ҳал этиш юзасидан келишилган тарзда хулосалар қабул қилиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, тадқиқот марказлари ва бошқа ташкилотларнинг, фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини, шунингдек олимлар, экспертларни жалб этган ҳолда ўтказилади (қоида тариқасида конференцияда иштирок этиш учун камида эллик киши таклиф этилади);
халқаро конференция — энг муҳим муаммолар бўйича бир неча давлат манфаатларига дахлдор мавзуларни муҳокама этиш мақсадида хорижий давлатларнинг ва халқаро ташкилотларнинг вакилларини ҳамда экспертларини жалб этган ҳолда ўтказилади;
илмий конференция — назарий хусусиятга эга бўлган масалаларни муҳокама этиш учун илмий-назарий муаммони ҳал этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида ўтказилади;
илмий-амалий конференция — мавзу амалий хусусиятга эга бўлган тақдирда ўтказилади. Бунда асосий мақсад амалий муаммоларни илмий асосланган тарзда ҳал этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлади;
давра суҳбати — муайян муаммони (мавзуни) муҳокама этиш (айрим муаммо ёки масала бўйича) ва уни ҳал этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш учун торроқ доирадаги иштирокчилар билан ўтказилади (қоида тариқасида давра суҳбатида иштирок этиш учун камида ўттиз киши таклиф этилади);
семинар — назарий билимларни ва амалий кўникмаларни ошириш мақсадида ўтказилади. Семинарлар мавзу доирасига қараб ўқув семинарларига (тренинглар), илмий (илмий-назарий) ва илмий-амалий семинарларга бўлинади (қоида тариқасида семинарда иштирок этиш учун камида эллик киши таклиф этилади).
3. Конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарлардан кўзланган асосий мақсад қуйидагилардан иборат:
1) ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш мақсадида нормалари амалиётда қўлланилмаётган қонунларни, шунингдек қонун ҳужжатларидаги нуқсонларни аниқлаш;
2) қонун устуворлигини таъминлаш учун қабул қилинган қонун ости ҳужжатларининг қонун нормаларига мувофиқлигини аниқлаш;
3) қонуннинг ижро этилишига тўсқинлик қилаётган сабаблар ва шароитларни аниқлаш;
4) амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, шу жумладан тадбирлар жараёнида муҳокама қилинаётган масалаларга оид муаммоларни ҳал қилиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш (тадбир иштирокчиларининг таклифлари асосида);
5) қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан мутахассислар, олимлар, амалиётчилар, экспертларнинг, тадқиқот марказлари, фуқаролик жамияти институти вакилларининг фикр-мулоҳазаларини умумлаштириш, шунингдек бошқа давлатлардаги қонун билан тартибга солиш тажрибасини ўрганиш;
6) минтақаларни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқиш ҳамда муҳокама қилиш, энг муҳим минтақавий муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;
7) Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Сенат (Сенат Кенгаши) ва Сенат қўмиталари (комиссиялари) қарорларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан ижро этилишини назорат қилиш билан боғлиқ тадбирлар давомида Сенат қўмиталари (комиссиялари) аниқлаган муаммоларни муҳокама қилиш;
8) Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) назорат фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ тадбирларни ўтказиш давомида олинган ахборотни амалда қўллаш;
9) Сенат қўмиталари (комиссиялари) фаолиятини кенг ёритиш ва жамоатчилик фикрини шакллантириш;
10) сенаторларнинг, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг назарий билимини ва амалий кўникмаларини ошириш;
11) ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муносабатларнинг турли соҳаларидаги энг долзарб муаммоларни аниқлаш, шунингдек уларни ҳал этиш юзасидан илмий асослар ва амалий кўникмаларни ишлаб чиқиш;
12) тадбир иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш;
13) Сенат фаолияти билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш.
II. Сенат қўмиталари (комиссиялари) томонидан тадбирлар ўтказиш бўйича йиллик иш режаларни тайёрлаш
4. Сенат қўмиталари (комиссиялари) ишни ўзларининг тадбирлар ўтказиш бўйича йиллик иш режаларига (бундан буён матнда йиллик иш режалар деб юритилади), шунингдек Сенат, Сенат Кенгаши ва Сенат Раисининг топшириқлари ва тавсияларига мувофиқ ташкил этадилар.
5. Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) йиллик иш режаларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш Сенат Раиси ёки унинг топшириғига кўра Сенат Раисининг ўринбосари томонидан амалга оширилади.
6. Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) келаси йилга мўлжалланган йиллик иш режалари жорий йилнинг 15 декабридан кечиктирмасдан Сенат Кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
7. Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) йиллик иш режалари Сенат Кенгашининг мажлисларида кўриб чиқилади. Иш режаларини кўриб чиқиш натижалари асосида Сенат Кенгаши қарор қабул қилади.
8. Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) йиллик иш режалари давлат дастурларини, Сенатнинг Ҳаракат дастурини амалга ошириш, Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) назорат фаолияти натижаларини кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш заруратини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек Сенат Раиси ва Сенат Кенгашининг топшириқлари асосида тайёрланади.
III. Конференция, давра суҳбати ва семинар ўтказишга тайёргарлик кўриш тартиби
9. Конференция, давра суҳбати ва семинар ўтказишга тайёргарлик кўриш тартибини Сенат қўмитасининг (комиссиясининг) раиси белгилайди.
10. Сенат қўмитасининг (комиссиясининг) раиси конференция, давра суҳбати ёки семинар ўтказиладиган сана ва жойни, шунингдек қатнашчилар сонини белгилайди.
11. Конференция, давра суҳбати ва семинар ўтказиладиган сана Сенат қўмитасининг (комиссиясининг) иш режасига мувофиқ белгиланади.
12. Режалаштирилган конференция, давра суҳбати ва семинар учун зарур бўлган ҳужжатларнинг лойиҳалари Сенат қўмитаси (комиссияси) томонидан тадбир ўтказиладиган санадан ўн кун олдин Сенат Девонининг Назорат-ахборот бўлимига тақдим этилади.
13. Режалаштирилган конференция, давра суҳбати ва семинар учун зарур бўлган ҳужжатларнинг лойиҳалари Сенат қўмитаси (комиссияси) томонидан тадбирлар ўтказиладиган санадан етти кун олдин тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритишга доир ишларни (пресс-релиз, сенаторларнинг интервьюларини ва бошқаларни тайёрлаш) амалга ошириш учун Сенатнинг Ахборот хизматига тақдим этилади.
14. Конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарлар Сенат биносида ва ундан ташқарида (сайёр конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарлар) ўтказилиши мумкин.
15. Конференция, давра суҳбати ва семинар ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда Сенат қўмитаси (комиссияси) давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатлар, эксперт хулосалари ва бошқа хулосаларни, статистик ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин. Олинган ахборот асосида бўлажак тадбир иштирокчиларининг доираси, тадбир дастури ва маърузачилар (қўшимча маърузачилар) белгиланади.
16. Конференция, семинар ёки давра суҳбатида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг, илмий муассасалар ва тадқиқот марказларининг вакиллари, шунингдек мутахассислар, олимлар ва экспертлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари таклиф қилиниши мумкин.
17. Тадбир иштирокчиларининг миқдор таркиби конференция, давра суҳбати ёки семинардан кўзланган мақсадга қараб белгиланади. Иштирокчиларнинг узил-кесил рўйхати Сенат қўмитасининг (комиссиясининг) раиси томонидан тасдиқланади.
18. Маърузачилар (қўшимча маърузачилар) сифатида конференция, давра суҳбати ёки семинар мавзуи бўйича назарий ва амалий билимларга эга бўлган шахслар (олимлар, мутахассислар, экспертлар) таклиф қилинади. Зарурат бўлганда маърузачилардан (қўшимча маърузачилардан) маърузаларнинг (нутқларнинг) матнлари (тезислари) олдиндан сўраб олинади.
19. Конференция, давра суҳбати ёки семинарнинг дастури асосий маърузалар (энг муҳим масалалар бўйича расмий шахсларнинг нутқлари), қўшимча маърузалар рўйхати ҳамда нутқ учун қанча вақт ажратилганлигига оид маълумотдан иборат бўлади.
20. Режалаштирилган конференция, давра суҳбати ва семинар учун зарур бўлган ҳужжатларнинг лойиҳалари (тадбир дастури, иштирокчилар рўйхати, пресс-релиз, тавсиялар, мавжуд бўлса – қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар) Сенат қўмитаси (комиссияси) томонидан тадбирлар ўтказиладиган санадан беш кун олдин келишиб олиш учун Сенат Раисига тақдим этилади.
21. Хатлар (дастур-таклифномалар) конференция, давра суҳбати ёки семинар иштирокчиларига барвақт юборилади. Уларда конференция, давра суҳбати ёки семинар мавзуи, уни ўтказиш муддати ва жойи кўрсатилади. Хатларга (дастур-таклифномаларга) сўзга чиқувчи иштирокчиларнинг умумлашма тезислари, шунингдек бошқа материаллар олдиндан танишиб чиқиш учун илова қилиниши мумкин.
IV. Конференция, давра суҳбати ёки семинарни ўтказиш тартиби
22. Тадбир бошланишидан олдин мажлислар залига кираверишда тадбир иштирокчилари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг таклиф қилинган вакиллари рўйхатга олинади.
23. Конференция, давра суҳбати ёки семинар ўтказиш вақтида умумий раҳбарлик Сенат қўмитасининг раиси ёки унинг топшириғига мувофиқ қўмита аъзоси (бундан буён матнда раислик қилувчи деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
24. Бошқа органлар ва ташкилотлар билан биргаликда қўшма конференциялар, давра суҳбатлари ёки семинарлар ўтказилганида раислик қилувчи тадбир ташкилотчилари ўртасидаги келишувга мувофиқ белгиланади.
25. Конференция, давра суҳбати ёки семинар қоида тариқасида, раислик қилувчининг кириш сўзи билан бошланади, сўнгра маърузачиларга, қўшимча маърузачиларга сўз берилади.
26. Муҳокамада қатнашиш истагида бўлганлар раислик қилувчига мурожаат этадилар. Раислик қилувчи мурожаат этиш навбати тартибида уларга сўз беради.
27. Иштирокчиларнинг чиқишлари натижалари асосида асосий хулоса ва тавсиялар тайёрланади. Семинарлар ўтказилганида тавсиялар ишлаб чиқилмайди.
28. Билдирилган фикр ва таклифларни ҳисобга олиб бориш, қоида тариқасида, Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар ва Сенат Девони Назорат-ахборот бўлимининг тегишли Сенат қўмитасига бириктирилган масъул ходими томонидан амалга оширилади. Агар иштирокчилар ўз нутқларида хулосалар ва тавсияларга таъсир кўрсатадиган таклифларни билдирсалар, раислик қилувчи ҳозир бўлганларга тадбирнинг якуний хулосалари ва тавсияларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлигини муҳокама этишни таклиф қилади.
29. Сенат қўмитаси (комиссияси) конференция, давра суҳбати ёки семинар ўтказиш давомида тушган таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштиради. Конференция ёки давра суҳбатининг натижалари, қоида тариқасида, баённома шаклида, семинар натижалари эса ахборот маълумотномаси шаклида расмийлаштирилади.
V. Конференциялар ва давра суҳбатларининг натижалари бўйича ишлаб чиқилган тавсияларни расмийлаштириш ва тегишли органларга юбориш тартиби
30. Конференциялар ва давра суҳбатлари жараёнида билдирилган тавсияларнинг асосий мақсади амалдаги қонун ҳужжатларини ва Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) назорат-таҳлил фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек энг долзарб муаммоларни, жумладан минтақаларни ривожлантириш масалаларини ва минтақавий муаммоларни ҳал қилиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
31. Амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ҳақида тавсиялар тайёрлаш вақтида ўзгартишлар киритилиши ёки ишлаб чиқилиши зарур бўлган аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кўрсатилади.
32. Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) назорат-таҳлил фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар тайёрлаш вақтида Сенат қўмиталари (комиссиялари) ўрганиши ёки уларнинг назорат-таҳлил фаолияти режасига киритилиши зарур бўлган аниқ масалалар кўрсатилади.
33. Энг долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган тавсияларни тайёрлашда уларни ҳал этишнинг аниқ чора-тадбирлари кўрсатилади.
34. Тавсиялар матнини маромига етказиш учун Сенат қўмиталари (комиссиялари) томонидан ишчи гуруҳлар тузилиши мумкин. Ишчи гуруҳ таркибига сенаторлар, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар, экспертлар, жамоатчилик вакиллари, хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари киритилиши мумкин.
35. Ишчи гуруҳнинг мажлислари ўтказиладиган сана ва мажлислар сони Сенат тегишли қўмитасининг (комиссиясининг) раиси томонидан белгиланади.
36. Ишчи гуруҳ аъзоларига ишчи гуруҳнинг мажлиси ўтказиладиган сана барвақт хабардор қилинади. Ишчи гуруҳ аъзоларига ёки улар ишлайдиган ташкилотга юбориладиган хат ёки телефонограммани Сенат қўмитасининг (комиссиясининг) раиси имзолайди.
37. Ишчи гуруҳнинг мажлисига масъул қўмита (комиссия) раиси ёки унинг топшириғига мувофиқ Сенатда доимий асосда ишлайдиган Сенат қўмитасининг (комиссиясининг) аъзоси раҳбарлик қилади.
38. Ишчи гуруҳнинг мажлислари ҳозир бўлганларнинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, иш жойини ва лавозимини аниқлашдан бошланади. Мажлисда раислик қилаётган масъул қўмита (комиссия) раиси мажлиснинг умумий боришига раҳбарлик қилади, ишчи гуруҳ аъзоларига сўз беради, муҳокама қилинаётган масалаларнинг моҳияти юзасидан таклифлар киритади ва мулоҳазалар билдиради, билдирилган фикрларни ҳисобга олиб боради.
VI. Якунловчи қоидалар
39. Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) конференциялар ва давра суҳбатлари якунида ишлаб чиқилган тавсиялари ўн кунлик муддат ичида давлат ва хўжалик бошқаруви органларига ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларга ижро этиш учун юборилади.
40. Зарурат бўлганда, Сенат қўмиталари (комиссиялари) давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлардан Сенат қўмиталари (комиссиялари) тавсияларининг ижро этилиши юзасидан ахборот талаб қилиб олиши мумкин.
41. Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказиш билан боғлиқ фаолиятини ташкилий, ахборот жиҳатидан, моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Сенат Девонининг тегишли бўлимлари ва Сенатнинг Ахборот хизмати томонидан амалга оширилади.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 й., 9-сон, 358-модда)