Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг 2005 – 2007 йиллардаги иши тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг 2005 — 2007 йиллардаги иши тўғрисидаги ҳисоботни эшитиб ва муҳокама қилиб, Қонунчилик палатаси шуни таъкидлайдики, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг 2005 — 2007 йиллардаги иши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов илгари сурган жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этиш концепциясини амалга ошириш мақсадида депутатлар томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2005 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган қонунчилик фаолияти дастурига мувофиқ олиб борилди.
Аграр соҳа қонунчилик базасини такомиллаштириш ҳамда бу соҳага доир қонунлар ижроси устидан назорат қилиш борасида ҳисобот даврида Қўмита томонидан муайян ишлар амалга оширилди.
Ўтган даврда Қўмита томонидан Қонунчилик палатаси муҳокамасига 7 та қонун лойиҳаси (бундан 4 таси палатанинг бошқа қўмиталари билан биргаликда) киритилди, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги 11 та қонунининг ижроси кўриб чиқилди, 17 та тадбир (конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари) ўтказилди.
Қўмита аъзолари ўз қонунчилик ташаббуси ҳуқуқларини рўёбга чиқара бориб, 4 та қонун лойиҳасини тайёрладилар ва Вазирлар Маҳкамасига топширдилар. Улардан бири — «Ветеринария тўғрисида»ги ва «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.
Шу билан бирга, Қўмита иши парламент ишининг ҳозирги босқичдаги ўсиб бораётган талабларига тўла жавоб беради, деб бўлмайди. Қўмита қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларнинг боришини таъминлайдиган қонунларни такомиллаштириш борасида бошқа қонунчилик ташаббуси субъектлари билан ишлашда зарур қатъият кўрсатмади.
Экология ва табиатдан фойдаланиш масалаларига доир қонунчилик базасини таҳлил қилишда изчиллик йўқ. «Радиация хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Чиқиндилар тўғрисида»ги, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги ва бошқа шу каби қонунлар ижроси Қўмита томонидан ўрганилмаган.
Қонунлар ижросини назорат қилиш чоғида жойларда қонуннинг у ёки бу нормаларига риоя этилишига тўсқинлик қилаётган сабаблар чуқур ўрганиб борилмаган. Қонунлар мониторинги натижалари юзасидан сайёр мажлислар ўтказиш амалиёти қўлланилмаган. Қўмитанинг ўз қарорлари ижроси устидан назоратни амалга оширишнинг самараси етарлича эмас.
Назорат фаолиятининг парламент сўрови, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш, шунингдек экологиянинг энг долзарб масалалари бўйича Қўмитада идоралар раҳбарларини эшитиб бориш каби шаклларидан тўлиқ даражада фойдаланилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг 2005 — 2007 йиллардаги иши тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ўз фаолиятини Қўмита фаолиятидаги кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этишга ва келгусида уларнинг олдини олишга қаратсин. Шу мақсадда:
қонунчилик ташаббуси субъектлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш самарадорлигини ошириш ҳамда қонун лойиҳаларини ўз вақтида тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш чораларини кўрсин;
Қўмитанинг 2008 йилнинг II ярим йиллиги ва 2009 йил учун иш режасини экология, табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунларни ўрганишга ҳамда назорат-таҳлил фаолияти натижалари бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда қайта кўриб чиқсин;
қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир тадбирларни тайёрлаш ва таклифлар ишлаб чиқиш чоғида олимлар ва мутахассисларни кенгроқ жалб қилсин;
Қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳининг таркибини қайта кўриб чиқсин ва унинг ишини яхшиласин;
сайёр мажлислар ўтказиш амалиётини қўлласин, қабул қилинаётган қонунларнинг аҳамияти ва моҳиятини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш ҳамда тушунтириш, уларни марказда ҳам, жойларда ҳам оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишни ташкил этиш ишларини кучайтирсин;
«Ёшлар йили» Давлат дастурини амалга ошириш масалаларида Қўмита аъзоларининг фаол иштирок этишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси 2008 йил якунлари бўйича мазкур қарорнинг ижроси тўғрисида ахборот тақдим этсин.
4. Ушбу қарорнинг ижроси устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери ўринбосари А.Х. Шодмонов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2008 йил 21 май,
793-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 5-сон, 244-модда)