Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши раёсатининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ КЕНГАШИ РАЁСАТИНИНГ ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИГА, СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРИ ВА ҲАРАКАТЛАРИГА МУРОЖААТНОМАСИ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг Тожикистон Республикаси халқ депутатларига, сиёсий партиялари ва ҳаракатларига Мурожаатномаси қабул қилинсин (илова қилинади).
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1992 йил 8 май,
588-XII-сон
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ КЕНГАШИ РАЁСАТИНИНГ ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИГА, СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРИ ВА ҲАРАКАТЛАРИГА
МУРОЖААТНОМАСИ
Азиз биродарларимиз ва опа-сингилларимиз, ҳурматли парламент аъзолари!
Ҳар бир давлат ўзининг ички муаммоларини ўзи ҳал этиши ва ташқаридан унинг ички ишига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги табиий. Бироқ биз сизлар билан оға-инимиз. Асрлар мобайнида шоду ҳуррамликда ҳам, ғаму андуҳда ҳам бирга бўлдик. Бизларнинг кўпмиллатли республикаларимизда ҳамиша донишмандлик, инсонийлик, тантилик ва ҳамжиҳатлилик тантана қилиб келган.
Шу боисдан ҳам Душанбе шаҳрида рўй бераётган воқеалар, қурбонлар борлиги ва қон тўкилганлиги ҳақидаги хабарлар қалбларимизни ўртаб юборди, бу ҳолатга лоқайд қараб туролмадик. Биз ҳалок бўлганларнинг қариндош-уруғларига чуқур таъзия изҳор этамиз, сиёсат аҳлининг ўзаро кураши бошқа оилаларга ҳам ғам-кулфат келтирмайди, деб умид қиламиз.
Бутун бир халқни сунъий равишда парчалаб юбориш, сиёсий масалаларни ҳал этишда ақл-одоб қоидаларига хилоф усуллардан фойдаланиш, қонунлар ва инсон ҳуқуқларини назар-писанд қилмаслик, фикримизча, боши берк кўчага олиб кирувчи йўлдир. Биз қардош халқнинг донолигига ишонамиз, у ана шу ниҳоятда хатарли вазиятдан чиқишнинг тўғри йўлини топиб олишига ишонамиз.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати парламентнинг барча аъзолари номидан Тожикистон Республикаси халқ депутатларига, сиёсий партиялар ва ҳаракатларга мурожаат этиб, кескинликнинг бундан кейин кучайиб кетишига йўл қўймаслик, вазмин ва ўзаро сабр-тоқатли бўлиш, халқ тақдири учун ўз масъулиятини тўла-тўкис англашни илтимос қилиб сўрайди.
Узоқ йиллар давом этган тоталитаризм давридан ва марказнинг ягона буйруқбозлик — маъмуриятчилик ҳукмронлигидан сўнг халқларимиз билан республикаларимиз ниҳоят ўз мустақилликларига эришдилар, ўз тақдирларининг эгалари бўлиб қолдилар. Лекин бу чинакам иқтисодий ва сиёсий истиқлол йўлида, асрлар мобайнида давом этиб келган ўзаро қардошлик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичда давом эттириш сари ташланган дастлабки одимлар, холос. Айни шу даврда барқарорликнинг, тартиб-интизомнинг йўқлиги, ҳар кимнинг ўз иши ва хатти-ҳаракати учун юксак масъулиятини сезмаслиги, айниқса хатарлидир.
Ҳуқуқий демократик давлатларнинг қарор топиши қонунсизлик ва зўравонлик фожиасига айланиб кетмасин, аксинча чинакам ҳуқуқий, демократик жараён бўлиб қолсин, айрим сиёсатдонлар манфаатларига эмас, балки халқларимиз, айниқса фарзандларимиз ва невараларимиз келажагини таъминлашга қаратилган жараён бўлиб қолсин.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 7-сон, 292-модда)