Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда Томонлар деб аталувчилар,
икки давлат халқлари ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга интилиб,
фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасидаги ҳамкорлик Томонлар давлатларининг фаровонлиги ва миллий хавфсизлигига кўмаклашишини тан олиб,
табиий ва техноген хусусият касб этувчи фавқулодда вазиятларнинг Томонлар давлатлари учун хавфлилигини англаб,
фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф эриш соҳасидаги ҳамкорлик Томонлар давлатлари учун фойдалилигини инобатга олиб,
Томонлардан бирининг куч ва воситалари билан бартараф этиб бўлмайдиган фавқулодда вазиятлар келиб чиқиши мумкинлигини ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида иккала давлатнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатларига бўлган эҳтиёжини эътиборга олиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасидаги ролини инобатга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Таърифлар
Мазкур Битимда қўлланиладиган атамалар қуйидаги маъноларни билдиради:
«сўровчи Томон» — бошқа Томонга ёрдам кўрсатиш гуруҳларини, жиҳозлар ва таъминот материалларини юбориш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат қиладиган Томон;
«тақдим этувчи Томон» — бошқа Томоннинг ёрдам кўрсатиш гуруҳларини, жиҳозларни ва таъминот материалларини юбориш тўғрисидаги илтимосини қаноатлантирувчи Томон;
«ваколатли орган» — ушбу Битимни амалга ошириш билан боғлиқ ишларга раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш учун ҳар икки Томондан тайинланадиган давлат органи;
«ёрдам кўрсатиш гуруҳи» — тақдим этувчи Томон мутахассисларининг фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган, фавқулодда вазият юзага келган ҳудудда ишларни олиб бориш учун етарли зарур жиҳозлар билан таъминланган уюшган гуруҳи;
«фавқулодда вазият» — одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлигига ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, аҳолининг ҳаёт кечириш шароити издан чиқишига ҳамда сезиларли моддий талофатларга олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, техноген ва табиий ҳалокатлар, табиий ва бошқа офатлар натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат;
«фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш» — олдиндан ўтказиладиган ва фавқулодда вазиятлар рўй бериш хавфини имкон қадар камайтиришга, шунингдек бундай вазиятлар рўй берган тақдирда, одамлар ҳаёти ва соғлигини сақлаш, атроф табиий муҳитга зарар ва моддий талофатлар даражасини камайтиришга қаратилган тадбирлар мажмуи;
«фавқулодда вазиятларни бартараф этиш» — фавқулодда вазиятлар рўй берганда ўтказиладиган ҳамда одамларнинг ҳаёти ва уларнинг соғлигини сақлаш, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талофатлар миқдорини камайтиришга, шунингдек фавқулодда вазиятлар ҳудудларининг кенгайишига йўл қўймасликка ва унга хос бўлган хавфли омиллар таъсирини бекор қилишга қаратилган авария-қутқарув ишлари ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишлар;
«фавқулодда вазият ҳудуди» — фавқулодда вазият юзага келган ҳудуд;
«авария-қутқарув ишлари» — фавқулодда вазиятлар ҳудудида одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлигини сақлаш, моддий ва маданий бойликларни, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятлар ҳудудларининг кенгайишига йўл қўймаслик ва уларни бартараф этиш ёки уларга хос бўлган хавфли омиллар даражасини мумкин қадар камайтиришга қаратилган ҳаракатлар;
«жиҳозлар» — ёрдам кўрсатиш гуруҳининг материаллари, техника ва транспорт воситалари, анжомлари ҳамда хизмат итлари, шу жумладан, гуруҳ аъзоларининг шахсий анжомлари, дори воситалари ва тиббиёт қурилмалари;
«таъминот материаллари» — фавқулодда вазият натижасида жабрланган аҳоли ўртасида бепул тақсимлаш учун мўлжалланган моддий воситалар.
2-модда
Ваколатли органлар
Ваколатли органлар
Томонлар мазкур Битимни бажариш учун ваколатли органларни тайинлайдилар:
Ўзбек томонидан — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Озарбайжон томонидан — Озарбайжон Республикасининг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;
Бошқа ваколатли органлар тайинланган ёки мазкур ваколатли органларнинг номлари ўзгарган тақдирда Томонлар бир-бирларини ёзма шаклда дипломатик каналлар орқали хабардор этадилар.
3-модда
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
Ушбу Битимга мувофиқ фаолият Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигига асосан ва Томонларнинг ҳар бирида зарур воситалар мавжудлигини инобатга олган ҳолда олиб борилади.
Мазкур Битим доирасидаги ҳамкорлик қуйидагиларни назарда тутади:
хавфли техноген ва экологик жараёнлар, табиий ҳодисалар мониторингини ташкил этиш ва олиб бориш;
табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларни олдиндан аниқлаш ва мониторинги ҳақида маълумот алмашиниш;
аҳолини фавқулодда вазиятлардаги ҳаракатлар, шу жумладан биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тайёрлашни ташкиллаштиришда тажриба алмашиш;
фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича тегишли давлат тузилмаларининг фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш;
атроф табиий муҳит ва аҳоли учун саноат авариялари, фалокатлар ва табиий офатлар натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган ифлосланишлар билан боғлиқ хавфни баҳолаш;
илмий-тадқиқот лойиҳаларни биргаликда режалаштириш, ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, илмий-техникавий адабиёт ва тадқиқот ишлари натижалари билан алмашиш;
маълумотлар, даврий нашрлар, услубий ва бошқа адабиётлар, видео ва фото материаллар, шунингдек фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасидаги технологиялар билан алмашиш;
қўшма конференциялар, семинарлар, ишчи мажлислар, ўқув машғулотлари ва машқларни ташкил қилиш;
қўшма нашрлар ва маърузаларни тайёрлаш;
бошқа Томон давлати ўқув муассасаларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, стажёрлар, ўқитувчилар, олимлар ва мутахассислар билан алмашиш;
ваколатли органлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳат ҳаракат қилишни таъминлаш;
ёрдам кўрсатиш гуруҳини жиҳозлашда ўзаро ёрдам кўрсатиш; фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ўзаро ёрдам кўрсатиш;
ваколатли органлар билан келишиладиган, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасидаги бошқа фаолият.
4-модда
Ташкилотлар ва муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик
Ташкилотлар ва муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик
Томонлар, зарурият туғилганда, фуқаро муҳофазаси (мудофааси), фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида фаолият юритадиган давлат ташкилотлари ва муассасалари, юридик ва жисмоний шахслар ўртасида ҳамкорликка кўмаклашадилар.
5-модда
Ишчи гуруҳи
Ишчи гуруҳи
Ушбу Битим қоидаларини бажариш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун Томонлар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳини таъсис этадилар (кейинги ўринларда — ишчи гуруҳи).
Ишчи гуруҳининг таркиби, иш тартиби ва вазифалари Томонларнинг ваколатли органлари тарафидан белгиланади.
6-модда
Ёрдам кўрсатиш
Ёрдам кўрсатиш
Ёрдам кўрсатиш сўровчи Томоннинг фавқулодда вазият вақти, жойи, хусусияти ва кўлами, зарур бўлган ёрдам тури ва ҳажми тўғрисидаги маълумотлар тақдим қилинган ёзма сўровномаси асосида амалга оширилади.
Тақдим этувчи Томон қисқа муддатларда сўровномани кўриб чиқади ҳамда сўровчи Томонни ёрдам кўрсатишнинг имконияти, ҳажми ва шартлари тўғрисида хабардор этади.
Ёрдам кўрсатиш гуруҳларига раҳбарлик қилиш сўровчи Томоннинг ваколатли органи томонидан мазкур гуруҳлар раҳбарлари орқали амалга оширилади.
7-модда
Ёрдам турлари
Ёрдам турлари
Фавқулодда вазиятларни бартараф этишга ёрдам кўрсатиш гуруҳлари, тегишли жиҳозлар ва таъминот материалларини юбориш йўли билан ёки бошқа сўралаётган кўринишда ёрдам кўрсатилади.
Ёрдам кўрсатиш гуруҳлари фавқулодда вазият ҳудудида авария- қутқарув ишларини бажаради.
Сўровчи Томон ёрдам кўрсатиш гуруҳлари раҳбарларига фавқулодда вазият ҳудудида ва муайян иш участкаларида юзага келган вазият бўйича маълумот беради, ҳамда зарурият туғилганда ушбу гуруҳларни таржимонлар ва алоқа воситалари, шунингдек хавфсизлигини ҳамда бепул тиббий хизмат билан таъминлайди ва уларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштиради.
Ёрдам кўрсатиш гуруҳлари фавқулодда вазият ҳудудида 72 соат давомида мустақил ҳаракат қилишлари учун етарли даражада жиҳозланган бўлиши керак. Агар бошқа ҳолат Томонлар ўртасида қўшимча келишилмаган бўлса, жиҳозлар захираси тугаган ҳолда, сўровчи Томон кўрсатилган гуруҳларни улар кейинги ишлари учун зарур воситалар билан таъминлайди.
8-модда
Ёрдам кўрсатиш гуруҳларининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш шартлари ва уларнинг сўровчи Томон давлати ҳудудида бўлиш тартиби
Ёрдам кўрсатиш гуруҳларининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш шартлари ва уларнинг сўровчи Томон давлати ҳудудида бўлиш тартиби
Ёрдам кўрсатиш гуруҳлари аъзолари сўровчи Томон давлат чегарасининг халқаро алоқалар учун очиқ ўтиш пунктлари орқали Томонлар давлатларининг миллий қонунчилиги билан белгиланган паспорт асосида кесиб ўтадилар. Гуруҳ раҳбари тақдим этувчи Томоннинг ваколатли органи томонидан берилган гуруҳ аъзоларининг рўйхати ҳамда унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши керак.
Ёрдам кўрсатиш гуруҳлари аъзолари сўровчи Томон давлатининг ҳудудида бўлган вақтларида ушбу давлат миллий қонунчилигига риоя қилишлари лозим. Шу билан бирга улар тақдим этувчи Томон давлатининг меҳнат қонунчилиги ва у билан боғлиқ бошқа масалалар соҳасидаги юрисдикцияси остида бўладилар. Ёрдам кўрсатиш гуруҳи таркибига кирувчи ҳарбий хизматчиларга нисбатан тақдим этувчи Томон давлатининг меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлар ва ижтимоий-иқтисодий кафолатлар бўйича ҳарбий хизматчилар мақомини тартибга соладиган қонун ҳужжатлари татбиқ этилади.
Ёрдам кўрсатиш гуруҳларининг ҳаракатланиши, уларнинг жиҳозлари ва таъминот материалларини ташиш автомобиль, темир йўл, сув ёки ҳаво транспортлари орқали амалга оширилади.
Ёрдам кўрсатиш учун қайд этилган транспорт турларидан фойдаланиш тартиби Томонлар давлатларининг ваколатли органлари томонидан тегишли давлат идоралари билан келишуви асосида белгиланади.
9-модда
Фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш учун жиҳозлар ва таъминот материалларини олибкириш ҳамда олиб чиқиш
Фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш учун жиҳозлар ва таъминот материалларини олибкириш ҳамда олиб чиқиш
Фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш учун сўровчи Томон давлатининг ҳудудига олиб кириладиган ва тақдим этувчи Томон давлати ҳудудидан олиб чиқиладиган жиҳозлар ва таъминот материаллари божхона божлари ва бошқа солиқлардан озод этилади.
Жиҳозлар ва таъминот материалларининг божхона расмийлаштируви Томонлар давлатлари ваколатли органлари томонидан бериладиган ёрдам кўрсатиш гуруҳининг таркиби, олиб кириладиган ёки олиб чиқиладиган жиҳозлар ва таъминот материалларининг рўйхати кўрсатиладиган хабарномалар асосида соддалаштирилган кўринишда ва устуворлик асосида амалга оширилади.
Ёрдам кўрсатиш гуруҳларига жиҳозлар ва таъминот материалларидан ташқари бошқа ҳар қандай товарларни ташиш таъқиқланади,
Ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар якунлангандан сўнг олиб кирилган жиҳозлар сўровчи Томон давлати ҳудудидан олиб чиқилиши лозим. Юзага келган айрим вазиятлар туфайли жиҳозларни олиб чиқиб кетиш имконияти бўлмаса, сўровчи Томоннинг ваколатли органига келишилган шартлар асосида ёрдам сифатида бепул берилиши мумкин. Бундай ҳолатда сўровчи Томоннинг ваколатли ва божхона органлари бериладиган жиҳозларнинг турлари, миқдори ва жойлашган жойини кўрсатган ҳолда хабардор қилиниши керак.
Жабрланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш зарурияти бўлганда сўровчи Томон давлати ҳудудига зарур миқдорда таркибида гиёҳвандлик, психотроп моддалари ва прекурсорлари бўлган тиббий препаратлар олиб кирилиши мумкин. Бундай ҳолатда ёрдам кўрсатиш гуруҳи раҳбари тақдим этувчи ва сўровчи Томонлар божхона органларига таркибида гиёҳвандлик, психотроп моддалари ва прекурсорлари бўлган тиббий препаратлар мавжудлиги ҳақида, уларнинг номенклатура ва миқдорлари кўрсатилган декларацияни тақдим этиши лозим.
Қайд этилган тиббий препаратлар сўровчи Томонга берилиши мумкин эмас ва фақатгина шу Томон вакилларининг қатъий назорати остида малакали тиббиёт ходимлари томонидан фойдаланилади.
Таркибида гиёҳвандлик, психотроп моддалари ва прекурсорлари бўлган фойдаланилмай қолган тиббий препаратлар сўровчи Томоннинг божхона назорати остида ушбу тиббий препаратлар номенклатураси ва миқдорини тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосида олиб чиқилиши лозим.
Таркибида гиёҳвандлик, психотроп моддалари ва прекурсорлари бўлган тиббий препаратларни ишлатилганлиги тўғрисида сўровчи Томон божхона органларига уларнинг ишлатилганлиги ҳақида ёрдам кўрсатиш гуруҳи раҳбари ва шифокори томонидан имзоланган ҳамда сўровчи Томон ваколатли органи вакили томонидан тасдиқланган далолатнома тақдим этилади.
10-модда
Ҳаво кемаларидан фойдаланиш
Ҳаво кемаларидан фойдаланиш
Тақдим этувчи Томоннинг ваколатли органи сўровчи Томоннинг ваколатли органига ҳаво кемаларининг тури ва таниш белгилари, йўналиши, экипаж аъзоларининг сони, юк хусусияти, парвоз қилиш, қўниш жойи ва вақтини кўрсатган ҳолда, ёрдам бериш учун ҳаво кемаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарори ҳақида хабардор қилади.
Сўровчи Томон ўз давлати ҳудудининг муайян пунктига учиб боришга рухсат беради.
Тез ёрдам кўрсатиш ва бир давлат ҳудудидан иккинчи давлат ҳудудидаги фавқулодда вазият юзага келган белгиланган жойга куч ва воситаларни ваколатли орган ҳаво кемаси орқали тезкор кўчириш мақсадида Томонларнинг ваколатли органлари ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ ўрнатилган тартибда ҳаво кемаларидан фойдаланиш имконияти ва фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ҳаво кемаларининг давлат чегараларини кесиб ўтиш тартибини соддалаштириш масалаларида ҳар бир Томоннинг давлат органлари вакилларининг (чегара, божхона, фитосанитар, карантин хизматлари) ўзаро ҳамкорлиги механизми тўғрисида қўшимча йўриқнома ишлаб чиқадилар ва келишадилар.
Парвозлар Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти ва ҳар икки Томон давлатлари тарафидан белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.
11-модда
Харажатларни қоплаш
Харажатларни қоплаш
Томонлар бошқача келишувга эришмаган бўлишса, сўровчи Томон тақдим этувчи Томоннинг ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларини қоплайди.
Сўровчи Томон ўзининг ёрдам бериш тўғрисидаги илтимосини хоҳлаган вақтда бекор қилиши мумкин. Бундай ҳолатда, тақдим этувчи Томон сарфлаган харажатлари учун товон олиш ҳуқуқига эга.
Томонлар бошқача келишувга эришмаган бўлишса, харажатлар тақдим этувчи Томоннинг талабномаси келиб тушгандан сўнг 30 иш куни мобайнида қопланади.
Тақдим этувчи Томон ёрдам кўрсатиш гуруҳлари аъзоларини суғурта қилинишини таъминлайди. Суғурталашни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар ёрдам кўрсатиш бўйича қилинадиган умумий харажатларга киритилади.
Тақдим этувчи Томон ҳаво кемаларининг учиб ўтиши, қўниши, аэродромда тўхтаб туриши ва ундан парвоз қилиши учун тўловдан, шунингдек аэронавигация хизматлари тўловидан озод этилади.
Тақдим этувчи Томоннинг ҳаво кемаларига ёқилғи ва техник хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш масалалари ҳар бир муайян ҳолатда алоҳида ҳал этилади.
12-модда
Зарарни қоплаш
Зарарни қоплаш
Агар тақдим этувчи Томоннинг ёрдам кўрсатиш гуруҳи аъзоси сўровчи Томон давлати ҳудудида ушбу Битим қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ вазифаларни бажариши жараёнида жисмоний ёки юридик шахсга зарар етказса, бундай ҳолатда мазкур етказилган зарар сўровчи Томон тарафидан унинг давлати миллий қонунчилигига мувофиқ қопланади.
Тақдим этувчи Томон ёрдам кўрсатиш гуруҳи аъзоси томонидан сўровчи Томон давлати ҳудудида ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган фаолияти натижасида жисмоний ёки юридик шахсга етказилган зарар сўровчи Томон давлати миллий қонунчилигига мувофиқ тақдим этувчи Томон тарафидан қопланади.
Тақдим этувчи Томон ёрдам кўрсатиш гуруҳи аъзосининг қасддан ёки қўпол эҳтиётсизлиги оқибатида етказилган зарар тақдим этувчи Томон тарафидан қопланади.
13-модда
Маълумотлардан фойдаланиш
Маълумотлардан фойдаланиш
Ушбу Битим доирасида олиб борилаётган фаолият натижасида олинган маълумот, Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ ошкор этилмайдиган маълумотдан ташқари, агар Томонларнинг ваколатли органлари тарафидан ёзма шаклда бошқача тарзда келишилмаган бўлса, Томонлардан ҳар бирининг одатдаги амалиёти ва кўрсатмаларига мувофиқ эълон қилинади ва фойдаланилади.
14-модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Ушбу Битим қоидаларини талқин этиш ёки қўллашда юзага келадиган низолар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал қилинади.
15-модда
Бошқа халқаро шартномаларга нисбатан муносабат
Бошқа халқаро шартномаларга нисбатан муносабат
Ушбу Битим қоидалари Томонларнинг улар иштирокчиси ҳисобланган бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди,
16-модда
Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра мазкур Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин, улар ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва унинг 17-моддасида белгиланган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади.
17-модда
Якунловчи қоидалар
Якунловчи қоидалар
Мазкур Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини Томонлар тарафидан бажарилгани тўғрисида дипломатик каналлар орқали охирги ёзма хабар олинган кундан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Томонлардан бири бошқа Томоннинг дипломатик каналлар орқали Битим амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги тегишли ёзма хабарномасини олган санадан бошлаб, олти ой ўтгунга қадар амал қилади.
Томонлар ўртасида ўзгача келишув бўлмаса, ушбу Битимнинг амал қилишини тугатилиши аввал бошланган ва тугатилмаган, унга мувофиқ олиб борилаётган фаолиятга таъсир этмайди.
Тошкент шаҳрида 2015 йил 19 майда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)