Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Девони масъул ходимларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида
«Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 5 мартдаги «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги ПҚ-2142-сонли Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Девони масъул ходимларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиш тартибини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлигини ҳамда давлат сирлари сақланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Девони масъул ходимларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиш тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар Кенгашларига тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатларининг ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Аппарати масъул ходимларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиш тартибини, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиш тартибини ишлаб чиқиш тавсия этилсин.
3. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси тасдиғига киритилсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари М. Раджабова зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 5 май.
КҚ-121-II-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2014 йил 5 майдаги КҚ-121-II-сонли Қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Девони масъул ходимларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиш
ТАРТИБИ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Тартиб «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) аъзоларининг ва Сенат Девони масъул ходимларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиши масаласини дастлабки тарзда ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш ва хизмат сафарларига чиқиши бўйича қарор қабул қилиш тартиб-таомилини белгилайди.
2. Сенат аъзолари ва Сенат Девони масъул ходимларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиши масаласини (бундан буён матнда чиқиш масаласи деб юритилади) дастлабки тарзда ишлаб чиқиш Сенат Девони Халқаро алоқалар бўлими томонидан Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси ҳамда ваколатли давлат органи билан келишган ҳолда амалга оширилади.
3. Чиқиш масаласини кўриш ва бу масала юзасидан қарор қабул қилиш Сенат Кенгаши томонидан амалга оширилади.
II. Чиқиш масаласини дастлабки тарзда ишлаб чиқиш
4. Хорижий мамлакатларнинг давлат органлари, корхоналари, муассасалари ва ташкилотларидан, дипломатик ваколатхоналаридан тегишли ҳужжатлар келганида Сенат Девонининг Умумий бўлими чиқиш масаласига доир ҳужжатларни рўйхатдан ўтказади ва Сенат Раисига топширади.
Сенат Раиси ҳужжатларни кўриб чиққанидан кейин уларни тегишли резолюция билан Сенат Девони Раҳбарига чиқиш масаласини дастлабки тарзда ишлаб чиқиш учун ҳамда Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитасига белгиланган тартибда келишиш учун топширади.
5. Чиқиш масаласини дастлабки тарзда ишлаб чиқиш Сенат Девонининг Халқаро алоқалар бўлими томонидан тегишли ваколатли давлат органларини жалб этган ва чиқиш масаласининг ташкилий-протокол жиҳатларини ўрганган ҳолда амалга оширилади.
Сенат Раиси ва унинг ўринбосарларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши масаласи дастлабки тарзда ишлаб чиқилганида масала келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.
6. Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси чиқиш масаласини ўрганишни давлат ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини, миллий манфаатларни халқаро майдонда илгари суриш, халқаро ҳамда парламентлараро алоқалар ривожланишини таъминлаш вазифаларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширади.
7. Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси билан келишилганидан кейин дастлабки тарзда ишлаб чиқиш якунлари бўйича чиқиш масаласи тегишли материаллар билан Сенат Девони Раҳбари томонидан Сенат Раисига кўриб чиқиш учун киритилади.
8. Чиқиш масаласини кўриб чиқиш учун Сенат Кенгашига киритиш зарурлиги Сенат Раиси томонидан маъқулланган тақдирда Сенат Девонининг Халқаро алоқалар бўлими масалани киритиш учун тайёрлашни бошлайди.
9. Чиқиш масаласини Сенат Кенгаши муҳокамасига киритиш зарурлиги Сенат Раиси томонидан маъқулланмаганида Сенат Девонининг Халқаро алоқалар бўлими томонидан хорижий мамлакатларнинг тегишли давлат органлари, корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига, дипломатик ваколатхоналарига асослантирилган жавоб хати тайёрланади.
III. Чиқиш масаласини кўриб чиқиш ва унинг юзасидан қарор қабул қилиш
10. Сенат Девонининг Халқаро алоқалар бўлими Сенат Девонининг бошқа таркибий бўлинмалари билан биргаликда чиқиш масаласини Сенат Кенгашига кўриб чиқиш учун киритишга тайёрлашни амалга оширади.
11. Чиқиш масаласини Сенат Кенгаши томонидан кўриб чиқиш Сенат Раиси ёки унинг ўринбосари ёхуд Сенат Девони Раҳбари сафарнинг зарурлиги, асослилиги ва натижа бериши ҳақида маъруза қилишидан бошланади.
12. Чиқиш масаласини кўриб чиқиш якунлари бўйича Сенат Кенгаши томонидан хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиш ёки чиқмаслик тўғрисида қарор қабул қилинади.
13. Сенат Кенгашининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиш тўғрисидаги Қарори тегишли материалларни илова қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ташкилий масалаларни ҳал қилиш ҳамда сафар билан боғлиқ моддий харажатларни қоплаш учун юборилади.
IV. Якунловчи қоидалар
14. Хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиб кетаётган шахслар чиқишнинг асослилиги ва натижаси учун шахсан жавобгар бўладилар.
15. Хизмат сафарининг режа-топшириғини ва хизмат сафари натижалари бўйича ҳисобот тузиш тартиби, хизмат сафарига юборилаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан хизмат сафарининг мақсади ва вазифаларини самарали амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, расмий ва норасмий маросимларни ўтказиш пайтида бўлиб турган мамлакат қонунчилигига ва умумэътироф этилган юриш-туриш қоидаларига (этикетга) риоя этиш, шунингдек давлат сирларидан хабардор шахсларнинг чет элга чиқиши муносабати билан махфийлик режимини таъминлаш бўйича мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларини ташкил этиш қоидалари билан белгиланади.
16. Хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиққанда давлат сирларини ошкор қилганликда, давлат сирларини ўз ичига олган ҳужжатларни ва буюмларни йўқотганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 й., 5-сон, 138-модда)