Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг 2010 – 2013 йиллар ва 2014 йилнинг ўтган давридаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2010 — 2013 йиллар ва 2014 йилнинг ўтган давридаги (бундан буён матнда ҳисобот даври деб юритилади) фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши шуни қайд этадики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан қишлоқ ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, фермерликни ривожлантириш, қишлоқ жойларида аҳоли бандлиги муаммосини ҳал қилиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга доир давлат сиёсатини қонунчилик жиҳатидан таъминлашга, тегишли қонунлар ҳамда дастурларнинг ижро этилиши устидан самарали назоратнинг амалга оширилишига, шунингдек ўтказилаётган тадбирлар якунлари бўйича конструктив амалий тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилган муайян ишлар олиб борилган.
Қўмита ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 2010 йил 26 январдаги Сенатнинг биринчи ялпи мажлисидаги ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 2010 йил 27 январь ва 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисларидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш устувор мақсадимиздир» ҳамда «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» деб номланган маърузаларида илгари сурилган вазифаларни ижро этишни ўз фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида белгилаган.
Қўмита томонидан ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) ялпи мажлисларида кўриб чиқиш учун 15 та масала, шу жумладан географик объектларнинг номларини аниқлаш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва улардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини шакллантиришга, мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга ҳамда савдодаги техник тўсиқларни бартараф этишга, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги экологик назоратни такомиллаштиришга ва бошқаларга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг еттита қонуни киритилган.
Қонунлар Сенатнинг ялпи мажлисларида маъқуллангач, уларнинг мазмуни ва моҳиятини аҳоли ўртасида тушунтириш учун Қўмита томонидан минтақаларга сафарлар ташкил этилган, бу эса аҳолида ташвиш уйғотаётган муаммоларни аниқлаш ҳамда тегишли қарор ва тавсияларни ишлаб чиқиш имконини берган.
Ҳисобот даврида Қўмита ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиб борган ва ушбу масалани Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисларида кўриб чиқиш ҳақидаги таклифларни Сенат Кенгашига киритган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан 20 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган. Бундан ташқари тўртта конференция, 10 та давра суҳбати ва бешта семинар ўтказилган.
Хусусан, Сенат Кенгашининг 2011 йил 25 августдаги «Ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирига «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан ижро этилишини таъминлаш масаласи юзасидан парламент сўрови юборилган. 2011 йилнинг 29 ноябрь куни Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З. Рўзиевнинг ушбу сўров юзасидан жавоби тингланган ва муҳокама қилинган.
Қўмита томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан биргаликда қатор қўшма сайёр мажлислар ўтказилган. Масалан, Жиззах вилоятида қишлоқдаги ёш оилаларга уй-жой қуриш ёки сотиб олишда кўмаклашиш, Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг ерлардан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланишга доир қисмининг ижроси, Қашқадарё вилояти Ҳисор ва Китоб давлат қўриқхоналари мисолида «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижро этилиши, «Ветеринария тўғрисида»ги ва «Наслчилик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Жиззах вилоятида ижро этилиши масалалари муҳокама қилинган. Қишлоқларнинг қиёфасини тубдан яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ва сифатини ошириш мақсадида 2014 йил 21 февралда Қўмита мажлисида қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга доир қонун ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси ва «Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ томонидан ижро этилишини Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ўрганиш натижалари муҳокама қилинган.
Қўмитанинг назорат-таҳлил фаолияти якунларига кўра қабул қилинган қарор ва тавсиялари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва ташкилотларга юборилган.
Қўмита «Тожикистон «Талко» ДУК корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти экологияга ва одамлар соғлиғига кўрсатаётган ҳалокатли таъсирни бартараф этиш чоралари тўғрисида»ги халқаро семинарга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда фаол иштирок этган.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари республика ва минтақалар кўламидаги 5 867 та тадбирда фаол иштирок этиб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, қонунлар ҳамда энг муҳим давлат дастурларининг мазмун ва моҳиятини тушунтириш юзасидан 4 477 марта сўзга чиққан.
Бунда Қўмита раиси Х. Раззаков, Қўмита аъзолари Н. Аимбетов, Қ. Алдабергенов, П. Зиятов, Х. Каримов, Э. Сидикова, Б. Халимбетов, М. Юлдашов, М. Қурбановалар айниқса фаоллик кўрсатганлар.
Шунингдек, ҳисобот даврида Қўмита аъзолари Сенатнинг ялпи мажлисларида муҳокама қилинган масалалар бўйича 98 марта, Қўмита мажлисларида 189 марта сўзга чиққан.
Оммавий ахборот воситаларида Қўмита аъзоларининг 3 859 та мақоласи чоп этилган ва эфирга узатилган, шу жумладан республика ҳамда маҳаллий газета ва журналларда 1 271 та мақола чоп этилган. Қўмита аъзолари иштирокида 1 557 та телекўрсатув ва 1 031 та радиоэшиттириш эфирга узатилган.
Қўмита аъзолари сайловчилар билан 2 481 та учрашув ўтказган. Мазкур учрашувларда долзарб ижтимоий-иқтисодий масала ва муаммоларни муҳокама қилиш, таҳлил этиш ва ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Фуқароларнинг 7 713 та ёзма мурожаати кўриб чиқилган, шунингдек 7 418 нафар фуқаро қабул қилинган. Фуқароларни қабул қилиш давомида аниқланган долзарб масалаларни ҳал этиш, шунингдек ижтимоий соҳа муассасалари фаолиятини яхшилаш учун ҳисобот даврида тегишли давлат органлари ва тузилмаларига 166 та сенаторлик мурожаати йўлланган.
Шу билан бирга, Қўмита фаолиятида айрим камчилик ва нуқсонлар мавжуд. Қўмита минтақаларда ҳамда иқтисодиёт тармоқларида Сенат, Сенат Кенгашининг ва Қўмитанинг қарорлари, айниқса қишлоқ хўжалигининг энг муҳим тармоқларини ривожлантиришга, сув ва сувдан фойдаланишга, чиқиндиларнинг атроф муҳитга таъсирини камайтиришга, экин майдонларидан самарали фойдаланишга, қишлоқдаги ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашга оид дастурларнинг сўзсиз бажарилиши устидан назоратни кучайтириши зарур. Бунда аҳоли саломатлигига хавф туғдирувчи зарарли омилларга алоҳида эътибор бериши керак.
Қўмита ўтказилаётган тадбирларни, айниқса назорат-таҳлил тадбирларини тайёрлаш бўйича ишларга, минтақаларда аниқланган ижтимоий-иқтисодий ривожланишга оид ҳал этилмаган масалалар тўғрисидаги таклифларни Қўмита муҳокамасига, Сенат Кенгаши мажлисларига ва Сенат ялпи мажлисларига ташаббускорлик билан киритишга Қўмитанинг барча аъзоларини жалб этишга эриша олмаган. Қўмитанинг ва Сенат Кенгашининг иш режаларини шакллантиришда Қўмитанинг барча аъзолари бирдай фаол иштирок этмаганлар.
Қўмита аъзолари мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг ҳамда қабул қилинаётган Ўзбекистон Республикаси қонунларининг мазмун ва моҳиятини жойларда тушунтириш ишларида янада фаолроқ иштирок этиши, Қўмита ҳужжатлари асосида тайёрланган таҳлилий материаллар билан марказий ва маҳаллий нашрлар саҳифаларида ҳамда телерадиоканалларда кўпроқ чиқишлар қилиши зарур.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг 2010 — 2013 йиллар ва 2014 йилнинг ўтган давридаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи билдирилган таклифларни ҳисобга олган ҳолда маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси (Х. Раззаков) ўз фаолиятини янада кучайтириш мақсадида:
ўтган даврдаги фаолиятини танқидий баҳолаб, аниқланган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрсин;
қонун ҳужжатларининг, Сенат, Сенат Кенгаши ва Қўмита қарорларининг талабларини сўзсиз бажариш бўйича ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан парламент назоратининг таъсирчанлигини оширсин, бунда қишлоқ хўжалигининг энг муҳим тармоқларини ривожлантиришга, сув ва сувдан фойдаланишга, чиқиндиларнинг атроф муҳитга таъсирини камайтиришга, экин майдонларидан самарали фойдаланишга, қишлоқдаги ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашга тааллуқли дастурларнинг бажарилишига алоҳида эътибор қаратсин;
ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ва давлат дастурларининг талаблари жойларда бир хилда бажарилиши устидан назорат қилиш борасидаги фаолиятини янада кучайтиришга кўмаклашсин;
қонунлар ижросини ўрганиш натижалари бўйича Қўмита томонидан қабул қилинган қарорлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ижро этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратсин;
ўтказилаётган тадбирларни, айниқса назорат-таҳлил тадбирларини тайёрлашда, минтақаларда аниқланган ижтимоий-иқтисодий ривожланишга оид ҳал этилмаган масалалар тўғрисидаги таклифларни Қўмита, Сенат Кенгаши мажлислари ва Сенат ялпи мажлислари муҳокамасига ташаббускорлик билан киритишда Қўмитанинг барча аъзолари иштирокини фаоллаштирсин;
Сенатнинг ва Сенат Кенгашининг қарорларини, шунингдек Қўмита қарорлари ва тавсияларини бажариш юзасидан давлат органлари раҳбарларининг ахборотини тинглаш амалиётини давом эттирсин;
Қўмита ҳужжатлари асосида тайёрланган минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир таҳлилий материаллар билан Қўмита аъзоларининг марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида, жумладан телерадиоканаллар орқали янада фаолроқ чиқишларини таъминласин;
мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг мазмун ва моҳиятини аҳолининг кенг қатламлари ўртасида тушунтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтирсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари М. Раджабова зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 9 апрель.
КҚ-118-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 й., 4-сон, 124-модда)