Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Жумҳурияти ўртасида
Битим
Капитал маблағларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга доир
1992 йил 28 апрель, Тошкент
Қуйида «Томонлар» деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Жумҳурияти,
икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни, жумладан бир Томоннинг бошқа Томон ҳудудига капиталлар инвестиция қилиши соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш интилишларига асосланиб;
инвестицияларга доир битимлар (шартномалар) тузиш капиталлар ва технологияларни ўсишга, шунингдек Томонларнинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашишини англаб етиб;
инвестицияларга доир шартномалар инвестициялар учун барқарор шароитлар (структуралар)ни таъминлаш ва иқтисодий ресурсларни мумкин қадар кўпроқ самарали тақсимлаш жиҳатидан зарур эканлигини тушуниб етиб;
инвестицияларни кенгайтириш ва ўзаро ҳимоя қилишга дахлдор битимлар тузиш тўғрисида қарор қилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. «Инвестор» термини:
а) ўз мақомини Томонлардан бирининг тегишли қонунларига биноан унинг фуқароси деб билувчи жисмоний шахсларни;
б) ҳар иккала Томоннинг амалдаги қонунларига мувофиқ ташкил этилган ёки рўйхатдан ўтказилган ва ана шу Томонларнинг ҳудудларида ўз штаб-қароргоҳига эга корпорациялар, фирмалар ёки бирлашмаларни англатади.
2. «Инвестициялар» дейилганда Томонларнинг қонунлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйида келтириладиган барча турдаги активлар, жумладан:
а) акциялар, пайлар ва компанияларда иштирок этишнинг бошқа шакллари;
б) қайта инвестиция қилинган фойдалар, векселлар ёки инвестиция қилиш учун яроқли бўлган молиявий маблағлар мавжуд эканлигини тасдиқловчи ҳар қандай бошқа ҳуқуқлар;
в) кўчар ва кўчмас мулк, шунингдек гаров кафолати, гаров каби ҳуқуқлар қарзни қайтаргунга қадар мол-мулкни ушлаб туриш ҳуқуқи ва бошқа шунга ўхшаш ҳуқуқлар;
г) муаллифлик ҳуқуқлари, саноат ва интеллектуал мулк, патентлар, технология жараёнлари, кашфиётлар, савдо маркалари, «ноу-хау» ва бошқа шунга ўхшаш ҳуқуқлар;
д) қонунга ёки ҳар иккала Томоннинг ҳудудидаги табиат ресурсларини қидириб топиш, қазиб олиш ва улардан фойдаланишга доир битимларга мувофиқ концессиялар (қуйида шу ҳақда изоҳ берилади) тушунилади.
3. «Фойда» дейилганида капитал маблағлардан олинадиган даромадлар, банк кредити фоизлари, двидендлар ва шу кабилардан иборат бўлган маблағлар тушунилади.
4. «Ҳудуд» дейилганда Томонларнинг ўзаро келишувига асосан белгиланиб, халқаро ҳуқуққа мувофиқ келадиган чегара ноҳиялари, ҳудудий сувлар ва континентал шельф тушунилади.
2-модда
ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА ҲИМОЯ ҚИЛИШ
ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА ҲИМОЯ ҚИЛИШ
1. Томонларда ҳар бири инвестиция фаолияти учун ўз қонунлари доирасида, ўз ҳудудида худди ўхшаш шароитларда учинчи Томонларнинг инвесторлари учун яратиладиган шарт-шароитларга қараганда номақбул бўлмаган шароитлар яратади.
2. Томонлардан ҳар бири аввал белгиланган капитал маблағларни ҳимоя қилишдан ташқари, худди ўхшаш шароитларда ўз инвесторларига ёки учинчи Томонлар инвесторларининг инвестицияларига нисбатан қабул қилинган тегишли ҳужжатларга нисбатан номақбул бўлмаган ҳужжатлар қабул қилади, бунда ҳужжатларнинг қайси бири энг кўп даражада мақбуллигига асосланади.
3. Томонлар ажнабийларнинг ўз мамлакатига кириши, вақтинча бўлиб туриши ва ёлланиши хусусида қабул қиладиган қонунлари ва қоидаларининг соҳаси қуйидагилардан иборат бўлади, чунончи:
а) Томонлардан ҳар бирининг фуқаролари учун бошқа Томоннинг ҳудудига улар ёки уларни ёллаган биринчи Томоннинг инвестори киритган инвестициялар ёки муайян суммадаги маблағларни ёхуд бошқа ресурсларни жойлаштириш жараёни билан боғлиқ операцияларни таъсис этиш, кенгайтириш ва уларга раҳбарлик қилиш мақсадида кириши ва бўлиб туришига рухсат берилиши лозим.
б) Томонлардан бирининг қонунлари ва қоидаларига мувофиқ ошкора ва бошқа Томон инвестициялари доирасида амал қилувчи компанияларга миллатидан қатъи назар, ўз ихтиёрларига кўра асосий ва ёрдамчи ходимларни ёллаш ҳуқуқи берилиши лозим.
4. Ушбу модданинг мазмуни Томонлардан ҳар бири қабул қилган:
а) амал қилиб турган ёки келгусида тузиладиган божхона уюшмаларига, регионал иқтисодий ташкилотларга дахлдор бўлган шартномаларга ёки худди шунга ўхшаш халқаро шартномаларга;
б) солиқ солишга қисман ёки тўлиқ дахл қилувчи шартномаларга нисбатан таъсир қилмайди.
3-модда
ЭКСПРОПРИАЦИЯ ВА КОМПЕНСАЦИЯЛАР
ЭКСПРОПРИАЦИЯ ВА КОМПЕНСАЦИЯЛАР
1. Инвестициялар экспроприация қилиниши ёки миллийлаштирилиши мумкин эмас. Шунингдек, улар юқоридаги каби оқибатларга олиб келувчи бевосита ёки билвосита тадбирларнинг объекти бўлиши мумкин эмас, давлат манфаатлари йўлида амалга оширилиб, камситиш характерига эга бўлмай қонун ва ушбу битим 2-моддасининг асосий қоидаларида белгиланган тартибга мувофиқ шошилинч равишда самарали компенсация тўланадиган тадбирлар бундан мустасно.
2. Компенсациялар экспроприация қилингунига ёки экспроприация қилинганлиги тўғрисида маълум бўлиб қолгунига қадар экспроприация қилинадиган инвестицияларнинг реал қийматига тенг бўлади. Компенсациялар зудлик билан (пайсалга солмай) тўланади ва 4-модданинг 2-бандида кўрсатилган тартибда эркин ўтказилиши мумкин.
3. Урушлар, қўзғолонлар, фуқароларнинг ғалаёнлари ва шунга ўхшаш воқеалар оқибатида бошқа Томоннинг ҳудудида инвестициялари зарар келтираётган инвесторларнинг ҳуқуқлари хусусида бошқа Томоннинг алоҳида ҳужжатларида ижозат берилган бўлиб, бу ҳужжатлар ана шу Томоннинг ўз инвесторлари ёки ҳар қандай учинчи Томоннинг инвесторларига нисбатан қабул қилинган алоҳида ҳужжатларга нисбатан номақбул бўлмаслиги керак, бунда ҳужжатлардан қайси бири мақбул эканлигига асосланилади.
4-модда
РЕПАТРИАЦИЯ ВА (МАБЛАҒЛАРНИ) ЎТКАЗИШ
РЕПАТРИАЦИЯ ВА (МАБЛАҒЛАРНИ) ЎТКАЗИШ
1. Томонлардан ҳар бири ўз ҳудудида хориждан келаётган инвестициялар ва ўз ҳудудидан хорижга кетадиган инвестицияларга доир (барча маблағлар) эркин ва асоссиз равишда пайсалга солмай ўтказилиши мажбуриятини ихтиёрий равишда ўз зиммасига олади. Бундай (маблағлар) ўтказилиши қуйидагиларни, чунончи:
а) фойдаларни;
б) инвестицияларни сотишдан ва уларни қисман ёхуд тўлиқ тугатишдан тушадиган даромадларни;
в) 3-моддага мувофиқ компенсацияларни;
г) кредитларни қайтариш ҳисобига олинган суммалар ва инвестицияларни амалга ошириш билан боғлиқ кредитлар бўйича фоизларни;
д) Томонлардан бирининг фуқаролари бошқа томоннинг ҳудудида инвестициялар билан боғлиқ муайян ишларни бажарганлик учун оладиган иш ҳақлари, нафақалари ва бошқа тўловларни;
е) инвестицияга доир низолар оқибатида юзага келадиган тўловларни ўз ичига олади.
2. (Маблағ) ўтказиш инвестиция берилган озод валюталарда ёки (маблағ) ўтказиш кунидаги алмашиш курси бўйича ҳар қандай бошқа озод валютада амалга оширилади, қабул қилинаётган Томон ва инвестор ўртасида махсус аҳдлашув мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.
5-модда
СУБРОГАЦИЯ (СУҒУРТАЧИНИ АЛМАШТИРИШ)
СУБРОГАЦИЯ (СУҒУРТАЧИНИ АЛМАШТИРИШ)
1. Башарти, Томонлардан бири инвесторининг инвестициялари қонунда белгиланган тартибда регламентлаштирилгани бўйича нотижорат таваккалчиликдан суғурта қилинган бўлса суғурта тўғрисидаги Битим шартларини бузаётган суғуртачини ҳар қандай алмаштириш бошқа томондан тан олинади.
2. Суғуртачига инвестор томонидан ваколат берилган ҳуқуқлардангина фойдаланиш имконини яратувчи ваколатлар берилади.
3. Аҳдлашувчи Томон ва суғуртачи ўртасидаги низоли вазиятлар ушбу Битимнинг 7-моддасида изоҳот берилган қоидаларга мувофиқ тартибга солинади.
6-модда
КУЧДАН ҚОЛДИРИШ
КУЧДАН ҚОЛДИРИШ
1. Ушбу Битим:
а) ҳар иккала Томонни қонунлар, йўриқномалар, маъмурий ҳуқуқлар ёки суд қарорлари;
б) халқаро мажбуриятлар;
в) ёки томонлардан ҳар бири қабул қилган мажбуриятлар, шунингдек инвестициялар ёки ушбу Битимга киритилганларига қараганда инвестициялар учун кўпроқ мақбул бўлган шарт-шароитлар яратадиган ижозат берилган капитал маблағлар бўйича мажбуриятлари учун жавобгарликдан озод қилмайди.
7-модда
БИР ТОМОН БИЛАН БОШҚА ТОМОН ИНВЕСТОРЛАРИ ЎРТАСИДАГИ НИЗОЛАРГА БАРҲАМ БЕРИШ
БИР ТОМОН БИЛАН БОШҚА ТОМОН ИНВЕСТОРЛАРИ ЎРТАСИДАГИ НИЗОЛАРГА БАРҲАМ БЕРИШ
1. Бир Томон билан бошқа Томон инвестори ўртасидаги ана шу бошқа Томоннинг инвестори капитал маблағларига тааллуқли низолар олувчи Томонга ёзма шаклда етказилиб, унда инвестор батафсил маълумотни баён қилади. Имкониятга қараб инвестор ва манфаатдор Томон низоларни маслаҳатлар ва музокаралар йўли билан ҳал этиш учун ҳаракат қилади.
2. Башарти, низоларга барҳам берилмаса, ушбу модданинг 1-бандида эслатиб ўтилган ёзма шаклдаги ариза берилган кундан бошлаб 6 ой ичида низо инвесторнинг ихтиёри билан:
а) «Давлатлар ва бошқа мамлакатларнинг фуқаролари ўртасида инвестициялар бўйича келиб чиқадиган низоларни тартибга солиш тўғрисидаги конвенция»га (башарти, ҳар иккала Томон ушбу конвенцияни имзолаган бўлса) мувофиқ тузилган Инвестициялар билан боғлиқ низоларга барҳам бериш халқаро марказига;
б) БМТ Халқаро савдо қонунчилиги комиссияси (ЮНСИТРАЛ) белгиланган ҳакамлик қоидалари бўйича амал қилувчи Ҳакамлик суди (башарти, ҳар иккала томон БМТ аъзолари бўлса);
в) агар, низо инвестор низода иштирок этаётган Томоннинг тегишли муассасаси томонидан қараб чиқулгунига қадар мурожаат қилган бўлса, узил-кесил қарор камида бир йил ичида қабул қилинишини назарда тутувчи Париж шаҳридаги Халқаро Савдо Палатасининг Ҳакамлик суди ҳукмига чиқариши мумкин.
3. Ҳакамлик судининг қарори узил-кесил бўлиб, низо иштирокчиларининг барчаси учун мажбурийдир. Томонлардан ҳар бири ўзининг миллий қонунларига мувофиқ қабул қилинган қарорни бажариш мажбуриятини зиммасига олади.
8-модда
ТОМОНЛАР ЎРТАСИДАГИ НИЗОЛАРГА БАРҲАМ БЕРИШ
ТОМОНЛАР ЎРТАСИДАГИ НИЗОЛАРГА БАРҲАМ БЕРИШ
1. Томонлар ушбу Битимни талқин этиш ва татбиқ қилиш хусусида ўз ўрталарида келиб чиқиши мумкин бўлган ҳар қандай низоли вазиятларга барҳам бериш учун ўзаро мақбул қарор қабул қилинишига тезда эришиш учун ҳаракат қилдилар. Бундай қарорларга эришиш учун Томонлар бевосита конкрет музокаралар ўтказишга розиликларини маълум қиладилар.
Башарти, Томонлар низо келиб чиққан вақтдан бошлаб олти ой ичида ўзаро келишувга эриша олмасалар, низо Томонлардан бирининг аризасига кўра уч кишидан иборат ҳакамлик судининг ҳукмига чиқарилиши мумкин.
2. Ариза тушган вақтдан бошлаб Томонларнинг ҳар бири ўз ҳакамини тайинлайди. Ҳакамлик судьяларининг иккитаси учинчи давлатнинг фуқароси бўлган судьяни Раис этиб сайлайди. Башарти, Томонлардан бири белгиланган вақт муддат ичида ўз ҳакамини тайинлашга улгурмаса, бошқа Томон судья тайинлаш илтимоси билан Халқаро Суд Раисига мурожаат қилиши мумкин.
3. Башарти, иккала ҳакам ўзлари тайинланган вақтдан бошлаб икки ой ичида учинчи судьяни Раис этиб тайинлаш тўғрисида бир битимга кела олмасалар, Томонлардан бирининг илтимосига кўра ҳакамлик судининг Раисини Халқаро Суднинг Раиси тайинлайди.
4. Башарти, ушбу модданинг 2 ва 3-бандларида таъриф берилган вазиятларда Халқаро Суднинг Раиси юқорида эслатиб ўтилган вазифаларини бажара олмаса ёки у Томонлардан бирининг фуқароси бўлса, Халқаро Суд Раисининг ўринбосари ҳакамлик суди Раисини тайинлайди, борди-ю, Раис ўринбосари ҳам бу вазифаларни бажара олмаса ёки у ҳам Томонлардан бирининг фуқароси бўлса, ҳакамлик суди Раисини Томонлардан ҳеч қайси бирининг фуқароси бўлмаган Халқаро суднинг юқори мансабли аъзоси тайинлайди.
5. Ушбу Битимнинг қоидаларига мос келувчи тартибга солиш қоидаларини мувофиқлаштириб олиш учун трибуналга Раис сайланган кундан бошлаб уч ой муҳлат берилади.
Бундай Битим бўлмагани тақдирда трибунал Халқаро Судга халқаро ҳакамлик амалиётига мувофиқ процедура қоидаларини белгилаб бериш илтимоси билан мурожаат қилиши лозим.
6. Башарти, ўзга аҳдлашувлар мавжуд бўлмаса, ишни Судга ошириш ва уни қараб чиқиш учинчи ҳакам тайинланган кундан бошлаб 8 ой ичида ниҳоясига етказилиши лозим. Трибуналнинг қарори ишнинг судга узил-кесил оширилганлиги кунидан ёки қайси бири кечроқ тугатилганига қараб, иш кўриб чиқилиши ниҳояланган вақтдан бошлаб икки ой ичида чиқарилади. Ҳакамлик Суди чиқарадиган қарор узил-кесил ҳисобланиб, кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
7. Раис ва бошқа ҳакамларнинг сарф-харажатларини, худди шунингдек ишнинг судда кўриб чиқилиши учун қилинган сарф-харажатларни ҳар иккала томон тенг равишда тўлайди. Суд ўз хоҳишига қараб, Томонлардан бирининг харажатларнинг кўпроқ қисмини тўлашига доир қарор чиқариши мумкин.
8. Башарти, иш олдин бошқа халқаро ҳакамлик судида қараб чиқилган бўлса, ушбу модданинг қоидаларига мувофиқ низо Халқаро Ҳакамлик Судининг ҳукмига чиқарилиши мумкин эмас. Бироқ, бу ҳол ҳар иккала томон ўртасида бевосита конкрет музокаралар ўтказишга таъсир қилмайди.
9-модда
БИТИМНИНГ КУЧГА КИРИШИ
БИТИМНИНГ КУЧГА КИРИШИ
1. Ушбу битим ратификация қилиш билан боғлиқ барча тартиботлар ниҳояланган вақтдан бошлаб кучга киради. Битим ўн йил давомида амал қилади, ундан кейин эса ушбу модданинг 2-банди қоидаларига мувофиқ кучдан қолдирилмагунча амал қилишда давом этаверади. Ушбу Битим кучга киргунга қадар амалда бўлган инвестицияларга нисбатан ҳам, келгусидаги капитал маблағларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
2. Томонлардан ҳар бири ўн йиллик муддат ўтгунига бир йил қолгунига қадар ёки ун йилдан кейин исталган вақтда бошқа Томонга тегишли ёзма хабарнома бериш орқали ушбу Битимни бекор қилиши мумкин.
3. Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро ёзма равишдаги келишувига кўра ўзгартишлар киритилиши мумкин. Ҳар қандай ўзгартиш Томонлардан ҳар бири бошқа Томонни ушбу ўзгартиш кучга кириши учун барча зарур чораларни кўрганлиги тўғрисида хабардор қилганидан кейингина кучга кириши мумкин.
4. Ушбу Битим бекор қилиниши вақтида қилинган ёки олинган ҳамда ушбу Битимнинг моддалари татбиқ этиладиган инвестицияларнинг амал қилиш муддати Битим бекор қилинган кундан бошлаб яна 10 йилга узайтирилади.
Юқорида баён этилганларни тасдиқлаб, Томонларнинг юқори мартабали вакиллари ушбу Битимни имзоладилар.
1992 йил 28 апрелда ўзбек ва инглиз тилларида тузилди, ҳамма матн бир хил кучга эгадир.
Матн турлича талқин этилгани тақдирда инглиз тилидаги матн устун ҳисобланади.
(имзолар)