Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Латвия Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўртасида
Битим
Ҳамкорлик тўғрисида
Бундан кейин «Томонлар» деб аталадиган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Латвия Республикаси Ички ишлар вазирлиги,
жиноятчиликка қарши кураш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончи ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилишни ривожлантиришга жиддий аҳамият бериб,
мустақил давлатларнинг ички ишлар идоралари ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш истагига амал қилиб,
мустақил давлатларнинг жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлиги давлатларнинг мустақиллиги ва тенг ҳуқуқлилиги, ҳамфикрлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро манфаатдорлик принципларига асосланганлигини таъкидлаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатларининг амалдаги қонунлари асосида қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қиладилар:
а) фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, шахсий қадр-қиммати ва мол-мулкига тажовуз қиладиган жиноятларга қарши курашда;
б) бандитизмга, террорчиликка ва халқаро жиноятчиликка қарши курашда;
в) қурол-яроғлар, ўқ-дорилар, портловчи, заҳарли моддалар ва радиоактив материалларни ғайриқонуний олиб-сотишларга қарши курашда;
г) наркотик дорилар ва руҳий таъсир қилиш йўли билан даволашда қўлланиладиган (психотропик) моддаларни қонунга хилоф тарзда олиб-сотишларга қарши курашда;
д) қалбаки ҳужжатлар, пул ва қимматбаҳо қоғозлар ясаш ва уларни ўтказишларга қарши курашда;
е) иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга қарши курашда;
ж) контрабандага, шунингдек маданий ва тарихий қадриятларга тажовуз қиладиган жиноятларга қарши курашда;
з) жиноятчиларни, тергов ва суддан, жазо муддатини ўташдан яшириниб юрган шахсларни, бедарак йўқолганларни, шунингдек нафақа тўлашдан, даъво бўйича чиқарилган суд қарорларини бажаришдан қочиб юрган шахсларни қидириб топишда;
и) танилмаган мурдалар, нотаниш беморлар ва болаларнинг кимлигини аниқлашда;
к) темир йўл, сув ва ҳаво транспортларида содир бўладиган жиноятларга қарши курашда.
2-модда
Томонлар жиноятчиликка қарши курашдаги ҳамкорликни ўз давлатларининг қонунлари ва ўзаро келишув асосида жиноий ишлар, оператив ҳисобга олиш ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича юборилган сўров ва илтимосномаларни бажариш йўли билан амалга ошириш мажбуриятини оладилар.
Томонларнинг ҳамкорлиги қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
а) тайёрланаётган ёки содир этилган жиноятлар ва уларга дахлдор бўлган шахслар тўғрисидаги оператив-қидирув, оператив-маълумотнома ва криминалистик ахборот ҳужжатларини, шунингдек архив маълумотларини бир-бирларига юбориб туриш;
б) оператив-қидирув тадбирларини ва процессуал ҳаракатларни амалга ошириш;
в) иш тажрибаларини ўртоқлашиш, ички ишлар идоралари фаолиятига оид масалалар бўйича чиқарилган қонунлар ва қоидавий ҳужжатларни ўзаро айирбошлаб туриш, кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёргарликдан ўтказиш ва малакаларини оширишда бир-бирларига кўмаклашиб туриш;
г) иккала Томон учун ҳам фойдали бўлиши учун бир-бирларига криминалистик ва махсус техника ҳамда алоқа воситалари, форма кийим-кечак, ишлаб чиқариш техникасига оид асбоб-ускуналарни етказиб бериб туриш;
д) белгиланган жойгача тўппа-тўғри ўтиб борадиган (транзит) махсус ва бошқа хил юкларнинг манзилга етказилишини, жиноятчиларнинг гуруҳларини йўлда соқчилар назорати остида қўриқлаб борилишини амалга оширишда ўзаро ёрдамлашиб туриш;
е) ички ишлар идоралари фаолиятига оид масалалар хусусидаги илмий-техник ахборотларни айирбошлаб туриш, иккала Томоннинг диққат марказида турган долзарб муаммолар бўйича ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва ҳаракат дастурларини ишлаб чиқиш;
ж) шифрланган алоқа ўрнатиш;
з) спорт соҳасидаги ва маданий алоқаларни ривожлантириш, ходимларни ва уларнинг оила аъзоларини даволаш, санаторий ва курортларда соғломлаштириш ишларида бир-бирларига ёрдамлашиб туриш;
Ушбу Битим Томонларнинг ўзаро ҳамкорлик қилишда бунинг ҳар иккала Томон учун ҳам мақбул бўладиган бошқача усулларини ҳам ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришларига монелик қилмайди.
3-модда
Ушбу Битим 2-моддасининг 1-бандида кўзда тутилган сўров ва илтимосномалар тегишлича расмийлаштирилган ва уларда қуйидагилар аниқ кўрсатилган бўлиши керак:
а) сўров ёки илтимосномани юбораётган ички ишлар идорасининг номи ва уларнинг қайси ички ишлар идораси номига юборилаётганлиги;
б) сўров ёки илтимосноманинг қайси иш бўйича юборилаётганлиги;
в) гувоҳлар, жабрланувчилар, гумондор шахслар, айбланувчилар, қидирилаётганлар, судланувчилар ва маҳкумларнинг исми-шарифи, қайси давлат фуқароси эканлиги, касби-кори ва доимий яшаш жойи ёки вақтинчалик манзилгоҳи, зарурат туғилган пайтларда эса уларнинг қонуний вакилларининг ҳам исми-шарифи ва турар жойи;
г) сўров ёки илтимосноманинг мазмуни, шунингдек уларнинг моҳиятига оид зарур маълумотлар ва ҳуқуқбузарлик таркибининг тавсифи.
Ижозат берилган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган ва тегишлича расмийлаштирилган махсус қарорлар ҳам сўров ёки илтимосномага илова қилинади. Сўров ёки илтимоснома ички ишлар идораси бошлиғининг имзоси ва шу идоранинг тамғали муҳри билан тасдиқланган бўлиши шарт. Томонлар сўров ва илтимосномаларни ижро этишда рус тилидан фойдаланадилар.
Сўров юбораётган Томоннинг давлат тилида ёзилган сўров ва илтимосномаларга илова қилинадиган ҳужжатларга уларнинг рус тилига таржима қилиниб, тегишлича тасдиқланган матнлари ҳам тиркаб қўйилади.
Сўров ёки илтимосномалар бажарилаётган пайтда уларни ижро этувчи Томоннинг давлат тилида ёзилган ҳужжатларни ўша Томоннинг ўзи рус тилига таржима қилади.
Таржималар ваколатли муассасанинг муҳри ва мансабдор шахснинг имзоси билан тасдиқланади.
Ишни кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда сўровлар оғзаки бўлиши ҳам мумкин, лекин, улар зудлик билан ёзма равишда, шу жумладан сўров матнини техник воситалар орқали хабар қилиш усули билан тасдиқланиши зарур.
4-модда
Мабодо сўров ёки илтимоснома юборилган Томонда уларни бажариш инсон ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўлади ва давлатимизнинг мустақиллиги, хавфсизлиги ва бошқа муҳим манфаатларига зарар етказади, деган фикр туғилса, мазкур Томон сўров ёки илтимосномани бажаришни бутунлай, ёки бўлмаса қисман рад этиши мумкин. Башарти ўша Томон шундай қарорга келган бўлса, у бу тўғрида (рад этиш сабабларини кўрсатиб) сўров юборган Томонга ёзма равишда хабар қилади.
5-модда
Агар бир Томоннинг бошқа Томонга юборган маълумотлари махфий бўлса ёки маълумотларни юборган Томон уларнинг мазмуни ошкор қилинмаганлиги маъқул, деб ҳисоблаётган бўлса, бундай ҳолда Томонларнинг ҳар қайсиси ҳам бошқа Томондан олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди. Маълумотларнинг қай даражада махфий эканлигини уларни юбораётган Томоннинг ўзи белгилайди.
6-модда
Томонлар, ўз давлатларининг қонунларига амал қилган ҳолда, бошқа Томоннинг сўров ёки илтимосномаси бўйича куйидаги ишларда бир-бирларига ёрдамлашиб туриш мажбуриятини оладилар:
а) тергов ва суддан, қочиб юрган шахсларни ушлаш ва зарурат туғилган ҳолларда уларни қамоққа олиш;
б) жиноий жавобгарликка тортилиши лозим бўлган ёки ҳукмни ижро этиш учун керакли шахсларни иккинчи Томоннинг ихтиёрига топшириш.
7-модда
Томонлар, ўзаро келишувга мувофиқ, ўз ходимларини бошқа Томоннинг ички ишлар идораларига хизмат сафарига юборишлари мумкин. Ўша Томонда эса бундай ходимларга уларнинг олган топшириқларини бажаришлари учун зарур ёрдам кўрсатилади, уларни ҳуқуқий ҳимоялаш учун ҳамма чора-тадбирлар амалга оширилади.
8-модда
Томонлар ходимларни бошқа Томоннинг ички ишлар идораларига хизматга олиш, уларга хизматни ўтаб қўйган йиллари эвазига қўшимча равишда устама ҳақ тўланиши учун ўталган хизмат муддатларини сақлаб қолиш ва ходимлар қайси Томон хизматига ўтказилган бўлса, уларга давлат нафақасини ўша Томон ички ишлар идораларининг ходимлари учун белгилаб қўйилган миқдорда тайинлаш масалаларини якка тартибда ва ўша Томон давлатининг қонунлари асосида кўриб чиқиш ва ҳал қилиш тўғрисида келишиб олдилар.
9-модда
Томонлар ўзаро ҳамкорликни амалга оширишда рус тилидан фойдаланадилар.
10-модда
Ушбу Битимнинг мазмуни Томонларнинг бошқа халқаро шартнома ва битимлар бўйича ўз зиммаларига олган мажбуриятларига дахл қилмайди.
11-модда
Томонлар ушбу Битимни амалга ошириш давомида бўладиган харажатларни, агар бу тўғрида бошқача тартиб белгиланмайдиган бўлса, ўзлари кўтарадилар.
12-модда
Мазкур Битим имзоланган пайтидан бошлаб кучга киради. Мабодо, Томонларнинг бири бошқа Томондан унинг Битим шартларини бажармаслик ниятида эканлиги тўғрисида билдиришнома олса, шу кундан бошлаб орадан олти ой ўтгунча Битим ўз кучини йўқотмайди ва шу муддат ичида унга амал қилиб борилаверади.
Делегацияларнинг ўз ҳукуматлари томонидан тегишлича ваколат берилган раҳбарлари юқорида баён қилинган тартиб-қоидаларни тасдиқлаб, рус тилида икки нусхада тайёрланган ушбу Битимни 1992 йил 24 апрель куни Олмаота шаҳрида имзоладилар.
Томонлар мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб бир ой муддат ичида Битим матнини ўзбек ва латиш тилларига таржима қиладилар ва уларни имзо қўйдириб олиш ва сақлаб туриш учун бир-бирларига юборадилар.
(имзолар)