Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида
Протокол
Ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия тузиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси, бундан кейин Юқори Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
иқтисодиёт, сиёсат, ижтимоий ва гуманитар соҳаларда кенг ҳамкорликни ривожлантиришга имкон берувчи шартнома-ҳуқуқ базасига асосланиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1. Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия (бундан кейин Қўшма комиссия) тузиш.
2. Қўшма комиссиянинг Ўзбекистон Республикаси томонидан раиси этиб — Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари:
Қўшма комиссиянинг Озарбайжон Республикаси томонидан раиси этиб — Озарбайжон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари;
Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия тўғрисида низом (илова қилинади) тасдиқланади.
3. Ўзларининг мамлакат ҳукуматларига бир ой муддат ичида тенглик асосларида Қўшма комиссия таркибини тасдиқлаш топширилади.
4. Ушбу Протокол имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил давомида амал қилади. Агар Юқори Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч бири навбатдаги муддат тугашидан камида 6 ой илгари Протоколнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма равишда иккинчи Юқори Аҳдлашувчи Томонни хабардор қилмаса, ушбу Протоколнинг амал қилиш муддати кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан чўзилади.
Тошкент шаҳрида 1997 йил 18 июнда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссияси тўғрисида
НИЗОМ
1. Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссияни (бундан кейин Қўшма комиссия) иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар соҳаларда ҳар томонлама алоқаларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш мақсадида ташкил этилган.
2. Қўшма комиссиянинг вазифалари:
икки томонлама ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий ва бошқа ўзаро қизиқиш уйғотувчи соҳаларда ҳамкорликни муваффақиятли ривожлантиришишга кўмаклашиш;
келишилган битимлар доирасида ҳар томонлама ҳамкорликнинг турли соҳаларини фаоллаштиришга, биргаликда қабул қилинган қарорларнинг бажарилишига кўмаклашиш, ўзаро муносабатларнинг турли масалалари бўйича ўзларининг ҳукуматларига таклифлар киритиш.
3. Қўшма комиссия Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси томонидан тенг миқдордаги аъзолардан тузилади.
4. Қўшма комиссия раисларининг таклифлари бўйича ҳукуматларининг қарори билан Қўшма комиссия раисларининг ўринбосарлари, масъул котиблар ва аъзолари тайинланади.
Раислар Қўшма комиссия фаолиятини мувофиқлаштирадилар ва ташкил этишни таъминлайдилар, доимий равишда маслаҳатлашадилар ва маълумот билан алмашадилар.
5. Қўшма комиссия йиғилишининг кун тартиби раислар томонидан келишиб олинган ва тасдиқланган бир йиллик тадбирлар истиқбол режасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Навбатдаги йиғилишнинг кун тартиби Қўшма комиссия раислари томонидан келишилади.
6. Қўшма комиссия мувофиқлаштирилган муддатларда, лекин йилда камида икки маротаба йиғилиш ўтказади.
Қўшма комиссия йиғилишлари навбатма-навбат Ўзбекистон Республикасида ва Озарбайжон Республикасида йиғилишни ўтказаётган давлатдан раис раислигида ўтказилади.
7. Қўшма комиссия йиғилишлари учун материалларни тайёрлашга давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ходимлари, шунингдек экспертлар жалб этилади.
8. Зарур бўлган ҳолда раислардан бирининг ташаббуси билан, Қўшма комиссиянинг навбатдан ташқари йиғилиши чақирилиши мумкин.
9. Қўшма комиссия қарорлари имзоланган кундан кучга киради, агар бошқа тартиб ўрнатилмаган бўлса.
Раислардан бирининг фикрича, тегишли давлат органлари билан келишилиши лозим бўлган қарорлар улар маъқулланганлиги тўғрисида бошқа раис хабар олган кундан бошлаб кучга киради.
Келишиш муддати Қўшма комиссия қарори қабул қилинган кундан бошлаб ўттиз кундан ошмаслиги керак.
10. Қўшма комиссиянинг ишчи тили рус тили бўлади.
Қўшма комиссия йиғилишининг протоколлари раислар томонидан имзоланади.
11. Ўзига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида Қўшма комиссия зарур бўлган ҳолда доимий ва муваққат кичик комиссияларини ва ишчи гуруҳларини тузиши мумкин.
12. Йиғилишларни ўтказиш, жумладан Қўшма комиссия аъзоларининг яшаши, овқатланишни ва транспорт хизмати бўйича харажатларни ҳудудида йиғилиш ўтказилаётган давлат, йиғилиш жойига бориш ва қайтиш бўйича харажатларни эса юборувчи давлат қоплайди.