Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Ҳеч қандай далил хўжалик суди учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас
[Кўчирма]
«Термиз қурилиш экспертиза ва назорат» МЧЖ (кейинги матнларда — даъвогар) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Mашҳур» масъулияти чекланган жамиятидан (кейинги матнларда — жавобгар) 5 250 283 сўм асосий қарз, 2 625 141 сўм пеня жами 7 875 424 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2014 йил 27 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, даъвогар фойдасига жавобгардан 5 250 283 сўм асосий қарз, 1 050 056 сўм пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2014 йил 7 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация инстанцияси судининг 2014 йил 15 декабрдаги қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.
Биринчи инстанция судининг 2015 йил 4 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, даъвогар фойдасига жавобгардан 5 250 283 сўм асосий қарз, 1 050 056 сўм пеня ундирилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2015 йил 19 майдаги қарори билан ҳал қилув қарори қисман бекор қилинган ва даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинган.
Даъвогарнинг кассация шикоятида шартнома бўйича ишлар бажарилганлиги ҳисоб — фактура, бажарилган ишларни қабул қилиш ва топшириш далолатномаси, солиштирма далолатнома ва назорат ўлчови далолатномалари билан тасдиқланганлиги, бу далиллар суд томонидан асоссиз равишда қабул қилинмаганлиги баён қилиниб, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш сўралган.
Судлов хайъати қуйидаги асосларга кўра апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим деб топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2012 йил 19 декабрда 83–сонли экспертиза, назорат ўлчови хизматларини кўрсатиш ҳақида шартнома тузилган.
Шартнома шартларига кўра, даъвогар, Бўстонлиқ туман, Ғазалкент шаҳридаги 17-сонли мусиқа ва санъат мактабини реконструкция қилиш ҳамда Хўжакент қишлоғи 18-сонли мактабдаги очиқ сув ҳавзасини мукаммал таъмирлаш ишларини экспертиза ёки назорат ўлчовидан ўтказишни, жавобгар эса кўрсатилган хизматлар учун объектда бажарилган ишлар қийматининг 0,415 фоизи миқдорида ҳақ тўлаши лозим бўлган. Хизматлар кўрсатиладиган объектда бажарилган ишларнинг баҳоси 1 265 128 000 сўм, унинг 0,415 фоизи 5 250 283 сўмни ташкил қилган.
Даъвогарнинг важларига кўра, шартнома бўйича ишлар бажарилиб, бу ҳақда 2012 йил 12 декабрда Ғазалкент шаҳридаги 17-сонли мусиқа ва санъат мактабини реконструкция қилиш объектида назорат ўлчови ўтказилганлиги ҳақида далолатнома тузилган ва шунга асосан жавобгар билан ишларни қабул қилиш–топишириш далолатномаси, ҳисоб-фактура ва солиштирма далолатномаси расмийлаштирилган.
Назорат ўлчови ўтказилганлиги ҳақидаги далолатномадан кўринишича, назорат ўлчови Тошкент вилоят прокуратурасининг жиноят иши доирасида мутахассиларни жалб қилиш ва қайта назорат ўлчови ўтказиш ҳақидаги қарорига асосан ўтказилган. Бу эса назорат ўлчови тарафлар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ўтказилмаганлигини тасдиқлайди. Бундан ташқари, далолатномада кўрсатилган назорат ўлчови ўтказилган объектнинг баҳоси 1 020 758 297 сўм бўлиб, шартномага мувофиқ бажарилган ишларнинг қиймати 4 236 147 сўм бўлиши лозим бўлганлиги билан ҳам ишлар шартномага мувофиқ ўтказилмаганлигини кўрсатган. Бироқ, шартномага асосан кўрсатилган хизматни кўрсатувчи иккиламчи ҳужжатлар тузилиб, жавобгар томонидан тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (кейинги матнларда ХПК) 59-моддасига асосан ишнинг ҳолатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлса, бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас.
ХПК 61-моддасига асосан хўжалик суди ишдаги мавжуд далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текширишга асосланган ўз ички комил ишончи бўйича баҳолайди.
Ҳеч қандай далил хўжалик суди учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас.
Шунга кўра, хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича кўрсатилган хизматларни тасдиқловчи далил билан исботланиши лозимлиги сабабли, суд томонидан далилларга баҳо бериши лозим бўлган.
Биринчи инстанция суди эса, тақдим этилган далиллар ишончли эмаслигига баҳо бермаган. Апелляция инстанцияси суди, далилларга тўғри баҳо бериб, тақдим этилган далиллар билан шартномага асосан ишлар бажарилганлиги тасдиқланмаслиги ҳақида тўғри хулосага келган.
Ўзбекистон Респубилкаси Жиноят-процессуал кодексининг 75-моддасига мувофиқ эксперт, мутахассис ва таржимон ўз мажбуриятларини бажарганликлари учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга. Ушбу мажбуриятлар хизмат топшириғи тарзида бажарилган ҳоллар бундан мустасно. Сарф-харажатлар қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда тўланади.
Ўзбекистон Республикаси «Гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларнинг қилган харажатларини тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида»ги Қонунининг 3 бандига кўра Экспертлар, мутахассислар бажарган иш учун энг кам иш ҳақига нисбатан - ишнинг бир соатига 0,015 — 0,020 коэффициенти бўйича ҳақ тўланади. Қонуннинг 5 бандига кўра эса, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар бажарган ишлари учун суриштирув ёки дастлабки тергов органларининг қарорига ёхуд суднинг ажримига биноан ҳақ оладилар. Бу ҳақнинг миқдори эксперт, мутахассис ёки таржимонни чақирган идора томонидан уларнинг малакаси ва ишнинг мураккаблиги, шунингдек бажарилган иш учун сарфланган вақтни ҳисобга олиб белгиланади.
Қайд этилганларга асосан, шартнома жиноят иши доирасида мутахассисни жалб қилиш учун терговчининг қарорига асосан тузилган деб бўлмайди. Чунки, бундай ҳолатда жиноят ишида айбланувчи билан шартнома тузилмайди ва ҳуқуқ-тартибот асосларига кўра, жиноят иши доирасида мутахассис жалб қилинганда мутахассис харажатлари терговчининг қарорига асосан ва сарфланган вақтдан келиб чиқиб тўланади.
ХПК 187-моддасининг 1-бандига кўра кассация инстанцияси хўжалик суди ишни кўрганидан кейин биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарорини ва (ёки) апелляция инстанциясининг қарорини ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
Судлов ҳайъати қайд этилганлардан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъво талаблари исботланмаган ва тўғри равишда апелляция инстанцияси судининг қарорига кўра даъвони қаноатлантириш рад этилган деб ҳисоблайди. Шу боис, судлов хайъати суд қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
Судлов ҳайъати ишни кассация инстанциясида кўриш билан боғлиқ бўлган суд харажатларини тақсимлаш масаласини муҳокама қилиб, ишни видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида кўриб чиқилиши билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатини даъвогардан ундиришни, даъвогар дастлаб даъво аризаси учун 96 105 сўм миқдорида давлат божи тўлаганлигини эътиборга олиб, даъвогар томонидан тўланган 24 026 сўм давлат божини унинг зиммасида қолдиришни, даъвогардан қўшимча 24 027 сўм давлат божи ундиришни лозим деб топади.
2015 йил 20 июль,
11-1432/8651-сон