Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Ашёвий далилларни сақлаш ва жўнатиш билан боғлиқ процессуал чиқимлар суммаси маҳкумлардан ундирилади
[Кўчирма]
Даъвогар — «Бухоро транс терминал» ишлаб чиқариш транспорт компанияси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар — «Ўзмарказимпекс» давлат акциядорлик ташқи савдо компанияси (матнда кейинги ўринларда — ДАТСК) ҳисобидан 5235394 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, «Нишон толаси» пахта терминали акциядорлик жамияти томонидан 2006 йил 6 мартда 21043013-рақамли вагонда 216 та, 128-088, 128-092 маркадаги пахта толаси киплари экспортга жўнатилаётган пайтда махсус пахта толаси кипларининг сифат кўрсаткичлари ҳужжатларига мос келмаслиги Бухоро вилоят божхона бошқармасининг 6-сонли «Бухоро-2» ТИФ божхона пости ходимларида шубҳа уйғотган ва мазкур киплар 2006 йил 6 мартдаги далолатномага асосан «Бухоро транс терминал» масъулияти чекланган жамиятининг «эркин омбори»га туширилган. Бухоро вилоят божхона бошқармасининг 2006 йил 17 мартдаги хати ва божхона хизмати ходимининг 2006 йил 25 мартдаги қарорига асосан 216 кипдан иборат пахта толаси сақлаш учун «Бухоро транс терминал» корхонаси раҳбарлари ва масъул ходимларига топширилган.
Пахта толаси кипларининг сифат кўрсаткичлари ҳужжатларига мос келмаслиги ҳолати юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан «Нишон толаси» акциядорлик жамияти мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан жиноят ишлари бўйича Китоб туман судининг ҳукми чиқарилган. Шу билан бирга иш бўйича далилий ашё сифатида эътироф этилган 216 кипдан иборат пахта толаси «Нишон толаси» пахта терминали очиқ ҳиссадорлик жамиятига қайтарилган.
Бухоро вилоят суд ижрочилари томонидан ҳукм ижроси 2007 йил 10 сентябрда таъминланиб, жиноят иши юзасидан далилий ашё сифатида эътироф этилган 216 кипдан иборат пахта толаси «Нишон толаси» пахта терминалига қайтарилган.
Даъвогар томонидан 216 кип пахта толасини 2006 йил 6 мартдан 2007 йил 10 сентябргача бўлган давр мобайнида сақлаш билан боғлиқ қилинган харажатлар 5235394 сўмга ҳисобланган.
Даъвогар хўжалик судига мурожаат қилиб, шу харажатларни 5235394 сўм миқдорда жавобгар — «Ўзмарказимпекс» ДАТСК дан ундиришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 318-моддаси талабига мувофиқ, ашёвий далилларни сақлаш ва жўнатиш билан боғлиқ харажатлар суммаси процессуал чиқимлар таркибига мансуб бўлиб, шу Кодекснинг 320-моддаси биринчи қисми мазмунига кўра, ашёвий далилларни сақлаш ва жўнатиш билан боғлиқ процессуал чиқимлар суммаси маҳкумлардан ундирилади.
Бундан кўринадики, даъвогарнинг 216 кип пахта толасини 2006 йил 6 мартдан 2007 йил 10 сентябргача бўлган давр мобайнида сақлаш билан боғлиқ харажатлари процессуал чиқим бўлиб, низо юзасидан биринчи инстанция суди томонидан даъвогарнинг даъвосини рад қилиш ҳақида асосли тўхтамга келинган.
Судлов ҳайъати юқорида баён этилганларни инобатга олиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ почта харажатлари ва давлат божи даъвогар томонидан олдиндан тўланганлигини инобатга олишни лозим топади.
2009 йил 23 февраль,
10-0805/13237-сон