Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йилда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятидаги қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Н. Йўлдошевнинг 2012 йилда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятидаги қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан норма ижодкорлиги фаолиятида ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона давлат сиёсати рўёбга чиқарилишини таъминлаш борасида муайян ишлар қилинган. Ўтказилган мониторинглар якунлари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари томонидан комплекс ва аниқ мақсадли чора-тадбирлар кўрилган.
Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йил 24 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2011 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳақида»ги СҚ-305-II-сонли қарорининг амалга оширилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2012 йил 16 майда тасдиқланган чора-тадбирлар режасини рўёбга чиқариш доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йилда масъул давлат органлари билан биргаликда 22 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган ҳамда 16 та ташкилий тадбир бажарилган.
Вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларнинг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, шунингдек қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича тизимли иш амалга оширилмоқда. Хусусан, 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 44 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, шу жумладан 12 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган, ҳуқуқий тарғибот борасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларининг мазмун ва моҳиятини, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чораларнинг аҳамиятини, шунингдек бошқа ҳуқуқий масалаларни тушунтиришга қаратилган 59 мингдан ортиқ тадбир ташкил этилган, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аҳолига ўз вақтида етказишга қаратилган қўшимча чоралар кўрилган. 2012 йилда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини «Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси» («LexUZ») тизимига киритиш борасидаги амалиёт йўлга қўйилган.
2012 йилда қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш бўйича дастурда ҳамда «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилиши устидан доимий мониторинг амалга ошириб келинган.
Шу билан бирга, айрим давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг қонун ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида баъзи муаммолар ва камчиликлар мавжуд бўлиб, улар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигига, умуман қонунчиликнинг ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.
Чунончи, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилган 1114 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасидан 377 таси (25,3 фоизи) сифатсизлиги ва қонунчиликка мос бўлмаганлиги сабабли ишлаб чиқувчиларга қайтарилган. Айни вақтда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ҳуқуқий экспертизадан ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган 400 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатидан 116 та (28,8 фоизи) ҳужжатни уларни тақдим этиш тартиби бузилганлиги, қонунчиликка мос келмайдиган нормалар мавжудлиги, қонунчилик техникасига мувофиқ бўлмаганлиги туфайли давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 18 та ҳужжатини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекциясининг 16 та ҳужжатини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан умуммажбурий хусусиятдаги ҳужжатларни қонун билан белгиланган талабларни бузган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказмасдан қабул қилиш ва қўллаш амалиёти ҳамон давом этиб келмоқда. 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги фаолиятида 23 та ана шундай ҳужжат аниқланган.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалдаги қонун ҳужжатларига ўз вақтида мувофиқлаштириш борасидаги фаолияти талабга жавоб бермайди.
Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказмасдан қабул қилиш амалиёти давом этмоқда. Чунончи, 2012 йилда ҳуқуқий экспертизадан ўтказмасдан қабул қилинган қарорлар сони Сурхондарё вилоятида 155 тани, Тошкент вилоятида 147 тани, Сирдарё вилоятида 121 тани, Қашқадарё вилоятида 50 тани, Тошкент шаҳрида 10 тани ташкил этган.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига услубий кўмаклашиш мақсадида Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома ишлаб чиқилиб, норма ижодкорлиги фаолиятида фойдаланиш учун минтақаларга юборилган.
Ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 19 та давлат органи тизимида 26 та мониторинг ва назорат тадбири ўтказилган. Мониторинг жараёнида аниқланган қоидабузарликлар ва камчиликларга ушбу идоралар зиммасига қонун ҳужжатлари билан юклатилган ваколатлар лозим даражада бажарилмаганлиги оқибатида йўл қўйилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолиятида айрим ҳукм қилинганлар билан профилактика ишларини олиб боришга, уларни ишга жойлаштиришга, жазо турини алмаштириш ҳақида тақдимномалар киритишга ва жазони ўташдан бўйин товлаётган ҳукм қилинганларга нисбатан чоралар кўришга юзаки ёндашиш ҳолатлари мавжуд, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилмаётир.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги органларининг умумтаълим мактаблари битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига жойлаштиришни ташкил этиш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш талаб этилади, мактабгача таълим муассасалари фаолияти лозим даражада мувофиқлаштирилмаётир ва улар томонидан давлат таълим стандартларига риоя этилиши устидан мониторинг амалга оширилмаётир.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги органларининг фаолиятида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш жараёнида расмиятчилик ҳолатлари ва қонун ҳужжатларини бузиш ҳоллари кузатилмоқда. Чунончи, қонун ҳужжатларига мувофиқ якка тадбиркорлик мустақил, ходимлар ёллаш ҳуқуқисиз амалга оширилишига қарамай, 2010-2011 ўқув йили мобайнида Фарғона вилояти касб-ҳунар коллежларининг 144 нафар битирувчиси кейинчалик улар билан меҳнат шартномаларини тузиш шарти билан ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун якка тадбиркорларга юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги органларининг фаолиятида вояга етмаганлар ва уларнинг ота-оналари ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар ўртасида санитария-гигиена билимлари ҳамда соғлом турмуш тарзини лозим даражада тарғиб қилиш ташкил этилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳудудий бўлинмаларининг моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятида моддий маданий мерос объектларини асраш бўйича жорий ва истиқболга мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар киритилмаганлиги, моддий маданий мерос объектларида муҳофаза белгилари ўрнатилмаганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятида ўрмонларни ёнғиндан лозим даражада муҳофаза қилмаслик, улар сонини ҳисобга олишдан яшириш ҳолларига йўл қўйилган, ёнғинлар натижасида етказилган зарарни ундириш юзасидан чоралар кўрилмаган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг давлат кадастрлари, шунингдек ўсимлик ва ҳайвонот дунёси соҳасида ҳисобот юритилмаганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг айрим ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари фаолиятида пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажини ҳисоблаб чиқариш ҳамда тасдиқлашда, пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни тўлашни тўхтатиш ҳамда тугатишда қонун ҳужжатларини, шунингдек фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳоллари учрамоқда.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг қонунийлигини мониторинг қилиш натижасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив хусусиятдаги қарорлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига тақдим этилмаганлиги аниқланган. Чунончи, агар 2011-2012 йилларда 197 та ҳокимлик томонидан 718 та норматив-ҳуқуқий хусусиятдаги қарор қабул қилинган бўлса, шуларнинг 334 таси (46,5 фоизи) ҳуқуқий экспертиза ўтказиш учун тақдим этилмасдан ижрога қаратилган. Шунингдек, қатор камчиликлар аниқланган бўлиб, улар норматив-ҳуқуқий хусусиятдаги қарорларни фармойишлар шаклида қабул қилишда ўз ифодасини топган. Хусусан, 2011 йилда ва 2012 йилнинг январь — апрель ойларида Тошкент вилоятининг вилоят ва туман ҳокимликлари 25 та норматив-ҳуқуқий хусусиятдаги қарорни фармойишлар шаклида қабул қилган.
Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, улар қўлланилишининг мажбурий шарти бўлган расмий нашрларда эълон қилишга доир талаби бажарилмаётир. Масалан, Сурхондарё вилоятининг туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 2012 йилда 46 та (65 фоиз), Хоразм вилоятида 12 та (37 фоиз), Бухоро вилоятида 11 та (39 фоиз) норматив-ҳуқуқий хусусиятдаги қарор расмий нашрларда эълон қилинмаган.
Мониторинг якунлари бўйича давлат органларидаги юридик хизматлар фаолиятини етарли даражада ташкил этмаслик ҳолатлари ҳам аниқланган. Хусусан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидаги, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги юридик хизматларнинг олий маълумотга эга бўлиш талаб қилинадиган лавозимларида ўрта махсус маълумотга эга бўлган 487 нафар ходим ва бошқа мутахассисликка эга бўлган 128 нафар ходим ишлаётганлиги, 620 нафар юридик хизмат ходимининг малакасини ошириш бўйича чоралар кўрилмаганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган аттестация натижалари бўйича 41 нафар юридик хизмат ходими аттестациядан ўтмаган ва уларга аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш рад этилган, 594 нафар ходим аттестациядан ўтиш учун тегишли ҳужжатларни топширмаган.
Юқорида кўрсатилган қоидабузарликлар ва камчиликлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 616 та таъсир чораси қўлланилган бўлиб, шуларнинг 381 таси қоидабузарликларни, шунингдек уларни содир этишга имкон берадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақидаги тақдимнома, 85 таси айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги ёки жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги таклиф, 68 таси кўрсатма, 62 таси огоҳлантириш, 20 таси судга даъво аризасидир.
Манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларга ҳуқуқий базада аниқланган бўшлиқларни тўлдириш ҳамда зиддиятларни бартараф этиш бўйича 82 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, шунингдек давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг ҳуқуқни қўллаш ва норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Н. Йўлдошевнинг 2012 йилда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятидаги қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Юқорида қайд этилган қоидабузарликлар ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда бундан буён уларга йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
ҳуқуқий базани таҳлил қилиш, шунингдек давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятидаги қонунийликни ўрганиш якунлари бўйича аниқланган қоидабузарликлар ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;
мамлакатимизда 2000 йилгача қабул қилинган қонунлар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини ва мақсадли вазифаларини ҳисобга олган ҳолда инвентаризациядан ўтказилишини таъминлаш, инвентаризация якунлари бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган тегишли қонун лойиҳаларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизматларининг фаолиятини янада кучайтириш чораларини кўриш, юридик хизматлар ходимлари аттестациядан ўтишини ва малака оширишини таъминлаш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (Б. Матлюбов) ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бўйича ички ишлар органларининг ишини такомиллаштирсин, бунда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, фуқароларнинг қонун нормаларига оғишмай риоя этиш соҳасидаги ҳуқуқий онгини оширишга алоҳида эътибор берсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (У. Иноятов) ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Б. Ходиев):
умумтаълим мактаблари битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига жойлаштириш, шунингдек касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришни ташкил этиш бўйича ишни кучайтирсин;
ваколатли органлар билан биргаликда етим болалар ва ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларни аниқлаш, ҳисобга олиш ҳамда жойлаштириш юзасидан қўшимча чоралар кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Алимов):
болалар ўртасида касалликларни, айниқса юқумли ва вирусли касалликларни профилактика қилиш бўйича тадбирлар амалга оширилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатсин;
аҳоли, энг аввало ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи, улар саломатлигига таҳдид солаётган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ хатарларнинг олдини олиш ҳамда камайтириш бўйича тушунтириш ишларини кучайтирсин;
соғлиқни сақлаш муассасаларининг вояга етмаганларга амбулатория-клиника ёрдамини кўрсатиш борасидаги ишини мунтазам ўрганиб борсин ва туғилаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги (М. Ҳожиматов):
моддий маданий мерос объектларини ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш юзасидан амалий чоралар кўрсин;
ўз тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятининг моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга доир қисми ташкил этилиши устидан назоратни кучайтирсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (З. Рўзиев):
ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш бўйича амалий чораларни ишлаб чиқсин ҳамда ижросини таъминласин;
ўрмон фонди ерларидан оқилона фойдаланиш бўйича қўшимча чоралар кўрсин;
Давлат ўрмон кадастрини юритиш бўйича ишларнинг ҳолатини танқидий ўргансин, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармасининг шу йўналишдаги фаолиятини кучайтириш борасида аниқ чоралар кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Н. Умаров):
манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини амалга ошириш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқсин;
атроф муҳитга етказилган зарарни ундириш бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ амалий чоралар кўрсин;
давлат экологик экспертизасини ўтказишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини танқидий ўрганиб чиқсин ва давлат экологик экспертизаси хулосалари ижро этилиши устидан таъсирчан назоратни таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Р. Азимов):
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда пенсиялар тайинлаш учун зарур иш стажини ҳисоблаб чиқариш ва тасдиқлаш, пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш, тўлашни тўхтатиш ҳамда тугатиш, уларнинг миқдорини қайта ҳисоблаб чиқарилишини таъминлаш устидан назоратни кучайтирсин;
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси тизимида фуқароларнинг мурожаатлари ўз вақтида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Н. Йўлдошев):
давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг норма ижодкорлиги ва услубий раҳбарлик соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича қўшимча чоралар кўрсин, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган туркум давра суҳбатлари ва семинарларни ўтказсин;
давлат органлари юридик хизматлари ходимларининг мажбурий аттестациясини ўтказиш ва малакасини ошириш ҳақидаги қонунчилик нормалари ўз вақтида ижро этилишини таъминласин;
давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан тизимли назоратни кучайтирсин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий хусусиятдаги қарорларини тайёрлаш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва расмий манбаларда эълон қилишнинг белгиланган тартибига сўзсиз риоя этилишини таъминласин;
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари билан биргаликда юридик хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш, юридик хизматни олий юридик маълумотга ҳамда тегишли малакага эга бўлган кадрлар билан тўлдириш бўйича чоралар кўрсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Н. Йўлдошев) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ахборотлари асосида ушбу Қарорни ижро этишнинг бориши тўғрисида 2014 йилнинг 10 февралига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига умумлаштирилган ахборот тақдим этсин.
13. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси (С. Артикова) зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 29 март,
СҚ-377-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 й., 4-сон, 111-модда)