Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2011 йилда давлат бошқаруви органлари, хуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари Е. Каньязов томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2011 йилда давлат бошқаруви органлари, хуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборотини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини изчил рўёбга чиқариш борасида муайян иш қилинган.
Ўтган даврда тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари юридик хизматлари ходимларининг касбий тайёргарлик даражасини ошириш, шунингдек уларнинг давлат бошқаруви органлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш сифати юқори даражада бўлиши учун масъулиятини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилган. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, шунингдек қонунийликни мустаҳкамлаш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига кўра, шунингдек вазирлик ташаббуси бўйича 71 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, жумладан 20 та қонун лойиҳаси тайёрланган.
2011 йилда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастури ҳамда «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилиши мониторинги ўтказилган, мониторинг натижалари Ҳукумат мажлисида муҳокама этилган.
Ўтган йили вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан тақдим этилган 1101 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси амалга оширилган. Бундан ташқари, 336 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси белгиланган талабларга мос бўлмаганлиги туфайли қайтарилган.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қонунийлигини таъминлаш бўйича ишлар давом эттирилган. Ҳуқуқий экспертиза қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун 2011 йилда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан 423 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат тақдим этилган бўлиб, шулардан 301 та ҳужжат рўйхатдан ўтказилган, 99 та ҳужжатни эса (23,4 фоиз) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тақдим этиш тартиби бузилганлиги, улар қонун ҳужжатларига ёки қонунчилик техникаси қоидаларига мос бўлмаганлиги туфайли давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган.
Норма ижодкорлиги фаолияти масалалари бўйича вазирликлар ва идораларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, давлат рўйхатидан ўтмаган ҳужжатларни бекор қилиш ёки ижродан чақириб олиш тўғрисида ҳамда бошқа масалалар бўйича 82 та тақдимнома киритилган бўлиб, бунинг натижаларига кўра 10 та қонунга хилоф ҳужжат бекор қилинган ёки ижродан чақириб олинган.
Тадбиркорлик субъектлари, чет эллик инвесторларнинг, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги вазиятни таҳлил қилиш юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тартибини белгилаш масалаларида ҳуқуқий нуқсонлар борлигини (масалан, юридик шахсларнинг мурожаатларини топшириш тартиб-таомиллари билан боғлиқ жиҳатлар ва уларни кўриб чиқиш механизми йўқлиги ва бошқалар) кўрсатди, бунинг натижаси ўлароқ, юридик шахсларнинг мурожаатларини давлат органлари томонидан кўриб чиқиш вақтида кўп сонли қоидабузарликлар содир этилган.
2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида 2071 нафар тингловчи, шу жумладан вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун масъул ходимлари таълим олган.
2012 йилда аҳолига қонун ҳужжатлари билан Интернет тармоғи воситасида тезлик билан танишиш имконини берадиган «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси» (LexUZ) тизими қарийб 23600 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни, халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарорларини қамраб олди. Ҳозирги кунда ушбу тизимга 15400 та доимий фойдаланувчи: давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахслар уланган.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш масалалари бўйича жойларда 56283 та тадбир ўтказилиб, уларда қарийб икки миллион киши иштирок этган.
Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари фаолиятида қонунийликка ва қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилган. Мазкур вазифаларни рўёбга чиқариш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш бош бошқармаси томонидан 2011 йилда 23 та давлат органи тизимида 39 та ўрганиш ўтказилган.
Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан прокуратура органлари, назорат тузилмалари, давлат бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишининг ҳолати ўрганилган.
Ўрганишлар натижасида мазкур давлат органлари фаолиятида ижобий жиҳатлар билан бирга қатор камчиликлар, шу жумладан беш мингга яқин қонун ҳужжатларини бузиш ҳоллари аниқланган. Бундай вазият тубдан чоралар кўришни, шу жумладан қонун нормаларини қўллаш вақтида давлат органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини кучайтиришни талаб қилади.
Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига доир қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, шунингдек бу соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги муаммолар ва камчиликларни ҳал қилиш зарурияти мавжуд. Баъзи академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқувчиларнинг давомат даражаси 60 фоизни ташкил этади, моддий-техника таъминоти ва педагог кадрлар билан таъминлашда камчиликлар бор, оилада таълим олиш, мустақил таълим олиш, экстернат масалаларини ҳуқуқий тартибга солишда муаммолар мавжуд (ушбу масала ҳозирги вақтда мамлакатда олти мингдан ортиқ ногирон таълим олаётганлиги муносабати билан ҳам долзарбдир).
Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг тадбиркорлик соҳасида рухсатномалар бериш борасидаги фаолияти янада такомиллаштиришга муҳтож. Шаҳарсозликда ва шаҳарсозлик фаолиятида давлат нормалари ҳамда қоидаларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш, амалга киритиш ва қайта кўриб чиқиш механизми йўқлиги муносабати билан амалиётда бундай нормалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг қонунга хилоф ҳужжатларида асоссиз чекловлар ва тўловлар белгиланиши билан ўз аксини топган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг бож имтиёзларини қўллашдаги фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида ҳуқуқий нуқсонлар мавжуд бўлиб, бунинг натижасида ҳуқуқни турлича қўллаш амалиёти пайдо бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг фаолиятида қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер участкаларини ва алоҳида аҳамиятли суғориладиган унумдор ерларни мақсадга номувофиқ ажратиш, ер ресурсларининг ҳолати тўғрисидаги миллий ҳисоботларни тайёрлаш жараёнида ишончсиз маълумотдан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив баҳосини нотўғри ҳисоблаш, ер участкаларини узоқ муддатли ижарага бериш тўғрисидаги шартномаларни тузиш вақтида қонун ҳужжатларининг талабларига риоя қилмаслик ҳоллари мавжуд.
Давлат органларида, айниқса уларнинг ҳудудий бўлинмаларида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш белгиланган талабларга жавоб бермайди. Кўпчилик ҳолларда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатлари бузилмоқда. Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари ва улар бўйича қабул қилинган қарорлар тўғрисида жавобларни тақдим этмаслик ҳоллари мавжуд (Жиззах вилояти бўйича бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ва бандликка кўмаклашиш ҳамда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маҳаллий марказлари), келиб тушаётган мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш амалиёти мавжуд эмас.
Давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётида қонун ҳужжатларини бузиш ҳоллари вужудга келиши учун шароит туғилишининг сабаблари назорат, шу жумладан идоравий назорат етарли даражада самарали эмаслигида; баъзи давлат органлари қонунбузарликларнинг сабабларини эмас, балки уларнинг оқибатларини бартараф этишга эътибор қаратаётганлигида; тизимли асосда қонунбузарликлар содир этиш учун шароит яратаётган қонунга хилоф идоравий норма яратиш амалиёти мавжудлигида; давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий билим даражалари паст бўлиб, бу ҳол қонун ҳужжатларини нотўғри талқин қилиш ва қўллашга олиб келаётганлигида; қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқий нуқсонлар ва бир-бирини такрорлайдиган нормалардан иборат эканлигидадир.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмаларининг қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари Е. Каньязовнинг 2011 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари фаолиятида аниқланган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш;
қонунга хилоф ёхуд қонун ҳужжатларига зид ҳужжатлар ва қарорлар қабул қилиш ҳолларининг олдини олиш учун вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг норма яратиш фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўриш;
қонунчиликдаги «оқ доғлар»ни бартараф этиш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда тасдиқланишини, шунингдек бир-бирини такрорлайдиган ёки долзарблигини йўқотган нормалар ва қоидалар бекор қилинишини таъминлаш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Б. Ходиев) ҳамда Халқ таълими вазирлиги (Т. Ширинов):
аниқланган камчиликларни бартараф этишга, шу жумладан умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги моддий-техника ҳамда кадрлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга алоҳида эътибор берсин;
умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш борасидаги ишни кучайтирсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (Б. Зокиров):
тадбиркорлик соҳасида рухсатномалар беришда қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини танқидий ўрганиб чиқсин, аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминласин;
шаҳарсозликда ва шаҳарсозлик фаолиятида давлат нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш, амалга киритиш ва қайта кўриб чиқиш механизмини белгиланган тартибда тайёрласин ҳамда рўёбга чиқарилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (З. Дусанов):
хўжалик юритувчи субъектлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларига оғишмай риоя этилишини таъминласин;
аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларга йўл қўймаслик бўйича таъсирчан чоралар кўрсин;
бир-бирини такрорлайдиган ёхуд долзарблигини йўқотган нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида божхона органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли асосда таҳлил қилиш ва умумлаштиришни амалга оширсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (С. Арабов):
ер фондидан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини кучайтирсин;
ердан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича фаолиятни танқидий ўрганиб чиқсин ва ер билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилишини таъминласин;
ер участкаларини узоқ муддатли ижарага беришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган чораларни амалга оширсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Н. Йўлдошев):
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш вақтида бир-бирини такрорлайдиган ёки қонун ҳужжатларига зид бўлган нормалар ва қоидаларни чиқариб ташлашга, ҳаволаки нормаларни қисқартиришга, шунингдек процессуал механизмлар аниқ баён этилишига алоҳида эътибор берсин;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказишнинг белгиланган тартибига риоя этишлари устидан қатъий назоратни таъминласин;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий хусусиятдаги қарорларни расмий манбаларда ўз вақтида эълон қилиш бўйича қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан тизимли назоратни амалга оширсин;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизматлари ходимларининг касбий тайёргарлигини, жамиятда ҳуқуқий онгни ва ҳуқуқий маданиятни янада ошириш бўйича ишларни давом эттирсин;
давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмаларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётида қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан тизимли назоратни амалга оширсин, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда тезкор қарорлар қабул қилиш учун тегишли давлат органларига аниқ таклифлар киритсин;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларида аниқланган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш мақсадида бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ҳамда белгиланган тартибда ташаббус кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига таклифлар киритиш юзасидан таъсирчан чоралар кўрсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 28 мартдаги КҚ-704-IV-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Б. Ходиев), Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (Т. Ширинов), Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (Б. Зокиров), Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (З. Дусанов), Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (С. Арабов), Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Н. Йўлдошев), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ушбу қарорни ижро этишнинг бориши тўғрисида 2013 йилнинг 10 февралига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
10. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси (С. Артикова) зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 24 март,
СҚ-305-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 3-сон, 77-модда)