Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Уюшган жиноятчилик, терроризм, гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний юргизилишига қарши курашда ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Латвия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
уюшган жиноятчилик, терроризм, гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний юргизилиш миқёси ҳамда йўналишининг ривожланишидан ташвишланаётганликларини ифодалаб,
Томонлар давлатлари фуқаролари, Томонлар давлатларининг ҳудудларида истиқомат қилаётган бошқа шахсларнинг ҳаётлари, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият ва давлатнинг манфаатларига қилинган жиноий тажовузлардан ишончли ҳимояни таъминлашга бўлган интилишдан келиб чиқиб,
уюшган жиноятчилик, терроризм, гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний юргизилишига қарши курашда халқаро ҳамкорликка муҳим аҳамият бериб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг жиноятчиликни олдини олиш ва жиноий одил судловни амалга ошириш соҳасидаги халқаро конвенция ҳамда қарорларини ҳисобга олиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ҳамкорликнинг соҳаси ва субъектлари
Ҳамкорликнинг соҳаси ва субъектлари
1. Томонлар ўз давлатларининг қонунлари ва халқаро мажбуриятларига амал қилиб, ўзларининг марказий ваколатли органлари орқали ушбу Битимнинг қоидаларига мувофиқ уюшган жиноятчилик, терроризм, гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний юргизилишига қарши курашда ҳамкорлик қиладилар.
2. Ушбу Битим жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва экстрадиция масалаларига дахл қилмайди.
3. Ушбу Битим мақсадларида Томонларнинг марказий ваколатли органлари:
Ўзбекистон Республикаси учун:
Бош прокуратура;
Ички ишлар вазирлиги;
Давлат солиқ қўмитаси;
Давлат божхона қўмитаси;
Миллий хавфсизлик қўмитаси;
Адлия вазирлиги;
Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита.
Латвия Республикаси учун:
Ички ишлар вазирлиги;
Молия вазирлиги;
Адлия вазирлиги;
Фаровонлик вазирлиги ҳисобланадилар.
4. Томонларнинг ҳар бири ўзларининг марказий ваколатли органларини рўйхатнинг ўзгаргани тўғрисида бошқа Томонни ўз вақтида дипломатик каналлар орқали хабардор қилади.
5. Марказий ваколатли органлар ушбу Битимни бажариш мақсадида бир-бирлари билан бевосита ҳамкорлик қиладилар.
2-модда
Ҳамкорликнинг йўналишлари
Ҳамкорликнинг йўналишлари
1. Томонлар қуйидагиларга қарши курашда ҳамкорлик қиладилар:
а) уюшган жиноятчилик;
б) терроризм;
в) ўқ отар қуроллар ва қурол-яроғ, портловчи ҳамда заҳарли воситалар, шунингдек радиоактив материалларнинг ноқонуний юргизилиши;
г) гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддалар, шунингдек прекурсорларнинг ноқонуний юргизилиши;
д) иқтисодий, кредит-молия ва банк соҳасидаги жиноятлар;
е) коррупция;
ж) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қонунийлаштириш;
з) пулларни, қимматбаҳо қоғозларни ва расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш;
и) кўчар маданий ва тарихий бойликларга жиноий хуружлар;
к) автотранспорт воситаларида ноқонуний операциялар;
л) фоҳишабозликдан фойдаланиш;
шунингдек, агар кўрсатилган ҳуқуққа зид ҳаракатлар иккала Томон давлатларининг манфаатларига дахл қилса, шахсиятга қарши бошқа жиноятлар.
2. Томонлар шунингдек қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қиладилар:
а) ҳаво ва темир йўл транспорт соҳаларида хавфсизликни таъминлаш;
б) кадрларни тайёрлаш ва марказий ваколатли органлар фаолиятини моддий-техникавий таъминлаш.
3. Иккала Томоннинг ўзаро розилигига кўра ҳамкорлик соҳалари кенгайтирилиши мумкин.
3-модда
Ҳамкорликнинг шакллари
Ҳамкорликнинг шакллари
1. Томонлар қуйидаги шакллардаги ҳамкорликни амалга оширадилар:
а) жиноятларни фош қилиш, олдини олиш ва тергов қилишга, шунингдек ушбу Битимнинг 2-моддасига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳал қилишга кўмаклашиши мумкин бўлган ахборотни алмашиш;
б) ушбу Битимнинг 2-моддасида кўзда тутилган жиноятларни фош қилиш, олдини олиш ва бартараф қилишда жисмоний ва юридик шахсларнинг фаолиятини ўрганиш, шахслар, предметлар ҳамда ҳужжатларни тегишли ҳисоб бўйича текшириш орқали кўмаклашиш;
в) иш тажрибасини алмашиш, хусусан, стажировка, маслаҳатлашув ва семинарлар ўтказиш орқали, шунингдек ушбу Битим предметига тааллуқли қонунлар ва унинг қўлланиши тўғрисида ахборот алмашиш;
г) контракт бўйича жиноятчиликка қарши курашда фойдаланиш учун алоқа воситалари, криминалистика ва махсус техника, тегишли ускуналар ҳамда транспорт воситаларини етказиб бериш.
2. Ҳамкорликнинг ҳажми ва конкрет шакллари Томонлар марказий ваколатли органларининг аҳдлашувига биноан аниқланади.
4-модда
Конкрет жиноятлар тўғрисида ахборотни алмашиш
Конкрет жиноятлар тўғрисида ахборотни алмашиш
Ушбу Битимнинг 3-модда 1-банд а) кичик бандида кўзда тутилган ахборотни алмашиш конкрет жиноятларга дахл қилади, хусусан:
а) бир Томон давлатининг ҳудудида уюшган гуруҳлар тарафидан тайёрланаётган ёки содир этилган, агар бу гуруҳлар таркибига бошқа Томон давлатининг фуқаролари ва бошқа Томон давлатининг ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа шахслар кирса, ёки бундай жиноятлар бошқача тарзда бу давлатнинг манфаатларига дахл қилса;
б) агар бир Томоннинг давлатига бошқа Томон давлатидан, жумладан учинчи давлатлардан транзит орқали келадиган гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддалар, шунингдек прекурсорларнинг ноқонуний юргизилишини ташкил этувчи, шунингдек бир Томон давлатида гиёҳвандлик моддаларни ноқонуний тайёрлаш ёки савдосида бошқа Томон давлатининг фуқаролари алоқадор бўлса;
в) бир Томон давлатининг ҳудуди ёки муассасаси бошқа Томон давлатининг фуқаролари тарафидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қонунийлаштиришда фойдаланиш билан боғлиқ бўлса;
г) агар кўрсатилган фаолият бошқа Томон давлатининг манфаатларига дахл қилса, тайёрланаётган ва содир этилган террорчилик хуружлари ҳамда уларга тааллуқли шахслар тўғрисида.
5-модда
Жиноий фаолият тўғрисида ахборот алмашиш
Жиноий фаолият тўғрисида ахборот алмашиш
Томонлар, шунингдек қуйидагилар тўғрисида ахборот алмашадилар:
а) уюшган гуруҳлар содир этган жиноятлар турлари, уларнинг таркиби, тузилмаси, фаолият соҳаси ва жиноий алоқалари;
б) гиёҳвандлик моддаларни яширишнинг янги усуллари ва уларни ошкор қилиш методлари, уларни ноқонуний ташишнинг янги йўналиш ҳамда каналлари, ноқонуний юргизилишга келиб тушаётган гиёҳвандлик моддаларнинг янги турлари, уларнинг хусусиятлари ва тайёрлаш технологиялари;
в) агар бошқа Томон давлатининг манфаатларига дахл қилса, террористик фаолиятнинг шакл ва методлари, террористик гуруҳлар ҳамда ташкилотларнинг тузилиши ва таркиби, улар фойдаланадиган қурол-яроғ ҳамда техник воситалар;
г) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қонунийлаштириш усуллари, бундай турдаги фаолиятга алоқадор шубҳаланаётган жисмоний ва юридик шахслар;
д) ушбу Битимнинг 2-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда шубҳаланаётган бошқа Томон давлатининг ҳудудида доимий истиқомат қилувчи ёки вақтинча бўлиб турган Томонлар давлатларининг фуқаролари;
е) ушбу Битимнинг 2-моддасида белгиланган ҳамкорлик соҳаларида бошқа Томон давлатининг фуқаролари тарафидан бир Томон давлатининг қонунчилиги бузилганлиги тўғрисида рўйхатга олинган фактлари.
6-модда
Ҳамкорликни амалга ошириш шартлари
Ҳамкорликни амалга ошириш шартлари
1. Ушбу Битимнинг 3-моддасида кўзда тутилган ахборотни бериш ва бошқа хатти-ҳаракатлар Томонларнинг марказий ваколатли органлари тарафидан сўровга мувофиқ амалга оширилади.
2. Ушбу модданинг 1-бандида кўзда тутилган сўров ёзма равишда юборилиши ҳамда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
а) сўровни юборувчи марказий ваколатли органнинг ва мурожаат қилинган органнинг номланиши;
б) сўров юборилаётган ишнинг мантиғи тўғрисида, мазкур иш бўйича ўтаётган ёки унга алоқадор шахслар тўғрисида, фактлар, предметлар ва ҳужжатлар тўғрисида талаб қилинаётган ахборот ҳақида имкон қадар тўлиқроқ маълумотлар;
в) бажарилиши талаб қилинаётган конкрет процедуранинг қўлланиш сабаблари ҳамда батафсил тавсифи;
г) зарур бўлганда сўровнинг бажарилиши кутилаётган муддатни кўрсатиш.
3. Ушбу Битимнинг 3-модда 1-банди а) кичик бандида кўзда тутилган ахборот бошқа Томон учун қизиқиш уйғотади дейишга асос бўлса, Томонларнинг марказий ваколатли органлари тарафидан шахсий ташаббусларига кўра сўровсиз бир-бирларига йўлланиши мумкин.
4. Сўровларни бажариш имкон қадар қисқа муддатларда амалга оширилиши лозим. Зарур ҳолларда, Томонларнинг марказий ваколатли органлари сўровнинг бажарилишини енгиллаштирувчи қўшимча маълумотларни сўраш ҳуқуқига эгадирлар.
7- модда
Сўровни бажаришни рад этиш
Сўровни бажаришни рад этиш
1. Сўровнинг бажарилиши инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлса, давлат суверенитети ёки хавфсизлигига зарар етказса ёхуд сўралаётган Томон давлатининг қонунларига зид келса, сўровни бажаришни тўлалигича ёки қисман рад этиш мумкин.
2. Сўровни бажаришни рад этилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган ҳолда, Томонларнинг марказий ваколатли органлари бу тўғрида бир-бирларини ёзма равишда рад этилишининг сабабини кўрсатиб хабардор қиладилар.
8- модда
Ҳамкорликнинг бошқа шакллари ва кадрларни тайёрлаш
Ҳамкорликнинг бошқа шакллари ва кадрларни тайёрлаш
1. Томонлар ушбу Битимнинг 2-моддасида сўз борган жиноятларни бартараф қилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш чораларининг самарадорлигини ошириш мақсадида ўзларининг ҳуқуқий ва маъмурий тизимларига мувофиқ равишда ҳаракат қилган ҳолда, бир-бирлари билан яқиндан ҳамкорликда бўладилар.
2. Томонлар қуйидагиларни кўзда тутувчи конкрет битим ва аҳдлашувларни имкон қадар қисқа муддатларда ишлаб чиқиш ҳамда эришишни ўзларининг марказий ваколатли органларига топширадилар:
а) улар ўртасида алоқа каналларини ўрнатиш ва сақлаш, ушбу Битимнинг 2-моддасида сўз борадиган жиноятларнинг барча жиҳатларига дахлдор ахборотни ишончли ва тез суръатларда алмашиш ҳамда бошқа вазифаларни ҳал қилиш;
б) ушбу Битимнинг 2-моддасида сўз борадиган ва бундай жиноятларни содир этганликда шубҳаланаётган шахсларни фош қилиш мақсадида халқаро характерга эга жиноятларни бартараф этиш ва фош қилишда ҳамкорлик қилиш;
в) бундай жиноятларни бартараф қилиш учун бошқа хатти-ҳаракатлар, айниқса, агар бундай хатти-ҳаракатлар Томонлар давлатларининг қонунларига зид келмаса ва юқорида кўрсатилган мақсадларга эришиш учун зарур деб топилса, гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний юргизилиши.
3. Томонлар жиноятчиликка қарши кураш манфаатларида фан ва техника соҳасида тадқиқот дастурларини режалаштириш ҳамда амалга оширишда, махсус билимларни алмашишда бир-бирларига кўмаклашадилар ҳамда шу мақсадларда, шунингдек тегишли ҳолларда, ўзаро қизиқиш уйғотадиган ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда муаммоларни муҳокама қилиш учун халқаро анжуманлар ва семинарлардан фойдаланадилар.
4. Томонлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш соҳасида ўзаро манфаатли асосда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
9-модда
Жиноятчиликнинг олдини олишда ҳамкорлик қилиш
Жиноятчиликнинг олдини олишда ҳамкорлик қилиш
1. Томонлар жиноятнинг олдини олиш соҳасида, жумладан, ҳуқуқни бузган шахслар, айниқса, вояга етмаганларни оқлаш ва ижтимоий интеграция бўйича дастурларда, шунингдек ўз давлатларида гиёҳванд моддаларга бўлган талаб ва гиёҳвандлик кўламини қисқартириш мақсадида ҳамкорлик қиладилар. Шу мақсадларда, хусусан, пенитенциар системаларнинг амал қилиш тажрибасидан фойдаланилади, маҳбусларни озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақлаш шароитларини яхшилашда, жиноятларни содир этганлиги учун жазони ўтаётган шахсларнинг ижтимоий мослашиш марказларида ишлашда ўзаро ҳаракат амалга оширилади.
2. Томонлар жиноятчиликнинг олдини олиш, унинг ўсишига кўмаклашадиган шарт-шароитларни йўқотиш мақсадида давлат органлари ва жамоат уюшмаларининг, улар ўртасида муносабатларнинг ўрнатилганидан бошлаб Томонлар давлатларининг қонунларига зид келмайдиган исталган хатти-ҳаракатларни рағбатлантирадилар.
10-модда
Ахборотни бериш
Ахборотни бериш
Томонлар давлатларининг миллий қонунчиликларига зид келмаса ва қуйидаги шартларга риоя қилган ҳолда, Томонлар ахборотни берадилар:
1. Агар ахборот ёпиқ характерга эга бўлса ёки уни бераётган Томон унинг ошкор этилишини мақсадга мувофиқ эмас деб топса, Томонларнинг марказий ваколатли органлари бир-бирларидан оладиган ахборотнинг махфийлигини таъминлайдилар. Ушбу техник воситалар, ускуналар ва материалларга тенг равишда тааллуқли.
2. Зарур ҳолларда, ушбу Битим доирасида олинган ахборот, техник воситалар, ускуналар ва материалларни учинчи томонга беришда уларни берган марказий ваколатли органларнинг ёзма розилиги керак бўлади;
3. Жисмоний шахслар тўғрисида Томонлардан олинган маълумотлар ушбу Битимда белгиланган мақсадлардагина фойдаланилиши мумкин. Бераётган Томон бундай маълумотларнинг ишончлилигини, шунингдек зарур бўлганда тегишли ўзгартиш ва тўлдиришларни ўз вақтида беришни таъминлайдилар. Жисмоний шахслар тўғрисида ахборотни қабул қилиш, рўйхатга олиш, сақлаш, фойдаланиш ва йўқ қилиш Томонлар давлатларининг қонунларига мувофиқ амалга оширилади. Ушбу Битимнинг амал қилиши тўхтатилган ҳолда, барча илгари олинган ахборот йўқ қилиниши лозим;
4. Барча ҳолларда, манбалардан бегоналарнинг фойдаланишидан, уларни огоҳлантирмасдан ўзгартириш, йўқ қилиш ёки тарқатишдан Томонлар самарали ҳимоя қиладилар.
11-модда
Харажатлар ва мажбуриятлар
Харажатлар ва мажбуриятлар
1. Ушбу Битимни бажариш бўйича харажатларни Томонлар ўз мажбуриятларини бажариш зарур бўлган даражада мустақил равишда қоплайдилар.
2. Зарур ҳолларда, ҳар бир алоҳида ҳолатда ўзаро маъқул аҳдлашувлар орқали расмийлаштириладиган, ушбу Битимдан келиб чиқадиган хатти-ҳаракатларни амалга ошириш учун Томонлар биргаликдаги харажатларни қоплайдилар. Биргаликдаги харажатлар бўйича Томонларнинг мажбуриятлари ушбу аҳдлашувлар билан ҳал қилинади.
3. Томонлар зарур ҳолларда, ушбу Битимнинг 2-моддасида сўз борадиган жиноятларни бартараф қилиш учун зарур ускуналар ва материалларни бериш билан бир-бирларига беғараз ёрдам беришлари мумкин.
12-модда
Ҳамкорликнинг амалий тили
Ҳамкорликнинг амалий тили
Ушбу Битим доирасидаги ҳамкорликнинг амалий тили рус тили ҳисобланади.
13-модда
Қўшма комиссия
Қўшма комиссия
1. Ушбу Битимнинг қоидаларини амалга ошириш мақсадида Томонлар унинг кучга кирганидан кейин бир ой муддат ичида Томонларнинг ваколатли вакилларидан ташкил топган Қўшма комиссияни тузадилар.
2. Қўшма комиссия навбатма-навбат, заруратга кўра ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалаларни кўриб чиқиш учун Тошкентда ва Ригада йиғилади ҳамда ўзаро маъқул қарорларни қабул қилади. Қўшма комиссия қарорларни тайёрлаш, шунингдек бошқа фаолият учун Томонларнинг марказий ваколатли органларининг вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳларни тузишлари мумкин.
14-модда
Баҳсли масалаларни ҳал қилиш
Баҳсли масалаларни ҳал қилиш
Ушбу Битимни талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ юзага келадиган келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал қилинади.
15-модда
Ўзгартиш ва тўлдиришлар
Ўзгартиш ва тўлдиришлар
Томонларнинг ўзаро розиликларига кўра ушбу Битимга, алоҳида баённомалар орқали расмийлаштириладиган ва ушбу Битимнинг 17-модда 1-бандида кўзда тутилган процедураларга мувофиқ кучга кирадиган, ёзма равишда ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилиши мумкин.
16-модда
Бошқа шартномаларга муносабат
Бошқа шартномаларга муносабат
Ушбу Битим Ўзбекистон Республикаси ва Латвия Республикаси иштирок этган бошқа халқаро шартномалар бўйича Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
17-модда
Кучга кириши, амал қилиш муддати, денонсация қилиниши
Кучга кириши, амал қилиш муддати, денонсация қилиниши
1. Ушбу Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини Томонлар бажарганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб 30 (ўттиз) кун ўтгач кучга киради.
2. Ушбу Битим белгиланмаган муддатга тузилган ва Томонларнинг биронтаси бошқа Томондан ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали ёзма хабарномани олган кундан бошлаб олти ой ўтгунига қадар амал қилади.
Тошкент шаҳрида 2002 йил 17 июнда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, латиш ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)