Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ фаолиятни таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги 522-II-сонли Қонунининг 81, 13 ва 19-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Қонунчилик палатасида кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ (бундан буён матнда Мувофиқлаштирувчи гуруҳ деб юритилади) уч кишидан иборат таркибда тузилсин (1-илова).
Белгилаб қўйилсинки, Мувофиқлаштирувчи гуруҳ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашига ҳисобдордир.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг штат рўйхатига ўзгартишлар киритилсин ва унга қўшимча учта штат бирлиги (Мувофиқлаштирувчи гуруҳ раҳбари ва икки нафар катта референт) ажратилсин.
3. Қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ тўғрисидаги низом тасдиқлансин (2-илова).
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2013 йил 13 май,
652-II-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2013 йил 13 майдаги 652-II-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ
ТАРКИБИ
|
1. |
Хамдамов Салоҳиддин Джурабаевич |
— |
Мувофиқлаштирувчи гуруҳ раҳбари |
|
2. |
Курьязов Хаким Хушнудович |
— |
катта референт |
|
3. |
Ходжаев Малик Эльдорович |
— |
катта референт |
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2013 йил 13 майдаги 652-II-сонли қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ тўғрисидаги
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги 522-II-сонли Қонунининг 81, 13 ва 19-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси Кенгаши деб юритилади) ҳузурида Қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ (бундан буён матнда Мувофиқлаштирувчи гуруҳ деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девони ходимлари орасидан уч кишидан иборат таркибда тузилиши назарда тутилган.
2. Мувофиқлаштирувчи гуруҳ ўз фаолиятида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда унинг Кенгаши қарорларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
3. Мувофиқлаштирувчи гуруҳ Қонунчилик палатаси Кенгашининг ишчи органи бўлиб, ўз фаолиятида унга ҳисобдордир.
4. Мувофиқлаштирувчи гуруҳ ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) сиёсий партиялар фракциялари (депутатлар гуруҳлари), қўмиталар, комиссиялар ва Қонунчилик палатаси Девони билан ҳамкорликда амалга оширади.
II. Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг асосий вазифаси ва функциялари
5. Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг асосий вазифаси Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг кўриб чиқилишини ташкил этишдан иборат.
6. Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг асосий функциялари қуйидагилардан иборат:
келиб тушган қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини рўйхатдан ўтказиш;
келиб тушган қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида ахборот тайёрлаш ва Қонунчилик палатаси Кенгаши мажлисига тақдим этиш;
келиб тушган қонун лойиҳасини сиёсий партиялар фракцияларига (депутатлар гуруҳларига), масъул қўмитага ва Қонунчилик палатаси Девонининг тегишли бўлимига топшириш;
Қонунчилик палатаси ва унинг Кенгаши мажлисларига киритилаётган қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини уларни тайёрлаш, кўриб чиқиш, шунингдек Қонунчилик палатасида қабул қилишнинг барча босқичларида кузатиб бориш;
қонун лойиҳалари устида олиб борилаётган ишларнинг ҳолати, Қонунчилик палатаси кўриб чиқишида турган қонун лойиҳаларининг ўтиш жараёни ҳақида, Қонунчилик палатасининг Регламентига риоя этилмаганлиги борасида аниқланган фактлар ҳақида Қонунчилик палатасининг Кенгаши аъзоларини мунтазам хабардор қилиб бориш;
Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари (депутатлар гуруҳлари), қўмиталар, депутатлар ва манфаатдор эксперт гуруҳларидан қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан олинган ахборот асосида фикрлар ва таклифларнинг ҳисобини юритиш;
Қонунчилик палатаси ва унинг Кенгаши мажлислари кўриб чиқиши учун киритиладиган қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини рўйхатга олиш ҳамда уларнинг тайёрланишини, кўриб чиқилишини ташкил этишга доир ишларга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
Қонунчилик палатаси ва унинг Кенгаши мажлислари кўриб чиқиши учун киритиладиган, иш юритишда турган қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига доир материаллар бўйича тизимли асосда электрон маълумотлар базасини юритиш;
Қонунчилик палатаси мажлислари кўриб чиқиши учун киритиладиган қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сиёсий партиялар фракцияларида (депутатлар гуруҳларида), қўмиталарда кўриб чиқиш жараёнида билдирилган, шу жумладан уларнинг мажлислари баённомалари кўчирма нусхаларида кўрсатилган фикрлар ва таклифлар тўғрисидаги ахборот асосида ахборот-таҳлилий материалларни умумлаштириш ва тайёрлаш;
Қонунчилик палатаси мажлислари кўриб чиқиши учун киритиладиган қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва кўриб чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир таклифларни Қонунчилик палатаси Кенгаши кўриб чиқиши учун киритиш.
7. Мувофиқлаштирувчи гуруҳ Қонунчилик палатаси мажлислари кўриб чиқиши учун киритиладиган қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва кўриб чиқиш билан боғлиқ масалаларни Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг (депутатлар гуруҳларининг), қўмиталар ва комиссияларнинг мажлисларида муҳокама қилиш чоғида иштирок этишга ҳақлидир.
III. Якунловчи қоидалар
8. Мувофиқлаштирувчи гуруҳ фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Қонунчилик палатаси Девони томонидан амалга оширилади.
9. Ушбу Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш Қонунчилик палатаси Кенгашининг қарори билан амалга оширилади.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 й., 7-сон, 184-модда)