Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2010-2011 йиллар ва 2012 йилнинг ўтган даври мобайнидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2010-2011 йиллар ва 2012 йилнинг ўтган даври мобайнидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши шуни қайд этадики, ҳисобот даврида Қўмита «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонунида назарда тутилган ваколатларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 2010 йил 26 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) биринчи мажлисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 2010 йил 27 январдаги қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир» ҳамда 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» номли маърузаларидан, шунингдек «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясидан келиб чиқадиган вазифаларни ўз фаолиятининг устувор йўналиши сифатида белгилаган.
Қўмита томонидан мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, миллий хавфсизликни, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга йўналтирилган давлат сиёсатини қонунчилик жиҳатидан таъминлашга, унинг ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга, қонунларнинг ижро этилиши устидан назоратни кучайтиришга қаратилган муайян ишлар амалга оширилган.
Қўйилган вазифаларни рўёбга чиқариш учун Қўмита ўз фаолиятини Сенат Кенгаши томонидан тасдиқланган Сенат қўмиталарининг қонунчилик ва назорат фаолияти ҳамда тадбирлари режалари, Сенат Кенгашининг мажлисларида кўриб чиқиш учун тавсия этилаётган масалалар, «Баркамол авлод йили», «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» ва «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурларида белгилаб берилган асосий қоидаларда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони И. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 20 йиллиги муносабати билан қабул қилинган Директивасида баён этилган устувор мақсад ва йўналишлар асосида амалга оширган. Қўмита тадбирлар режаларини шакллантиришда киритилаётган масалаларни тадбир ўтказилаётган ҳудуд учун нақадар долзарблиги ва зарурлигини алоҳида эътиборга олган.
Қўмита томонидан Сенатнинг ялпи мажлисларида кўриб чиқиш учун 17 та масала, шу жумладан еттита Ўзбекистон Республикаси қонуни киритилган, улар белгиланган тартибда маъқулланган.
Ҳисобот даврида қонунлар ижросини ўрганиш билан боғлиқ назорат фаолияти ва тадбирларни амалга ошириш доирасида саккизта қўмита мажлиси, тўртта конференция, учта давра суҳбати, саккизта семинар ўтказилган, улардан бештаси Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси, «Баркамол авлод йили» ва «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурларидан келиб чиқадиган вазифаларни бажаришга йўналтирилган.
Назорат фаолиятини амалга ошириш жараёнида Қўмитанинг асосий эътибори қонунларнинг, мамлакат мудофааси ва миллий хавфсизликни таъминлаш борасидаги давлат дастурларини тўлиқ ва сифатли ижро этилишига тўсқинлик қилаётган сабабларни аниқлашга, уларни ижро этишда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этишга, шунингдек қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган.
Шу мақсадда назорат фаолияти доирасида Қўмита томонидан: 2010 йил 6 августда Қўмита ва халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Қашқадарё вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижаларини муҳокама қилиш бўйича қўшма мажлиси; 2011 йил 22 апрелда Қўмита ва халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг «Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Самарқанд вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган қўшма мажлиси; 2011 йил 16 ноябрда Қўмита ва халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Сурхондарё вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижаларини муҳокама этиш бўйича қўшма мажлиси; 2012 йил 11 майда Қўмита ва халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Фарғона вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган қўшма мажлиси ўтказилган. Бундан ташқари, 2010 йил 15 декабрда «Баркамол авлод йили» Давлат дастури доирасида Қўмита ва халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлашга доир қисмини Наманган вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган қўшма мажлиси ўтказилган.
Юқорида кўрсатилганлардан ташқари, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги долзарб масалаларни чуқур ўрганиш ва ҳал этиш учун Қўмита томонидан конференция, давра суҳбати ва семинарлар ўтказилган.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида Қўмита томонидан Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси билан биргаликда 2011 йил 22 сентябрда «Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда қонунийликка риоя этиш – инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати» мавзуида семинар ўтказилган.
Бундан ташқари Қўмита томонидан: 2010 йил 30 мартда Сурхондарё вилоятида «Ватанни, унинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг конституциявий бурчи» мавзуида семинар; 2010 йил 25 июнда Навоий вилоятида «Ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлашда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда жамоат бирлашмаларининг ўрни ва роли» мавзуида давра суҳбати; 2011 йил 2 февралда Тошкент вилоятида «Аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишнинг долзарб масалалари» мавзуида семинар; 2011 йил 10 августда Бухоро вилоятида «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш: муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари» мавзуида конференция; 2012 йил 10 февралда Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгашида «Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда оиланинг роли» мавзуида семинар ўтказилган.
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат дастурлари самарали ижро этилишини таъминлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини, оммавий ахборот воситаларини фаол жалб этган ҳолда аҳоли ўртасидаги тушунтириш ишларининг сифатини ошириш, қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида Қўмитанинг назорат фаолияти ва бошқа тадбирлар якунлари бўйича қабул қилинган қарорлари ва тавсиялари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотларга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юборилган. Бундан ташқари, Қўмита ўзи томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижро этилиши мониторингини олиб борган.
Қўмитанинг тавсиялари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги, «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари лойиҳаларини тайёрлашда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қатор қонун ости ҳужжатларини ишлаб чиқишда фойдаланилган. Қабул қилинган тавсиялар асосида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонунларни ижро этишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари Сенат, унинг Кенгаши, қўмиталари ва Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари томонидан ташкил этилган 3152 та тадбирда иштирок этган (2010 йилда – 927 та, 2011 йилда – 1055 та, 2012 йилнинг ўтган даври мобайнида – 1170 та) ва 2038 марта маъруза билан сўзга чиққан.
Оммавий ахборот воситаларида Қўмита аъзоларининг 2050 та чиқиши эълон қилинган ва эфирга узатилган (2010 йилда – 519 та, 2011 йилда – 526 та, 2012 йилнинг ўтган даври мобайнида – 1005 та), шу жумладан газета ва журналларда 803 та мақола эълон қилинган, 895 та интервью ва ахборот материаллари телевидение орқали эфирга узатилган, радио орқали 352 та чиқишлар амалга оширилган.
Қўмита томонидан фуқаролар ва сайловчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек уларнинг қабулини амалга ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан фуқароларнинг 5882 та ёзма мурожаати кўриб чиқилган (2010 йилда – 1545 та, 2011 йилда – 1706 та, 2012 йилнинг ўтган даври мобайнида – 2631 та), 4115 нафар фуқаро қабул қилинган (2010 йилда – 1029 нафар, 2011 йилда – 1459 нафар, 2012 йилнинг ўтган даври мобайнида – 1627 нафар). 147 та сўров юборилган (2010 йилда – 26 та, 2011 йилда – 57 та, 2012 йилнинг ўтган даври мобайнида – 64 та), сайловчилар билан 1119 та учрашувлар ўтказилган (2010 йилда – 197 та, 2011 йилда – 287 та, 2012 йилнинг ўтган даври мобайнида – 635 та). Сенат ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар бўйича Қўмита аъзолари 74 марта сўзга чиққан (2010 йилда – 28 марта, 2011 йилда – 28 марта, 2012 йилнинг ўтган даври мобайнида – 18 марта).
Қўмита аъзоларидан П. Араббаева, Б. Мамажанов, Ф. Тошев, Н. Чариевнинг сенаторлик фаолияти эътиборга молик. Улар нафақат Қўмитанинг, балки Сенатнинг бошқа қўмиталари ва Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг тадбирларида ҳам фаол иштирок этишган.
Шу билан бирга Қўмита фаолиятида фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд. Қўмита мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга, миллий хавфсизликни, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга йўналтирилган давлат сиёсатини қонунчилик жиҳатидан таъминлашга қаратилган қонунлар ижроси устидан назоратнинг таъсирчанлигини янада ошириши, қабул қилинаётган қонунлар моҳиятини аҳоли ўртасида кенгроқ тушунтириш масалалари бўйича жойларда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда фаолият юритаётган Қўмита аъзоларининг фаоллигини ошириш юзасидан чоралар кўриши, Қўмита томонидан қонунлар ижросини ўрганиш натижаси бўйича қабул қилинган қарорларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан бажарилиши масаласини ўрганишга ва уларни Қўмита мажлисларида кўриб чиқишга алоҳида эътибор бериши зарур.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2010-2011 йиллар ва 2012 йилнинг ўтган даври мобайнидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи билдирилган таклифларни эътиборга олган ҳолда маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси (Ю. Турсунбаев) фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида:
ўтган даврдаги фаолиятни танқидий баҳолаб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрсин;
келгусидаги фаолиятида алоҳида эътиборни мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга, миллий хавфсизликни, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини қонунчилик жиҳатидан таъминлашга, унинг ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга, қонунларнинг ижро этилиши устидан назоратни кучайтиришга, шунингдек минтақаларнинг ижтимоий-сиёсий ривожланишини таъминлаш масалаларига қаратсин;
Қўмита томонидан қонунлар ижросини назорат тартибида ўрганиш натижалари бўйича қабул қилинган қарорларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан бажарилишини ҳамда бажарилиши натижалари Қўмита мажлисларида кўриб чиқилишини таъминлашга алоҳида эътибор берсин;
қабул қилинаётган қонунлар моҳиятини аҳоли ўртасида янада кенгроқ тушунтириш масалалари бўйича жойларда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда фаолият юритаётган Қўмита аъзоларининг фаоллигини ошириш юзасидан чоралар кўрсин;
Сенат, Сенат Кенгаши ва Қўмита қарорлари ўз вақтида ижро этилишини таъминлашга алоҳида эътибор берсин;
Қўмита томонидан жойларга чиқиб олиб борилаётган назорат фаолияти якунлари ва тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича аниқ чоралар кўрсин;
қабул қилинаётган қонунларнинг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг, шунингдек Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг мазмун ва моҳиятини жамоатчилик орасида янада кенг тарғибот қилиш масалаларига эътиборни кучайтирсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари:
оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган материалларнинг сифатини янада оширсин ҳамда ушбу материалларнинг тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари расмий веб-сайтларида жойлаштириб борилишига эътибор қаратсин;
сайловчилар билан учрашувларда улар томонидан кўтарилган масалалар моҳиятини чуқур ўрганиб, уларнинг муаммоларини қонун доирасида ҳал этилиши чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг барча қўмиталари ушбу қарорда баён этилган талаблардан келиб чиқиб ўз фаолиятини янада кучайтиришга эътибор қаратсин.
5. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари М. Раджабова зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 4 декабрь,
КҚ-40-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 12-сон, 374-модда)