Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Иброҳимовнинг «2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисидаги дастур геология, ёқилғи-энергетика комплексида, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноатида бажарилишининг бориши ҳақида»ги ахбороти тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 25-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ғ.И. Иброҳимовнинг «2011 – 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисидаги дастур геология, ёқилғи-энергетика комплексида, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноатида бажарилишининг бориши ҳақида»ги ахборотини эшитди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қайд этадики, мустақиллик йиллари мобайнида мамлакатимизда тузилма ҳосил қилувчи тармоқларни ва умуман саноатни ривожлантиришнинг жаҳон бозорида доимий харидоргир, қўшилган қиймат улуши юқори бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган аниқ, чуқур ва ҳар томонлама пухта ўйланган узоқ муддатли дастурини амалга ошириш юзасидан тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган чуқур, аниқ мақсадли таркибий ўзгартиришлар кейинги йилларда саноатнинг юксак суръатларда ривожланишини барқарор таъминламоқда.
Мамлакатда энг кўп даражада қулай ишчанлик муҳитини яратишга, демократик бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштиришга, унинг рақобатбардошлигини оширишга, мамлакат саноатини муттасил ва мутаносиб ривожлантиришга, чет эл инвесторларини жалб этишга қаратилган, халқаро нормаларга мос салмоқли қонунчилик базаси шакллантирилди.
Саноатни ривожлантиришнинг тўғри танланган стратегияси туфайли Ўзбекистон жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози таъсири ва таҳдидларига қарши турибгина қолмай, балки иқтисодиётни, ижтимоий ҳамда гуманитар соҳаларни ривожлантиришда барқарор суръатларни таъминлашга ва шу асосда халқ фаровонлигини юксалтиришга муяссар бўлди.
ЯИМ таркибида саноат солиштирма салмоғининг ортиши, саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиб бориши қабул қилинган чора-тадбирлар амалга оширилишининг асосий натижалари бўлди, бунда ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришнинг асосий ўсишига қўшилган қиймат улуши юқори бўлган тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи тармоқлар ҳисобига эришилди. Хусусан, бир қатор йирик энергетика лойиҳалари амалга оширилди, «Ўзбекистон – Хитой» газ қувури (биринчи ва иккинчи линия Ўзбекистон участкаси) қурилди, Муборак газни қайта ишлаш заводида таркибида олтингугурт бўлган газни тозалаш қувватлари, Янги Ангрен ИЭС нинг 1 – 5-энергия блоклари кўмирни йил бўйи ёқишга ўтказилди, Навоий ИЭСда қуввати 478 МВт бўлган буғ-газ қурилмаси қурилди ва ҳоказо.
2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисидаги дастурнинг (бундан буён матнда Дастур деб юритилади) қабул қилиниши мамлакат саноати барқарор, муттасил ва мутаносиб ривожланишини, экспорт салоҳияти ўсишини таъминлаш, саноат тармоқлари, комплекслари ва корхоналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилаш асосида уларнинг самарадорлиги ҳамда рақобатбардошлигини ошириш бўйича барча амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.
Дастур доирасида геология, ёқилғи-энергетика комплексида, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноатида умумий қиймати 41,8 млрд АҚШ доллари бўлган 220 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Сургил кони базасида Устюрт газ-кимё комплексини қуриш, Шўртан газ-кимё комплексида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, Толимаржон, Тошкент ва Навоий ИЭСлардаги ишлар ҳамда бошқа ишлар мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирги вақтга келиб умумий суммаси 11,1 млрд АҚШ доллари бўлган маблағлар, шу жумладан чет эл инвестициялари ва кредитлари — 7,47 млрд АҚШ доллари, ўз маблағлари — 2,29 млрд АҚШ доллари, Ривожланиш ва реконструкция жамғармаси кредитлари — 865,7 млн АҚШ доллари ҳамда тижорат банкларининг кредитлари — 332,9 млн АҚШ доллари амалда ўзлаштирилди. 2012 йил якунлари бўйича ёқилғи-энергетика комплекси корхоналарида инвестицияларнинг умумий ҳажми 2,99 млрд АҚШ доллари бўлган 55 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни тугаллаш ва фойдаланишга топшириш кутилмоқда.
Геология, ёқилғи-энергетика комплексида, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноатида 177 та маҳаллийлаштириш лойиҳаси бўйича 881,7 млрд сўмлик ёки ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 112,4% маҳсулот ишлаб чиқарилди, импорт ўрнини босувчи маҳсулотнинг ҳисобланган самараси 360,6 млн АҚШ долларини, шу даврда маҳаллийлаштирилаётган маҳсулот экспорти 78,5 млн АҚШ долларини ташкил этди.
Шу билан бирга, Дастурнинг тўла амалга оширилиши самарадорлигига, жойларда ҳуқуқнинг қўлланилиш амалиёти ҳолатини яхшилашга таъсир кўрсатадиган бир қатор фойдаланилмаган имкониятлар ва муаммолар мавжуд. Чунончи, муайян инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, уларни ривожланиш дастурларига киритишнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини ўрганиш жараёнида вазирликлар ва идораларнинг фаолиятини таҳлилий таъминлаш борасида камчиликлар кўзга ташланади. Жумладан, иқтисодий жиҳатдан мақсадга номувофиқлиги туфайли 12 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мазкур босқичда тўхтатилган (Шўртан газ-кимё комплексида қўшимча этилен ҳажми базасида поливинилхлорид ишлаб чиқариш, Навоий ИЭСда сувдан туз ажратиш қурилмаси қурилиши ва ҳоказо).
Айрим инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишдаги камчиликлардан бири экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талаблари етарли даражада ҳисобга олинмаслигидир.
Тендер ҳужжатларини етарли даражада синчиклаб ишлаб чиқмаслик ҳоллари ҳам учрамоқдаки, бу экспертизага киритилаётган ҳужжатлар маромига етказилиши учун қайтариб юборишга олиб келмоқда. Шунга мос равишда ишларнинг бундай аҳволи тендерларни ўтказиш муддатларига, бўлажак қатнашчиларнинг моддий харажатлари кўпайишига таъсир кўрсатмоқда. Чунончи, «Ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмасини барпо этиш орқали Таллимаржон ИЭСни кенгайтириш» инвестиция лойиҳаси бўйича тендер савдолари ўз вақтида ўтказилмаган.
Буларнинг барчаси капитал маблағларни ўз вақтида ўзлаштиришга ҳамда лойиҳаларни амалга оширишга таъсир кўрсатмоқда, бўлажак шериклар билан лойиҳаларнинг техник, юридик, молиявий ва бошқа параметрларини келишиб олиш масалаларини анчагина қийинлаштирмоқда. Ҳозирги вақтда 2012 йилда умумий суммаси 370,36 млн АҚШ долларини ташкил этувчи 7 та лойиҳани фойдаланишга топшириш борасида қолоқликка йўл қўйилган («Ўзбекнефтгаз» МХК бўйича — 5 та лойиҳа, «Ўзбекэнерго» ДАК бўйича — 1 та лойиҳа, «Ўзкимёсаноат» ДАК бўйича — 1 та лойиҳа).
Мамлакатимизга чет эл инвестицияларини жалб этишни ҳуқуқий жиҳатдан рағбатлантириш механизмларини бундан буён ҳам жорий этиш ва қулай инвестиция шароитларини яхшилаш борасида амалдаги қонунчилик базасини такомиллаштириш зарур бўлиб, бу Дастурни рўёбга чиқаришнинг самарадорлиги даражасини оширишга ижобий таъсир кўрсатади.
2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисидаги дастурнинг барча қоидалари бажарилишини таъминлаш ҳамда саноат комплекслари ва корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш борасида Ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Иброҳимовнинг «2011 – 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисидаги дастур геология, ёқилғи-энергетика комплексида, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноатида бажарилишининг бориши ҳақида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг «2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисидаги дастур геология, ёқилғи-энергетика комплексида, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноатида бажарилишининг бориши ҳақида»ги ахборотини эшитиш якунларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисида муҳокама қилиб, ушбу муҳокама жараёнида билдирилган таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни амалга оширишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар мажмуини белгилаш;
Дастурнинг барча қоидалари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан бажарилиши устидан мунтазам назорат қилиб борилишини, ушбу қоидалар сўзсиз амалга оширилиши учун вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг шахсий масъулияти оширилишини, ҳудудларни ривожлантириш минтақавий дастурлари мазкур Дастур қоидаларига мувофиқлаштирилишини таъминлаш;
Дастурга киритилган маҳсулот таннархини камайтиришга, шу жумладан саноатнинг барча тармоқларида энергия сарфини камайтириш ҳисобига маҳсулот таннархини камайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш;
Дастурни самарали рўёбга чиқариш, мамлакатимизга чет эл инвестициялари жалб этилишини рағбатлантириш, қулай инвестиция шароитларини янада яхшилаш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган «Давлат эҳтиёжлари учун товарлар харид қилиш, хизматлар кўрсатиш ва ишлар бажариш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини, «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги, «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги, «Концессиялар тўғрисида»ги ва «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳалари ўз вақтида ҳамда сифатли ишлаб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритилишини ташкил этиш;
«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда бир қатор қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни тезлаштириш тавсия қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари:
юқори даражадаги технологияларга эга бўлган мамлакатлардан йирик хорижий компанияларни Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этиш, хусусий ва чет эл инвестицияларини Дастурга киритилган ва қайта ишловчи саноат ҳамда иқтисодиётнинг хом ашёсиз тармоқлари билан боғлиқ бўлган лойиҳаларига жалб этиш борасидаги ишларни давом эттирсин;
тендерларни ўз вақтида ва ошкора ўтказиш, Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муддатларини қисқартириш, бу лойиҳаларни тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштириш, тўрачилик, расмиятчилик ҳамда инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнларини чўзиб юбориш ҳолларига йўл қўймаслик, модернизациялаш, маҳаллийлаштириш ҳамда илғор технологияларга асосланган янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини батафсил ишлаб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар кўрсин.
4. Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари саноат ички кооперациясини кенг ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, иқтисодиётнинг саноат тармоқларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида минтақаларда ишчанлик муҳитини янада яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларнинг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига мос бўлишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 15 декабрда қабул қилинган «2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарорининг бажарилишини таъминлашга қаратилган қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишлари самарадорлигини оширсинлар.
7. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2012 йил 18 декабрь,
592-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 12-сон, 338-модда)