Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ юритилган қатъий пул-кредит сиёсати, шунингдек мамлакат банк-молия тизими барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларнинг рўёбга чиқарилиши инфляция даражасини ва пул-кредит кўрсаткичларини тасдиқланган мақсадли параметрлар доирасида сақлаб туришга, пул-кредит сиёсатини тартибга солишнинг бозор воситаларидан кенг фойдаланишга, монетар омилларнинг инфляция даражасига таъсирини бартараф этишга, шунингдек банкларнинг инвестиция жараёнларидаги ва мамлакат иқтисодиётини модернизация қилишдаги иштирокини янада кенгайтиришга ёрдам берган.
Юқорида кўрсатиб ўтилган Қонуннинг 40-моддасига мувофиқ самарали валюта сиёсати амалга оширилганлиги жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига қарамай, товарлар ва хизматлар экспортини 2008 йилдагига нисбатан 2,4 фоизга кўпайтиришнинг, ташқи савдо айланмасида 2,3 млрд АҚШ доллари миқдорида ижобий сальдога эришишнинг муҳим омили ва рағбатлантирувчи воситаси бўлди.
Банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш юзасидан кўрилган чоралар натижасида ҳисобот йилида тижорат банкларининг умумий капитали 2008 йилдагига нисбатан 1,4 баробар ўсган, хусусан етакчи банкларнинг устав капиталлари давлат маблағлари ҳисобидан қўшимча 500 млрд сўмдан кўпроқ миқдорда оширилган.
Мамлакат банк тизими халқаро талабларга мувофиқ бир қатор нормативлар бўйича барқарор мавқега эга ва банк тизими капиталининг етарлилик даражаси банк назорати бўйича халқаро Базель қўмитаси талаблари билан белгиланган халқаро стандартлардан деярли уч баробар ортиқ.
Жами активлари мамлакат банк тизими активларининг 90 фоизидан кўпроқни ташкил этадиган 14 та тижорат банки «Фитч Рейтингс», «Мудис» ва «Стандарт энд Пурс» каби етакчи халқаро рейтинг компанияларининг «барқарор» рейтинг баҳосини олган.
Банкларнинг барқарор ресурс базасини мустаҳкамлаш борасида кўрилган тизимли чора-тадбирлар депозитлар ҳажмлари 1,5 баробар, аҳолининг кредит ташкилотларидаги омонатлари 1,7 баробар ўсишига ёрдам берган.
Иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредит қўйилмаларининг умумий ҳажми 1,3 баробар кўпайтирилган, инвестиция мақсадларидаги банк кредитларининг умумий кредит портфелидаги улуши эса 70 фоизга яқинни ташкил этган.
Инқирозга қарши чоралар дастури доирасида иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари барқарор ишлашини таъминлаш, уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Чунончи, хўжалик судлари қарорлари ва аукцион савдолар асосида 126 та иқтисодий ночор корхона тижорат банкларининг балансига қабул қилиниб, шуларнинг 36 таси ўз фаолиятини тиклаганидан кейин янги инвесторларга сотилган, 34 та корхонада ишлаб чиқаришни тиклаш жараёни тугалланган, қолган 56 та корхонада молиявий соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Экспорт қилувчи корхоналарга айланма маблағларни тўлдириш учун жами 233 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилган.
2009 йилда тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган кредит ресурсларининг умумий ҳажми 1,8 трлн сўмдан ошиб кетган.
Банк тизимининг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш, банкларнинг иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини инвестициялаш ва модернизация қилиш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида 2010 йилда қуйидаги устувор йўналишлар бўйича ишни кучайтириш зарур:
миллий валютанинг барқарорлигини янада мустаҳкамлашга йўналтирилган қатъий пул-кредит сиёсатини юритишни давом эттириш;
банкларнинг капиталлашув даражасини янада ошириш ҳисобига банк тизимининг молиявий барқарорлиги ва самарадорлигини кучайтириш;
аҳолининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш турган маблағларини узоқ муддатли депозитларга жалб этишни кучайтириш ҳисобига банкларнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш;
иқтисодиётнинг реал секторини молиявий қўллаб-қувватлашга, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва уларнинг экспорт салоҳиятини оширишга йўналтирилган узоқ муддатли банк инвестициялари ва кредитлари ҳажмларини янада кўпайтириш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, айниқса қишлоқ жойларда, шу жумладан фермер хўжаликларига кўрсатилаётган банк хизматларининг кўламини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига:
мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2010 йилга мўлжалланган мақсадли макроиқтисодий кўрсаткичларини бажаришга йўналтирилган пул-кредит сиёсатини юритишни давом эттириш, бунда пул агрегатларини тартибга солишнинг бозор воситаларидан кенг фойдаланиш;
миллий валютанинг алмашув курси барқарорлигини таъминлашга, ташқи иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган валюта сиёсатини юритиш;
Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурида мамлакат банк тизимига юклатилган вазифаларнинг амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратиш;
тижорат банкларини янада капиталлаштириш ва инвестициявий фаоллигини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар дастури рўёбга чиқарилишини таъминлаш, уларнинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини ошириш;
тижорат банкларининг фаолиятини халқаро андозалар ва тамойилларга мувофиқ тартибга солиш ҳамда назорат қилиш янада кучайтирилиши ва такомиллаштирилишини таъминлаш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини, айниқса қишлоқ жойларда, молиявий қўллаб-қувватлаш кўламларини кенгайтириш;
нобанк кредит ташкилотларини, хусусан мамлакат минтақаларидаги кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар сонини кўпайтириш ва уларнинг фаолиятини тартибга солиш юзасидан қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш топширилсин.
3. «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда банк тизими субъектлари:
қўшимча акциялар чиқариш ва жойлаштириш борасида жадал фаолият юритиш ҳисобига банкларнинг капиталлашув даражаси янада ошишини таъминласин;
аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш турган маблағларини узоқ муддатли депозитларга ва банкларнинг бошқа қимматли қоғозларига жалб этишни янада фаоллаштириш йўли билан банкларнинг барқарор ва узоқ муддатли ресурс базасини кенгайтирсин, шунингдек кредитлаш ва инвестициялаш ҳажмларини оширсин;
иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда модернизация қилиш, экспорт қилувчи корхоналарни, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқарувчиларни кредитлаш тадбирларини давом эттирсин;
иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва уларда ишлаб чиқаришни қайта тиклаш, шунингдек уларни бундан буён ҳам стратегик инвесторларга сотиш ишларини жадаллаштирсин;
кичик бизнес ва фермерликни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳажмларини кенгайтирсин, шунингдек айниқса қишлоқ жойларда микромолиявий хизматларнинг турлари ва ҳажмларини оширсин;
пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тармоғини янада кенгайтириш тадбирларини амалга оширишни давом эттирсин;
тижорат банклари кузатув кенгашларининг банкларни бошқаришни, шу жумладан банкларнинг ички аудит хизматлари фаолиятини самарали ташкил этиш, капиталнинг доимий ўсиб бориши ва етарлилигини таъминлаш, активлар ва кредит портфелининг сифати яхшиланишидаги роли ва масъулиятини оширсин;
«Баркамол авлод йили» Давлат дастури ҳамда 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида, шунингдек минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларда назарда тутилган вазифалар ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ушбу қарор бажарилишининг бориши тўғрисида 2010 йилнинг 1 ноябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (А. Алтиев) зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 8 май,
58-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 й., 5-сон, 208-модда)