Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Словакия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида
Қуйида «Аҳдлашувчи Томонлар» деб юритилувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Словакия Республикаси Ҳукумати,
ҳар иккала мамлакат учун ўзаро манфаатли бўлган иқтисодий ҳамкорликни жадаллаштиришни истаган ҳолда,
Бир Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида инвестиция киритишлари учун қулай шароит яратиш мақсадини назарда тутиб,
мазкур Битимга мувофиқ равишда инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш бу соҳадаги тадбиркорлик ташаббусини ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини эътиборга олган ҳолда,
қуйидагилар хусусида келишиб олдилар:
1-Модда
Таърифлар
Таърифлар
Мазкур Битим мақсадлари учун:
1. «Инвестиция» атамаси бир Аҳдлашувчи Томоннинг инвестори бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида, унинг қонунчилигига мувофиқ иқтисодий фаолият доирасида инвестициялаган барча мулкий бойликларни, аммо нафақат уларни, хусусан қуйидагиларни англатади:
а) мол-мулк ва кўчмас мулк ҳамда ипотека, кафолатлар, гаров ҳуқуқи ва шунга ўхшаш ҳуқуқлардан келиб чиқувчи бошқа моддий ҳуқуқлар;
б) компанияларнинг акциялари, облигациялари, улушлари ҳамда жамиятлар ва корхоналарнинг мулкидаги иштирокнинг бошқа кўринишлари;
в) пулли қарз талабномаларига бўлган ҳуқуқ ёки инвестициялар билан боғлиқ бўлиб, иқтисодий қийматга эга бўлган шундай фаолиятга оид талаб ҳуқуқлари;
г) инвестициялар билан боғлиқ бўлган муаллифлик ҳуқуқи, товар нишонлари, патентлар, лицензиялар, технологиялар, саноат андозалари, «ноу-хау», тижорат сирлари, фирмавий номлар ва «гуд-вил» каби интеллектуал мулк, савдо ва саноат мулкига бўлган ҳуқуқлар;
д) қонун ёки амалда жорий бўлган Битим асосида бериладиган ҳуқуқлар, қонунга мувофиқ лицензиялар ёки рухсатномалар, шу жумладан табиий ресурслар, шунингдек Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида жойлашган табиий ресурсларни топиш, ишлаб чиқариш, қазиб олиш ва улардан фойдаланиш концессиясига оид ҳуқуқлар.
Бойликлар инвестицияланган юридик формадаги ҳеч қандай ўзгариш уларнинг инвестиция сифатидаги квалификациясига таъсир кўрсатмайди.
2. «Инвестор» атамаси:
а) Аҳдлашувчи Томоннинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ унинг фуқароси бўлган исталган «жисмоний шахс»ни;
б) ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг қонунлари ва нормаларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган ва таъсис этилган ҳамда юридик шахс сифатида тан олинган исталган «юридик шахс»ни англатади.
Жисмоний ва юридик шахслар Аҳдлашувчи Томонларнинг қонунчилигига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида инвестицияларни амалга оширадилар.
3. «Даромадлар» атамаси инвестициялар натижасида олинган суммаларни билдиради ва хусусан даромадлар, фоизлар, сармояларнинг ўсиши, пайлар, дивидендлар, лицензияли ва бошқа тўловлар, аммо нафақат уларни ўз ичига олади.
4. «Ҳудуд» атамаси халқаро ҳуқуққа мувофиқ давлат ўз суверен ҳуқуқлари ёки юрисдикцияни амалга ошириши мумкин бўлган давлат ҳудудига тааллуқлидир.
2-Модда
Инвестициялар киритишни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
Инвестициялар киритишни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестициялашни қўллаб-қувватлайди ва бунинг учун қулай шароитлар яратади ҳамда ўз қонунчилигига мувофиқ бундай инвестицияларга рухсат беради.
2. Бир Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестициялари учун бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида адолатли ва тенг ҳуқуқли муносабатлар таъминланади. Инвестициялар бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида тўлиқ ҳимоя ва хавфсизликка эга бўлади.
3-Модда
Миллий режим ва энг қулай режим
Миллий режим ва энг қулай режим
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг инвестициялари ва даромадлари учун исталган учинчи давлат инвесторларининг инвестициялари ёки даромадлари учун яратилган режимдан кам бўлмаган қулай режим яратиб беради.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудудидаги бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестицияларини бошқариш, улардан фойдаланиш ёки уларни тасарруф этиш борасида ўз инвесторлари ёки исталган учинчи давлат инвесторлари учун яратилганидан кам бўлмаган қулай режим яратади.
3. Ушбу Модданинг 1 ва 2 бандлари қоидаларини:
а) божхона, валютали уюшмалар ёки эркин савдо зонаси ёхуд шу каби халқаро битимлар, Аҳдлашувчи Томон аъзоси бўлган ёки аъзоси бўлиши мумкин бўлган минтақавий ҳамкорликнинг бошқа шаклларига;
б) фақатгина ёки асосан солиқ солишга оид халқаро битимлар ёки шартномаларга мувофиқ бир Аҳдлашувчи Томонни бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторлари учун шундай муносабат ёки имтиёзлар яратиш учун мажбурловчи восита сифатида талқин қилиш мумкин эмас.
4-Модда
Зарарларни қоплаш
Зарарларни қоплаш
1. Бир Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестицияларига бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида содир бўлган уруш, қуролли тўқнашув, фавқулодда ҳолат, тўлқинланишлар, қўзғолонлар, исён ёки шунга ўхшаш бошқа воқеалар оқибатида етказилган зарарларни қоплашда унинг ўз инвесторлари ёки исталган учинчи давлат инвесторлари учун яратилгандан кам бўлмаган режим яратилади.
2. Ушбу Модданинг 1-бандидан қатъий назар бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида бундан аввалги бандда қайд этилган воқеалар оқибатида зарар кўрган Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторига, хусусан:
а) уларнинг мол-мулклари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг қуролли кучлари ёки расмий органлари томонидан мусодара қилинганда;
б) уларнинг мол-мулклари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳарбий ҳаракатлари туфайли эмас, ёки вазият тақозо этмаган ҳолларда йўқ қилиб юборилган бўлса,
босқинчилик вақтида ёки мол-мулкни йўқ қилиш натижасида зарар кўрган жабрланувчига адолатли ва тегишли товон тўловлари тўланади.
Зарарни қоплаш бўйича якуний тўловлар эркин равишда, ҳеч қандай кечикишсиз эркин муомаладаги валютада ўтказилади.
5-Модда
Экспроприация (Национализация)
Экспроприация (Национализация)
1. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг инвестициялари бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида жамоат манфаатларидан мустасно бўлган ҳолларда национализация қилинмайди, экспроприация қилинмайди, ёки уларга нисбатан оқибат натижаси национализация (қуйида «национализация» деб юритилади)га тенг бўлган чоралар қўлланилмайди. Национализация ҳуқуқий жиҳатдан камситмаслик асосида қабул қилинади ва улар учун тез орада, айнан ва фойдали товон тўланади. Бундай товон тўлаш бевосита национализация қилингунга қадар ёки бу ҳақда расмий равишда маълум қилинган вақтдаги национализация қилинган инвестицияларнинг бозор нархига мувофиқ бўлиши лозим. Тўловлар эркин муомаладаги валютада, тез орада эркин равишда ўтказилади ва тўловлар суммасига национализация қилинган кундан то тўловлар амалга оширилган кунга қадар бозорнинг фоизли ставкаларига мувофиқ бўлган тегишли фоизлар ўтказилади.
2. Национализациядан зиён кўрган инвесторлар мазкур моддадаги принципларга мувофиқ Аҳдлашувчи томоннинг суд ёки бошқа мустақил органларига мурожаат қилиб, мавжуд ҳолатни текшириш ва ўз инвестицияларини баҳолашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
3. Ушбу Модданинг 1-банди қоидалари Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудудининг исталган қисмида амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ рўйхатдан ўтказилган ёки таъсис эгилган компаниялар, корхоналар ва бошқа хўжалик бўлинмаларининг мулкини национализация қиладиган ҳамда бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторлари ўз улушларига эга бўлган ҳолларга тааллуқлидир.
6-Модда
Тўловларни ўтказиш
Тўловларни ўтказиш
1. Аҳдлашувчи Томонлар инвестициялар ва даромадлар билан боғлиқ бўлган пул ўтказишларни таъминлайдилар. Тўловлар эркин муомаладаги валютада, монеликсиз ва асоссиз кечикишларсиз амалга оширилади. Бундай пул ўтказишлар хусусан қуйидагиларни, аммо нафақат уларни ўз ичига олади:
а) даромадлар, фоизлар, дивидендлар ва бошқа жорий даромадлар;
б) заёмлар пулини тўлаш учун сарфланадиган маблағлар;
в) инвестицияларни тўлалигича ёки қисман сотиш, тугатишдан олинган даромадлар;
г) бир Аҳдлашувчи Томон фуқароларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалга ошириладиган инвестицияларига мувофиқ оладиган иш ҳақи.
2. Мазкур моддада кўзда тугилган тўловларни ўтказиш ҳудудида инвестициялар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томоннинг валютани тартибга солиш қоидаларига мувофиқ, тўловлар ўтказилаётган кунда амалда бўлган валюта курси бўйича амалга оширилади.
7-Модда
Суброгация
Суброгация
1. Агар бир Аҳдлашувчи Томон ёки у ваколатли этиб тайинлаган агентлик ўз инвесторларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги инвестицияларига нисбатан тижорат хавфидан бирор-бир молиявий кафолат берган бўлса, биринчи Аҳдлашувчи Томон тўловларни ана шу кафолатга кўра бажарган ҳолда иккинчи Аҳдлашувчи Томон суброгация принципи асосида инвестор ҳуқуқлари биринчи Аҳдлашувчи Томонга ўтишини тан олиши лозим.
2. Ўтказилган ҳуқуқ ёки талаблар инвесторнинг дастлабки ҳуқуқ ёки талаблари доирасидан чиқмаслиги лозим.
8-Модда
Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторлари ўртасидаги низоларни ҳал этиш
Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторлари ўртасидаги низоларни ҳал этиш
1. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг инвестори билан иккинчи Аҳдлашувчи Томон ўртасида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай низолар низолашувчи давлатлар ўртасидаги музокаралар мавзуи бўлади.
2. Агар бир Аҳдлашувчи Томоннинг инвестори билан бошқа Аҳдлашувчи Томон ўртасидаги низолар улар бошланган кундан бошлаб олти ой мобайнида бундай йўллар билан ҳал этилмаса, инвестор уларни ҳал этиш учун:
а) давлатлар ва бошқа давлатларнинг чет эллик шахслари ўртасидаги инвестицияларга оид низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги Конвенция (Вашингтон, 1965 й.) га мувофиқ, агар ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон мазкур Конвенциянинг аъзоси бўлса, инвестицион низоларни тартибга солувчи Халқаро марказга,
б) арбитрга ёки Халқаро савдо бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти комиссиясининг Арбитраж Регламенти (ЮНСИТРАЛ)га мувофиқ «ad hock» ҳакамлар судига тақдим этиши мумкин.
Низолашувчи Томонлар ушбу қоидаларнинг ўзгартирилиши хусусида ёзма равишда келишиб олишлари мумкин. Суднинг қарори низолашувчи ҳар иккала томон учун тугал ва мажбурий ҳисобланади.
9-Модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш
1. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва кўллаш борасида Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида юзага келган низолар имкон қадар консультациялар ёки музокаралар йўли билан ҳал этилади.
2. Агар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низолар улар пайдо бўлгандан кейинги олти ой мобайнида ҳал этилмаса, Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг талабига кўра ҳакамлар судига топширилади.
3. Ҳар бир иш учун алоҳида ҳакамлик суди тайинланади. Ҳар бир Аҳдлашувчи томон низо ҳакамлик судида кўрилиши тўғрисида хабарнома олгандан сўнг икки ой мобайнида ҳакамлар судининг биттадан аъзосини тайинлайди. Бу икки арбитр эса учинчи давлат фуқаросини сайлайдилар ва ҳар иккала Аҳдлашувчи Томоннинг розилигига кўра У суд Раиси (қуйида «Раис» деб юритилади) эгиб тайинланади. Раис ҳар иккала арбитр тайинланган кундан кейинги уч ой мобайнида тайинланади.
4. Агар ушбу Модданинг 3-бандида қайд этилган муддатларга амал қилинмаса, зарурий тайинлов ўтказиш учун Халқаро Суд Раисига мурожаат қилиш мумкин. Башарти, Халқаро Суд Раиси Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса ёки бошқа сабабларга кўра ўз вазифаларини амалга оширолмаса, зарурий тайинлов учун Вице-Президент таклиф этилади. Борди-ю у ҳам ўз вазифаларини бажаролмаса ёки Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса, тайинлов Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч қайсисининг фуқароси бўлмаган Халқаро Суднинг энг юқори даражали судьяси томонидан амалга оширилади.
5. Ҳакамлар суди ўз қарорларини кўпчилик овоз билан қабул қилади ва улар бажарилиши шарт бўлган қарорлар ҳисобланади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўзи тайинлаган суд аъзоси учун сарфланадиган харажатларни, шу жумладан ўзининг ҳакамлар суди тартиботларидаги иштироки учун зарурий харажатларни тўлайди. Раиснинг фаолияти билан боғлиқ бўлган харажатларни ва бошқа барча харажатларни Аҳдлашувчи Томонлар тенг тарзда тўлайдилар.
6. Ҳакамлар суди барча масалалар бўйича ўз иш тартибини мустақил равишда белгилайди.
10-Модда
Бошқа нормаларни қўллаш
Бошқа нормаларни қўллаш
Мазкур Битимнинг бирор-бир масаласи ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон қатнашчиси бўлган ёки бўладиган бошқа Халқаро Битим орқали ҳал этиладиган ҳолларда ушбу Битим ўша Халқаро Битимнинг янада қулайроқ нормаларидан фойдаланишга тўсқинлик қилмайди.
11-Модда
Мазкур Битимни қўллаш
Мазкур Битимни қўллаш
Ушбу Битим у имзолангунга қадар бир Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторлари бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалга оширган барча инвестицияларга нисбатан қўлланади.
12-Модда
Битимнинг кучга кириши, амалда жорий бўлиши ва уни ҳаракатдан тўхтатиш
Битимнинг кучга кириши, амалда жорий бўлиши ва уни ҳаракатдан тўхтатиш
1. Мазкур Битим қонуний кучга кириши учун ҳар бир Аҳдлашувчи Томон конституцион тартиботларнинг бажарилганлиги тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томонга хабар беради. Ушбу Битим сўнгги нота олинган куннинг эртасидан бошлаб қонуний кучга киради.
2. Мазкур Битим ўн йил мобайнида амалда жорий бўлади. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни белгиланган муддат тугашидан бир йил аввал, ёзма равишда ушбу Битимни ҳаракатдан тўхтатиш тўғрисидаги ўз мақсадларидан хабардор қилмаса, Битимнинг амалда жорий бўлиш муддати автоматик тарзда навбатдаги муддатга узайтирилади.
3. Мазкур Битим ҳаракатдан тугатилгунга қадар амалга оширилган инвестицияларга нисбатан ушбу Битим қоидалари у ҳаракатдан тўхтатилгандан сўнги 10 йил мобайнида ҳам сақланиб қолади.
Ушбу Битим 1995 йил 16 майда Тошкент шаҳрида, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, словак ва рус тилларида тузилган бўлиб, барча матнлар бир хил кучга эга ҳисобланади. Битимни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда рус тилидаги матн асос бўлиб ҳисобланади.
(имзолар)