Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Бельгия-Люксембург иқтисодий уюшмаси ўртасида
Битим
Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоялаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, бир томондан,
ва
ҳам ўз номидан, ҳам Люксембург Буюк Герцоглиги Ҳукумати номидан иш юритувчи Белгия Қироллиги Ҳукумати, мавжуд битимларга мувофиқ равишда,
Валония Ҳукумати,
Фландрия Ҳукумати,
ва пойтахт Брюссел Ҳукумати, иккинчи томондан (бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар),
бир Аҳдлашувчи Томон фуқароларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги инвестициялари учун қулай шароитлар яратиш йўли билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашни истаб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Таърифлар
Ушбу Битим мақсадлари учун:
1. «Инвестор» атамаси қуйидагиларни англатади:
а) «фуқаролар», яъни Ўзбекистон Республикаси, Белгия Қироллиги ёки Люксембург Буюк Герцоглигининг қонунчилигига мувофиқ, тегишли тарзда Ўзбекистон Республикаси, Белгия Қироллиги ёки Люксембург Буюк Герцоглигининг фуқароси сифатида қаралувчи исталган жисмоний шахс;
b) «компаниялар», яъни Ўзбекистон Республикаси, Белгия Қироллиги ёки Люксембург Буюк Герцоглигининг қонунчилигига мувофиқ равишда таъсис этилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси, Белгия Қироллиги ёки Люксембург Буюк Герцоглигининг тегишли ҳудудида рўйхатдан ўтказилган ўз органига эга бўлган исталган юридик шахс.
2. «Инвестициялар» атамаси активларнинг исталган кўринишини ва нақд пул маблағлари, товарлар ёхуд хизматлар тарзида иқтисодий фаолиятнинг исталган соҳасига инвестиция сифатида киритилган ёки реинвестиция қилинган ҳар қандай бевосита ёки билвосита сармояларни билдиради.
Ушбу битим мақсадлари учун қуйидагиларга хусусан, аммо нафақат инвестициялар сифатида қаралади:
а) қўзғатиш мумкин бўлган ва кўчмас мулк, шунингдек ипотекалар, чегириб қолиш ҳуқуқлари, гаровлар, узуфруктлар ва мулкка эгалик билан боғлиқ бўлган шу сингари ҳар қандай бошқа ҳуқуқлар;
b) акциялар, корпоратив ҳуқуқлар ва мулк улушига эгаликнинг ҳар қандай бошқа кўриниши, шу жумладан контрол пакетга кирмайдиган акцияларга эгалик ёки Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида таъсис этилган компаниялардаги билвосита эгалик;
с) облигациялар, пул маблағлари бўйича талабнома ёки иқтисодий қийматга эга бўлган ҳар қандай ҳаракатларни бажариш ҳуқуқлари;
d) муаллифлик ҳуқуқлари, саноат мулкига бўлган ҳуқуқлар, техник жараёнлар, савдо номлари ва гуд-вил;
е) оммавий ҳуқуққа кўра ёхуд контрактга мувофиқ берилган концессиялар, шу жумладан табиий ресурсларни тадқиқот қилиш, ривожлантириш, қазиш ёки улардан фойдаланиш концессиялари.
Ушбу битим мақсадлари учун активлар ва сармоялар инвестицияланган ёки реинвестиция қилинган ҳуқуқий шаклнинг ўзгариши уларнинг «инвестициялар» сифатидаги таърифига таъсир кўрсатмайди.
3. «Даромадлар» атамаси инвестициялардан келган тушумни англатади ва хусусан фойда, фоизлар, сармояларнинг ўсиши, дивидендлар ва роялтини, аммо нафақат уларни ўз ичига олади.
4. «Ҳудуд» атамаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудига, Белгия Қироллиги ҳудуди ва Люксембург Буюк Герцоглиги ҳудудига нисбатан, шунингдек тегишли давлатларнинг ҳудудий сувлари доирасидан ташқарида жойлашган ҳамда табиий ресурсларни тадқиқ қилиш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш мақсадида давлатлар халқаро ҳуқуққа мувофиқ ўз суверен ҳуқуқлари ва юрисдикциясини амалга оширадиган денгиз ҳудудига, яъни денгиз ва сув ости маконига нисбатан қўлланилади.
2-модда
Инвестицияларни рағбатлантириш
Инвестицияларни рағбатлантириш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестицияларини рағбатлантиради ва ўз қонунларига мувофиқ шундай инвестицияларни қабул қилади.
2. Хусусан, Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири фаолият турлари бундай инвестицияларнинг амалга оширилиши билан боғлик бўлган даражада, ўз қонунчилигига мувофиқ лицензион контрактлар ҳамда тижорат, маъмурий ва техник ёрдам тўғрисидаги шартномаларни тузиш ва бажаришга рухсат этади.
3-модда
Инвестицияларни ҳимоялаш
Инвестицияларни ҳимоялаш
1. Бир Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида бевосита ёки билвосита равишда амалга оширган барча инвестициялари учун адолатли ва тенг ҳуқуқли режим яратилади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон исталган вақтда бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторларига нисбатан қабул қилинган мажбуриятларга риоя қилинишини таъминлаш мажбуриятини олади.
2. Жамоат тартиби ва давлат хавфсизлигини қувватлаш учун зарур бўлган чора-тадбирлардан истисно тарзда, бундай инвестициялар доимий ҳимоя ва хавфсизлик билан таъминланади, яъни қонунда амалиётда уларни бошқариш, қувватлаш, ишлатиш, эгалик қилиш ёки тугатишга тўсқинлик қилувчи бирор-бир асоссиз ёки дискриминацион чоралар кўрилишига йўл қўйилмайди.
3. 1- ва 2-бандларда қайд этилган режим ва ҳимоя, ҳеч бўлмаганда, учинчи давлат инвесторлари учун яратиладиган шарт-шароитларга тенг бўлиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам халқаро ҳуқуқ эътироф этилган режим ва муҳофазадан кам бўлмайди.
4. Ҳар қандай ҳолда бундай режим ва ҳимоя, Аҳдлашувчи Томонлардан бири учинчи давлатнинг эркин савдо зонаси, божхона уюшмаси, умумий бозор ёки ҳар қандай бошқа минтақавий иқтисодий ташкилотдаги иштироки уларга аъзолиги туфайли унинг инвесторларига яратадиган имтиёзларга татбиқ этилмайди.
4-модда
Мулкка эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва чегаралаш
Мулкка эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва чегаралаш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон экспроприация ёки национализация қилиш бўйича бир Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги ўз инвестицияларига эгалик қилиш ҳуқуқига бевосита ёки билвосита равишда таъсир кўрсатувчи ҳеч қандай чора-тадбирларни қўлламаслик мажбуриятини олади.
2. Башарти, ижтимоий мақсадларда, давлат хавфсизлиги ва миллий манфаатлар йўлида, 1-банд қоидаларини бузиш талаб этилса, қуйидаги шартларга риоя қилинади:
а) чоралар тегишли ҳуқуқий процедураларга мувофиқ қабул қилинади;
b) дискриминацион тусга эга бўлмайди ёки ҳар қандай махсус мажбуриятларга зид келмайди;
с) чоралар айнан бир хил компенсация тўловлари тўғрисидаги қарорлар билан биргаликда амалга оширилади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам инвесторлар ўз инвестицияларига таъсир кўрсатувчи чораларни инвестициялар амалга оширилган давлатнинг ваколатли суд органида кўриб чиқиш учун топшириш ҳуқуқига эга бўлади.
3. Юқорида эслатиб ўтилган компенсация инвестицияларнинг чоралар қабул қилинган ёки улар эълон қилинган санадан аввалги кундаги ҳақиқий қийматига тенг бўлиши лозим.
Юқорида эслатиб ўтилган компенсация инвестициялар амалга оширилган давлат валютасида ёки бошқа эркин алмаштириладиган валютада тўланади. У кечиктирилмасдан амалга оширилади ва эркин тарзда ўтказиладиган ҳисобланади. У унинг қиймати белгиланган кундан бошлаб тўловлар амалга оширилган санагача нормал тижорат курси бўйича ҳисобланган фоизларни ўз ичига олади.
4. Бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида содир бўлган уруш ёки бошқа қуролли тўқнашув, инқилоб, фавқулодда ҳолат ёки қўзғолон оқибатида инвестицияларига зарар етказилган Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг инвесторлари учун реституция, зарарларни қоплаш ёки бошқа компенсация тўловлари борасида бошқа Аҳдлашувчи Томон яратадиган режим ҳеч бўлмаганда ана шу Аҳдлашувчи Томоннинг ўз фуқаролари ёки исталган учинчи давлат инвесторлари учун яратадиган энг қулай режимга тенг бўлиши зарур.
5. Ушбу моддага алоқадор бўлган масалалар борасида Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторлари учун, ҳеч бўлмаганда ўз ҳудудида энг кўп қулай режими тақдим этиладиган инвесторларга яратиладиган режимга тенг бўлган режим яратади. Бундай режим ҳеч қандай шароитда халқаро ҳуқуққа мувофиқ эътироф этилган режимдан кам бўлмайди.
5-модда
Ўтказишлар
Ўтказишлар
1. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторлари учун инвестициялар билан боғлиқ бўлган барча тўловларни, шу жумладан қуйидагиларни эркин равишда ўтказишни тақдим этади:
а) инвестициялар киритиш, уларни қувватлаш ва ривожлантириш учун зарур бўлган суммалар;
b) контракт тўловлар учун, шу жумладан заёмлар, роялти ва лицензиялар, франшизинглар, концессиялар ҳамда шу сингари ўзга ҳуқуқлар бўйича бошқа тўловларни қоплаш учун зарур бўлган суммалар, шунингдек экспатриация қилинган ходимларнинг иш ҳақларини тўлаш учун зарур бўлган суммалар;
с) инвестициялардан келган тушумлар;
d) инвестицияларни бутунлай ёки қисман тугашидан келган тушумлар, шу жумладан сармояларнинг ўсиши ёки инвестицияланган сармояларнинг кўпайишидан келган даромадлар;
е) 4-моддага мувофиқ тўланган компенсация.
2. Инвестициялар билан боғлиқ бўлган бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ишлаш учун рухсат берилган исталган Аҳдлашувчи Томоннинг фуқароларига иш ҳақининг тегишли қисмини ўз мамлакатларига ўтказишга рухсат этилади.
3. Ўтказишлар келишувларга мувофиқ, ўтказилаётган кунда қўлланилаётган курс бўйича эркин алмаштириладиган валютада, тез орада ҳисоб-китоб қилган ҳолда, фойдаланилаётган валютада амалга оширилади.
4. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири ўтказишларни асоссиз кечиктиришларсиз, фақат одатдаги солиқлар ва харажатларни тўлаган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш учун зарур бўлган тегишли рухсатномалар беради.
5. Ушбу моддада кўрсатилган кафолатлар, камида энг кўп қулайлик режими тақдим этиладиган инвесторларга бериладиган кафолатларга тенг бўлиши лозим.
6-модда
Суброгация
Суброгация
1. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири ёки ана шу Томоннинг исталган давлат органи ўз инвесторларига инвестицияларни қоплашни таъминловчи кафолатлар бўйича компенсациялар тўласа, бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларнинг ҳуқуқлари юқорида қайд этилган биринчи Аҳдлашувчи Томонга ёҳуд унинг давлат органига ўтишини тан олади.
2. Топширилган ҳуқуқлар борасида бошқа Аҳдлашувчи Томон зиён кўрган инвесторнинг ҳуқуқлари ўтган суғуртачига қарши қайд этилган инвесторнинг қонун ёки контрактга мувофиқ мажбуриятларини қўллаш ҳуқуқига эгадир.
7-модда
Қоидаларнинг қўлланиши
Қоидаларнинг қўлланиши
Агар инвестициялар билан боғлиқ масала ҳам ушбу Битимга, ҳам Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг миллий қонунларига ёки халқаро конвенциялар билан тартибга солинадиган бўлса, бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторлари энг қулай бўлган қоидалардан фойдаланишга ҳақлидирлар.
8-модда
Махсус битимлар
Махсус битимлар
Аҳдлашувчи Томонлардан бири ва бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторлари ўртасида тузилган махсус битимга мувофиқ амалга оширилган инвестициялар ушбу Битим қоидалари ва махсус битим қоидалари билан тартибга солинади.
9-модда
Инвестицион низоларни ҳал этиш
Инвестицион низоларни ҳал этиш
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг инвестори ва бошқа Аҳдлашувчи Томон ўртасидаги ҳар қандай инвестицион низо тўғрисида суд жараёнини бошлаш учун биринчи Томон ёзма равишда хабар қилади. Билдиришнома батафсил тарзда асосланган меморандум билан биргаликда юборилади.
Томонлар низони имкон қадар музокаралар йўли билан, зарур бўлган ҳолларда учинчи томондан экспертлар консультацияси олиш ёки дипломатик каналлар орқали Аҳдлашувчи Томонлар ярашиш йўли билан ҳал этишга ҳаракат қиладилар.
2. Билдиришнома юборилган санадан бошлаб олти ой мобайнида томонлар ўртасида низо бевосита битим орқали тинч йўл билан ҳал этилмаган ёки дипломатик каналлар орқали ярашилмаган ҳолда низо инвесторнинг хоҳишига кўра кўриб чиқиш учун ёки инвестициялар амалга оширилган давлатнинг ваколатли органига, ёки халқаро арбитражга топширилади.
Бу билан боғлиқликда, Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири шу тарзда ҳар қандай низони арбитраж йўли билан якуний равишда ҳал этилишига аввалдан розилик билдирди. Бундай розилик барча ички маъмурий ёки суд ҳимоя каналларини қўллашни талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечишни назарда тутади.
3. Низо халқаро арбитражда ҳал этиладиган ҳолда, инвесторнинг хоҳишига кўра низо кўриб чиқиш учун қуйида санаб ўтилган ташкилотлардан бирининг арбитражига топширилади:
БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси (ЮНСИТРАЛ) томонидан белгиланган Арбитраж қоидаларига мувофиқ ташкил этилган аd hoc Арбитраж Судига;
1965 йил 18 мартда Вашингтонда имзолаш учун очилган Давлатлар ва бошқа давлатларнинг фуқаролари ўртасидаги инвестицион низоларни ҳал этиш бўйича конвенцияга мувофиқ таъсис этилган Инвестицион низоларни ҳал этувчи халқаро марказига, агар иккала томон давлатлари қайд этилган конвенция қатнашчиси бўлса.
Агар ушбу талаб қондирилмаса, ҳар бир Аҳдлашувчи Томон I.C.S.I.D. Қўшимча хизматлар тўғрисидаги қоидаларига мувофиқ низони кўриб чиқиш учун арбитражга топширишга розилик билдиради.
Париждаги Халқаро савдо палатасининг Арбитраж Судига;
Стокгольмдаги Савдо палатасининг Арбитраж Судига.
Агар арбитраж тартиботлари Аҳдлашувчи Томоннинг ташаббусига биноан тавсия этилган бўлса, шу Томон манфаатдор инвесторга низо топшириладиган арбитраж органини белгилашни таклиф этади.
4. Арбитраж жараёни ёки арбитраж қарорини бажаришнинг исталган босқичида низода иштирок этувчи ҳеч қайси Аҳдлашувчи Томон, эътироз сифатида низода қарши томон ҳисобланувчи инвесторнинг суғурта полиси ёки ушбу Битимнинг 6-моддасида кўзда тутилган кафолатларга мувофиқ, унга етказилган зарарларни тўлиқ ёки қисман равишда қопловчи компенсация олганлигига асосланиши мумкин эмас.
5. Арбитраж Суди миллий қонунлар, шу жумладан ҳудудида инвестициялар амалга оширилган, низода иштирок этувчи Аҳдлашувчи Томоннинг ҳуқуқлари коллизияси билан боғлиқ бўлган қоидалар асосида, шунингдек ушбу Битимнинг қоидалари, инвестициялар борасида тузилган махсус битимларнинг шартлари ҳамда халқаро ҳуқуқ принциплари асосида қарор қабул қилади.
6. Арбитраж қарори низода иштирок этувчи томонлар учун якуний ва мажбурий ҳисобланади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз миллий қонунларига мувофиқ қарорни бажариш мажбуриятини олади.
10-модда
Миллий режим ва энг кўп қулайлик режими
Миллий режим ва энг кўп қулайлик режими
Инвестициялар режими билан боғлиқ бўлган барча масалаларда, Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг инвесторлари учун бошқа Аҳдлашувчи Томон ўз фуқароларига ёки исталган учинчи давлат инвесторларига яратадиган энг қулай бўлган режимни тақдим этади.
11-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги ушбу Битимни талқин қилиш ёки қўллашга доир баҳслар
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги ушбу Битимни талқин қилиш ёки қўллашга доир баҳслар
1. Ушбу Битимни талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ. бўлган ҳар қандай низо имкон қадар дипломатик каналлар орқали ҳал этилади.
2. Баҳс дипломатик каналлар орқали ҳал этилмаган ҳолда, баҳс кўриб чиқиш учун иккала Томоннинг вакилларидан иборат бўлган Қўшма комиссияга топширилади; биринчи томоннинг талабига кўра ушбу комиссия асоссиз кечиктиришларсиз жараённи бошлаш учун йиғилади.
3. Агар Қўшма комиссия баҳсни ҳал эта олмаса, исталган Аҳдлашувчи Томоннинг талабига кўра, низо ҳар бир алоҳида ҳолат учун қуйидаги тарзда таъсис этилган Арбитраж Судига топширилади:
Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни низони арбитражга топшириш тўғрисидаги ўз нияти ҳақида хабардор қилган кундан бошлаб 2 ой ичида ҳар бир Аҳдлашувчи Томон биттадан арбитр тайинлайди. Тайинлов санасидан кейинги 2 ой мобайнида бу икки арбитр ўзаро келишувга биноан арбитраж судининг раиси сифатида учинчи давлат фуқаросини тайинлайди.
Ушбу муддатларга риоя қилинмаган ҳолда исталган Аҳдлашувчи Томон зарурий тайинловларни ўтказиш учун Халқаро Суд Президентини таклиф қилишга ҳақлидир.
Агар Халқаро Суд Президенти исталган Аҳдлашувчи Томоннинг, ёки исталган Аҳдлашувчи Томон дипломатик муносабатларга эга бўлмаган давлатнинг фуқароси бўлса, ёхуд ҳар қандай бошқа сабабга кўра ушбу вазифани бажара олмаса, тайинловларни амалга ошириш учун Халқаро Суднинг Вице-президенти таклиф этилади.
4. Бундай тарзда ташкил этилган Суд ўз процедураларини аниқлайди. Унинг қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади; улар Аҳдлашувчи Томонлар учун якуний ва мажбурий ҳисобланади.
5. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз арбитрини тайинлаш бўйича харажатларни қоплайди. Учинчи арбитрни тайинлаш билан боғлиқ харажатлар ва суднинг маъмурий харажатлари Аҳдлашувчи Томонлар тарафидан тенг миқдорда қопланади.
12-модда
Аввалги инвестициялар
Аввалги инвестициялар
Ушбу Битим, шунингдек у қонуний кучга киргунга қадар бир Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторлари бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида унинг қонунлари ва норматив ҳужжатларига мувофиқ амалга оширган инвестицияларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
13-модда
Кучга кириш ва давом этиш муддати
Кучга кириш ва давом этиш муддати
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида ратификация тўғрисидаги ҳужжатлар билан алмашилгандан сўнг кучга киради. Битим ўн (10) йил мобайнида амал қилади.
2. Исталган Аҳдлашувчи Томон ушбу Битимнинг амал қилиш муддати тугашидан камида олти ой аввал унинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида хабарнома топширгунга қадар ушбу Битим ўз-ўзидан кейинги ўн йиллик муддатга узайтирилади, бунда Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири Битимнинг жорий амал қилиш муддати тугашидан камида олти ой аввал билдиришнома юбориш йўли билан Битимнинг амал қилишини тўхтатиш ҳуқуқини сақлаб қолишига келишилди.
3. Ушбу Битимнинг амал қилиши тўхтатилган санага қадар амалга оширилган инвестициялар у амал қилиши тугатилган кундан бошлаб ўн йил мобайнида ушбу Битим билан тартибга солинади.
Шуни тасдиқлаш учун, тегишли Ҳукуматлар томонидан шунга лозим даражада ваколатланган қуйида имзо чекувчилар ушбу Битимни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 1998 йил 17 апрелда, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, француз, голланд ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил юридик кучга эгадир. Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда, инглиз тилидаги матн устувор кучга эга бўлади.
(имзолар)