Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Протокол
Иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш ҳамда даромад ва мол-мулк солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф этиш тўғрисида Битимга ўзгартишлар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Чехия Республикаси Ҳукумати,
2000 йил 2 мартда Прага шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш хамда даромад ва мол-мулк солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф этиш тўғрисида Битимга (бундан буён матнда «Битим» деб юритилади) ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Протокол қабул қилиш истагини билдириб,
куйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Битимнинг 7-моддаси 1-банди қуйидаги таҳрирда ўзгартирилади:
«1. Агар корхона ўз тадбиркорлик фаолиятини бошқа Аҳдлашувчи Давлатда ўша ерда жойлашган доимий муассаса орқали амалга оширмаётган бўлса, бир Аҳдлашувчи Давлат корхонасининг фойдаси фақат ана шу Давлатда солиққа тортилади. Агар корхона ўз фаолиятини юқорида айтилганидек амалга ошираётган бўлса, корхонанинг фойдаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатда фақат мазкур доимий муассаса фаолиятига тааллуқли қисмида солиққа тортилиши мумкин».
2-модда
1. 10-модданинг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Бироқ бундай дивидендлар уларни тўлаётган компания қайси Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, ушбу Давлатнинг қонунларига биноан ҳам солиққа тортилиши мумкин, аммо дивидендларнинг ҳақиқий эгаси бошқа Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлса, унда шу тарзда ундириладиган солиқнинг миқдори:
а) дивидендлар умумий миқдорининг 5 фоизидан ошмаслиги керак, агар ҳақиқий эга компания капиталининг камида 25 фоизига эга бўлган дивиденд тўлайдиган компания бўлса;
b) бошқа барча ҳолатларда дивидендлар умумий миқдорининг 10 фоизидан ошмаслиги керак.
Бу банд компаниянинг дивидендлар тўланадиган фойдасининг солиққа тортилишига дахл қилмайди.».
2. Битимнинг 10-моддаси 3-бандидаги «фойдани тақсимлайдиган» сўз бирикмаси «тўловни амалга оширадиган» сўз бирикмаси билан ўзгартирилади.
3-модда
1. Битим 11-моддаси 3-бандининг а) кичик банди қуйидагиларга ўзгартирилади:
«а) олинган ва қуйидагиларга тегишли бўлади:
(I) бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг Ҳукумати, маъмурий-ҳудудий бўлинмаси ёки маҳаллий ҳокимият органига, ушбу бошқа Давлатнинг Марказий банкига ёки бошқа Давлатнинг Ҳукуматига тегишли бўлган ёки у томонидан назорат қилинадиган исталган молиявий муассасага;
ёки
(II) бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг Ҳукумати, ушбу бошқа Давлатнинг Марказий банки ёки ушбу Ҳукуматга тегишли бўлган ёхуд у назорат қиладиган исталган молиявий муассаса томонидан кафолатланган ёки суғурталанган қарз ёки кредитга нисбатан бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига;»
2. Битимнинг 11-моддасининг 4-банди куйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:
«Фоизлар» атамаси 10-модданинг 3-банди қоидалари билан дивидендлар сифатида қараладиган ҳеч қандай даромад турларини ўз ичига олмайди.».
4-модда
Битимнинг 12-моддасининг 3-банди «видеокассеталар» сўзини «визуал ёки овозли такрор ҳосил қилишнинг исталган бошқа воситалари» сўз бирикмаси билан ўзгартирилсин.
5-модда
Битимнинг 13-моддаси 4-банди қуйидагича ўзгартирилсин:
«4. Аҳдлашувчи Давлат резиденти бошқа Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлган компаниянинг акцияларини учинчи шахсга беришдан ёки бошқа фоизлардан олган даромадлари ушбу Давлатда солиққа тортилиши мумкин.».
6-модда
Битимнинг 14-моддаси 1-банди b) кичик банди қуйидаги матнга алмаштирилсин:
«b) агар унинг бошқа Давлатда бўлиши тегишли молия йилида бошланадиган ёки тугайдиган исталган 12 ойлик даврда жами 183 кунни ташкил этадиган ёки ундан ошадиган давр ёхуд даврлар мобайнида давом этса; ушбу ҳолда унинг мазкур бошқа Давлатдаги фаолиятидан олинган даромад қисмигина солиққа тортилиши мумкин.».
7-модда
Битимнинг 23-моддаси куйидаги матнга ўзгартирилсин:
«23-модда. Иккиёқлама солиқ солишни бартараф этиш
1. Ўзбекистон резидентига нисбатан қўлланганда иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
Ўзбекистон резиденти ушбу Битим қоидаларига мувофиқ Чехия Республикасида солиққа тортилиши мумкин бўлган даромад олса ёки мол-мулкка эгалик қилса, Ўзбекистон:
а) ушбу резидент даромад солиғидан Чехияда тўланган даромад солиғига тенг суммани чегиришга;
b) ушбу резидентнинг мол-мулк солиғидан Чехияда тўланган мол-мулк солиғига тенг миқдорни чегиришга рухсат бериши керак.
Бундай чегирмалар ҳар қандай ҳолда чегиришгача ҳисобланган мазкур ҳолда ҳолатларга боғлиқ ҳолда Чехияда солиққа тортилиши мумкин бўлган даромад ёки мол-мулкка тааллуқли бўлган даромад ёки мол-мулк солиғи тегишли қисмидан ошмаслиги керак.
2. Чехия Республикаси қонун ҳужжатларининг Чехия Республикаси резидентига нисбатан иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олишга тааллуқли қоидаларини ҳисобга олган ҳолда иккиёқлама солиққа тортиш қуйидагича бартараф этилади:
Чехия Республикаси ўз резидентларидан солиқ ундиришда, мазкур Битим қоидаларига кўра Ўзбекистонда солиққа тортилиши мумкин бўлган даромад ёки мол-мулк турларидан олинадиган солиқларни солиқ базасига киритиши мумкин, бироқ ҳисобланган солиқ миқдоридан Ўзбекистонда тўланган солиққа тенг миқдорни ушбу базадан чегиришга рухсат беради.
Бундай чегирмалар ҳар қандай ҳолда Чехия солиғининг чегиришга қадар ҳисобланган, мазкур холда мазкур Битим қоидаларига мувофиқ Ўзбекистонда солиқ солиниши мумкин бўлган даромад ёки мол-мулкка тааллуқли бўлган қисмидан ошмаслиги керак.
3. Мазкур Битимнинг бирор-бир қоидасига мувофиқ Аҳдлашувчи Давлат резиденти эгалик қиладиган, олинган даромад ёки мол-мулк ушбу Давлатда солиққа тортишдан чиқарилган бўлсада, ушбу Давлат мазкур резидент даромади ёки мол-мулкининг қолган қисмига солиқ миқдорини ҳисоблаётганда солиқ солишдан чиқарилган даромад ёки мол-мулк миқдорини ҳисобга олиши мумкин.
4. Мазкур модданинг 1, 2 ва 3-бандлари мақсадлари учун Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резидентига тегишли бўлган. мазкур Битимга мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин бўлган резидент олган даромад ва унга тегишли мол-мулк ушбу бошқа Аҳдлашувчи Давлатдаги манбалардан олинган ва ушбу бошқа Давлатга тегишли деб ҳисобланади.».
8-модда
Битимнинг 27-моддаси қуйидаги таҳрирда ўзгартирилсин:
«27-модда. Ахборот алмашиш
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари ушбу Битим қоидаларини бажариш учун ёхуд Аҳдлашувчи Давлатлар ёки уларнинг маъмурий-ҳудудий бўлинмалари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари номидан ундириладиган ҳар қандай турдаги ва тавсифдаги солиқларга тааллуқли маъмуриятчилик ёки миллий қонун ҳужжатлари бўйича олиш мумкин бўлган ахборотни ушбу қонун ҳужжатлари бўйича солиқ солиш ушбу Битимга зид бўлмаган даражада алмашинадилар. Ахборот алмашиш 1 ва 2-моддалар билан чекланмайди.
2. Аҳдлашувчи Давлат томонидан мазкур модданинг 1-банди доирасида олинган ҳар қандай ахборот хам, шу Давлат ички қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган ахборот сингари, худди шу маънода махфий ҳисобланади ҳамда 1-бандда тилга олинган ёки юқорида кўрсатилганидек муайян солиқларни белгилаш ёки ундириш, мажбурий ундириш ёки суд орқали таъқиб қилиш ёхуд уларга нисбатан апелляцияларни кўриб чиқиш билан боғлик шахслар ёки органларгагина (шу жумладан судлар ва маъмурий органлар) очиб берилади. Бундай шахслар ёки органлар бу ахборотдан фақат шу мақсадларда фойдаланадилар. Улар ушбу ахборотни очиқ суд мажлиси вақтида ёки юридик қарорлар қабул қилиш чоғида очишлари мумкин.
3. Ҳеч қандай ҳолатда ҳам мазкур модданинг 1-банди қоидалари Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг зиммасига куйидаги мажбуриятларни юкловчи қоидалар сифатида талқин қилинмайди:
а) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатнинг ички қонунларига ёки маъмурий таомилига зид бўлган маъмурий чоралар ўтказиш;
b) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатнинг ички қонунларига кўра ёки маъмурий таомили давомида олиниши мумкин бўлмаган ахборотни тақдим этиш;
с) савдо, тадбиркорлик, саноат, тижорат ёки хизмат сирини ёхуд савдо жараёнини очиб берувчи ахборотни ёки очилиши давлат сиёсатига (жамоат тартибига) зид келиши мумкин бўлган ахборотни тақдим этиш.
4. Агар ахборот бир Аҳдлашувчи Давлат томонидан мазкур моддага мувофиқ сўралса, бошқа Аҳдлашувчи Давлат сўралган ахборотни ҳатто агар бундай ахборот ушбу бошқа Давлатга ўз солиқ мақсадлари учун талаб қилинмаса-да, олиш учун чора-тадбирларни кўриб, ўзининг ахборотидан фойдаланади. Бундан аввалги жумлада келтирилган мажбуриятлар мазкур модданинг 3-бандидаги чекловлар объекти ҳисобланади, бироқ ҳеч қандай ҳолда бундай чекловлар Аҳдлашувчи Давлатга унинг манфаатдорлиги йўқлиги сабабли ахборот тақдим этишдан бош тортишга рухсат беради деб қараш мумкин эмас.
5. Мазкур модданинг 3-банди бирорта қоидаси Аҳдлашувчи Давлатга фақат ахборотнинг эгаси банк ёки бошқа молиявий муассаса ёки ишончли вакил ҳисобланиши ёки ахборот шахснинг мулк ҳуқуқларига тегишли эканлиги сабабли ахборот тақдим этишдан воз кечишга рухсат беради деб қаралмаслиги керак.».
9-модда
Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳар бири ушбу Протоколнинг кучга кириши учун қонунчиликка мувофиқ талаб этиладиган процедураларни бажарилганлиги тўғрисида бир-бирларига дипломатик каналлар орқали хабардор қиладилар. Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланган ушбу Протокол охирги ана шундай хабарнома олинган кундан кучга киради ва иккала Давлатда Протокол кучга кирган йилдан кейинги календарь йилнинг 1 январидан ёки 1 январдан кейин бошланадиган солиқ даврлари мобайнида амал қилади.
Буни тасдиқлаш учун, бунга тегишли тартибда ваколат берилган қуйидаги имзо чекувчилар мазкур Протоколни имзоладилар.
Прага шаҳрида 2011 йил 8 декабрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, чех ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)