Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида
Протокол
Иқтисодий, савдо ва техникавий ҳамкорлик тўғрисида 2008 йил 17 мартда имзоланган Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида иқтисодий, савдо ва техник ҳамкорлик тўғрисида 2008 йил 17 мартда имзоланган Битимнинг (бундан кейин «Битим» деб юритилади) 12-моддасига мувофиқ,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Битим қуйидаги таҳрирдаги модда билан тўлдирилсин:
«1. Томонлар бир-бирларига ўз давлатлари ҳудудидан олиб келинадиган товарларнинг импорти ва экспорти билан боғлиқ эквивалент амалга эга бўлган божхона божлари ва худди шундай таъсирга эга бўлган солиқларга нисбатан энг қулай режим яратадилар.
2. Мазкур Модданинг 1-бандидаги қоидалар қуйидагиларга:
а) Томонлардан бири чегара олди савдосини ва чегара бўйи ташувларни енгиллаштириш мақсадида қўшни давлатларга бераётган имтиёзларга;
б) Томонлардан бирининг ҳозир ёки келажакда божхона иттифоқларида, эркин савдо зоналарида ёки ҳар қандай турдаги минтақавий иқтисодий уюшмаларда иштирок этиши муносабати билан учинчи давлатларга берилаётган имтиёзларга нисбатан қўлланилмайди.
3. Томонлар икки томонлама муносабатларда энг қулай режимни қўллаш иккала Томоннинг халқаро ва икки томонлама битимлари доирасидаги мажбуриятларига зид бўлмаслигини тасдиқлайдилар.
2-модда
Мазкур Протокол Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва Битимнинг 12-моддасига мувофиқ кучга киради.
Тошкент шаҳрида 2009 йил 11 июнда икки асл нусхада ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди ва бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Протокол қоидаларини талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)