Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида
Битим
Иқтисодий, савдо ва техникавий ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига асосланган ҳолда, икки мамлакатда амалда бўлган қонунларга мувофиқ, икки давлат ўртасида иқтисодий, савдо ва техникавий ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
1. Томонлар, икки мамлакатда амалда бўлган қонунларга асосан, ўзаро иқтисодий, савдо ва техникавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик қиладилар.
2. Ҳамкорлик қуйидаги соҳаларда амалга оширилади:
(а) Саноат;
(б) Қишлоқ хўжалиги;
(в) Транспорт;
(г) Телекоммуникация;
(д) Таълим;
(е) Илмий изланишлар;
(ё) Технология ва инновацион технологиялар;
(ж) Туризм, ва
(з) Инвестициялар.
2-модда
Томонлар, икки давлат ўртасидаги савдо оқимининг ўсишини қўллаб-қувватлайдилар ва ушбу Битимда белгиланган соҳаларда ҳамкорликни таъминлаш ва уларни молиялаштириш масалаларига тегишли ҳукумат органлари ва ишбилармонлар доираси вакилларига амалий ёрдам кўрсатадилар.
3-модда
Томонларнинг миллий қонунчилигига асосан уларнинг хўжалик юритувчи субъектлари мазкур Битим доирасида амалга оширадиган барча тўловлар, эркин муомаладаги валютада амалга оширилади.
4-модда
1. Ҳар бир Томон ўз давлати ҳудудида ўтказиладиган халқаро кўргазмаларда, конференцияларда, семинарларда, савдо кўргазмаларида ва бошқа анжуманларда иккинчи Томоннинг жисмоний ва юридик шахсларининг иштирок этишини рағбатлантиради.
2. Ҳар бир Томон иккинчи Томон тижорат делегацияларини алмашинувини амалга оширишда кўмаклашади.
5-модда
1. Томонлар қўшма лойиҳалар орқали икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни амалга оширилишини қўллаб-қувватлайдилар.
2. Мазкур Битимга асосан ҳар бир Томон икки давлатнинг юридик ва жисмоний шахслари ўртасидаги савдо ва техникавий ҳамкорликни ривожлантириш учун барча чора-тадбирларни, экспертлар, олимлар, техниклар, талабалар ва шу соҳа мутахассисларининг ўзаро алмашинувини амалга оширади, илмий изланиш ва бошқа ҳамкорлик соҳаларида ёрдам беради.
6-модда
Томонлар ўзларининг амалдаги қонун ва қоидаларига мувофиқ, вақтинчалик омборхонада сақлаш, реэкспорт қилиш ва юк ташиш учун қулай муҳитни яратадилар.
7-модда
1. Мазкур Битимга асосан Томонлар вакилларидан иборат кейинчалик «Қўшма қўмита» деб аталувчи Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Қўшма қўмитаси тузилади.
2. Қўшма қўмита фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардир:
(а) Ушбу Битимда белгиланган соҳаларда маълум натижаларга эришиш.
(б) Икки мамлакат хусусий секторлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш.
(в) Икки мамлакат ўртасида қўшма инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилишини рағбатлантириш.
(г) Томонлар ўртасида савдо-иқтисодий, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида турли метод ва усулларни татбиқ қилиш.
(д) Икки мамлакатдаги тегишли идоралар ўртасида маълумотлар алмашиш ва ўзаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш орқали савдо, инвестиция, техника ва технология соҳаларида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш.
(е) Ушбу Битимнинг қўлланиши ва талқин этилиши билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш.
(ж) Ушбу Битимнинг татбиқ қилиниши юзасидан таклифлар бериш ва уларни қўллаш.
(з) Ушбу Битимда белгиланган соҳаларда ёки Томонлар билан келишилган бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш.
3. Қўшма қўмитанинг йиғилишлари навбатма-навбат Томонлардан бирининг ташаббуси ва иккинчи Томоннинг розилиги билан Томонлар ҳудудида ўтказилади.
4. Қўшма қўмита ўзаро манфаатли соҳалар бўйича ихтисослашган алоҳида кичик қўмиталарни ташкил этиши мумкин. Ушбу кичик қўмиталарнинг йиғилишлари Қўшма қўмита томонидан мувофиқлаштирилади.
5. Томонларнинг розилиги билан уларнинг ишбилармонлар доираси вакиллари зарур ҳолда Қўшма қўмитанинг иш фаолиятида қатнашадилар.
6. Ушбу Битимда белгиланган соҳалардаги ҳамкорликни амалга ошириш учун Қўшма қўмитанинг таклифлари Томонларнинг ички қонунчилиги ва улар имзолаган халқаро шартномалар асосида амалга оширилади.
8-модда
1. Ушбу Битимга Ўзбекистон Республикаси ёки Бирлашган Араб Амирликлари томонидан учинчи давлат, минтақавий ёки халқаро иқтисодий ташкилотлар билан ўзаро имзоланган меморандум, шартнома ва битимлардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар таъсир қилмайди.
2. Томонларнинг хўжалик фаолиятини юритувчи субъектлари ўртасида тузилган шартномаларга асосан, Томонлар уларнинг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан имзоланган шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича жавобгар бўлмайдилар.
9-модда
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллаш бўйича келишмовчиликлар пайдо бўлган ҳолда Томонлар уларни ўзаро маслаҳатлашув ва музокаралар йўли билан ҳал этадилар.
10-модда
Ушбу Битим Томонлардан бирининг бошқа Томонни ушбу Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларни бажарганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарномани олган кундан бошлаб кучга киради.
11-модда
1. Мазкур Битим кучга киргандан сўнг беш йил давомида амал қилади ва Томонлардан биронтаси ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги нияти ҳақида бошқа Томонни тегишли беш йиллик муддат тугашидан камида олти ой илгари ёзма равишда дипломатик каналлар орқали хабардор қилмаса, у ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узайтирилаверади.
2. Мазкур Битимнинг амал қилиши тўхтатилган ҳолда, унинг қоидалари Битим амалда бўлган даврда тузилган шартномалар ва уларнинг ижроси тўлиқ бажарилгунга қадар амал қилади.
12-модда
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин, Томонлар бир-бирларига лозим бўлган давлат ички процедураларни бажарганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарномани берганларидан сўнг ўзгартиш ва қўшимчалар кучга киради.
Ушбуни тасдиқлаб, қуйидаги вакиллар тегишлича ўз ҳукуматлари томонидан берилган ваколатга эга бўлган ҳолда мазкур Битимни имзоладилар.
Абу Даби шаҳрида 2008 йил 17 мартда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устувор кучга эга ҳисобланади.
(имзолар)